Таъмини кўрингу тадбиркорга тасанно денг

/
Самарқанд вилоятидаги “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки “Голд Азим инвест” корхонаси учун навбатдаги салмоқли кредит маблағларини ҳеч иккиланмай ажратишга қарор қилди. Боиси, мазкур тадбиркорлик субъекти тижорат банкининг молиявий кўмагида ўз ишлаб чиқаришини тинимсиз кўпайтиришга, янги иш ўринлари яратишга ва даромадлар миқдорини сезиларли даражада оширишга муваффақ бўлмоқда.
Вилоятдаги фермер хўжаликларидан келтирилаётган сутни қайта ишлашга мўлжалланган “Голд Азим инвест” кичик корхонаси банк кўмагида модернизациялаштирилгани туфайли истеъмол бозорига фақат сифатли маҳсулот чиқармоқда. Буюртмачилар рўйхатида нафақат Самарқанд, балки Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро сингари вилоятлар савдо шохобчалари ҳам борлиги корхона маҳсулотларига талаб кундан-кунга ортиб бораётганлигидан далолат беради.
— Газланган айрон, пишлоқ қаламчаларидан ташқари яқин орада истеъмол бозорида янгилик ҳисобланган совитилган қаҳвани қадоқлаб ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз, — дейди корхона раҳбари Тоҳир Атақурбонов. — Бу борада кимлар билан, қай тарзда ҳамкорлик қилиш мумкинлиги ҳақидаги зарур маълумотларни интернет тармоғидан олдик. Талаб этиладиган технология учун банк кредити тайёр. Гап ишни тезроқ бошлаб янги маҳсулотни истеъмолчиларга манзур эта олишда.
Дарвоқе, самарқандлик тадбиркорнинг таъкидлашича, юртимизда озиқ-овқат захираларини кенгайтириш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш борасида салмоқли ютуқларга эришилмоқда. Бу эса, энг аввало, соҳада банд бўлган кичик бизнес корхоналарига яратиб берилган шарт-шароитлар ва молиявий қўллаб-қувватлашлар туфайлидир. Биргина “Голд Азим инвест”да ишлаб чиқаришни кенгайтириш натижасида ўнта янги иш ўрни яратилиб, бир неча ўн миллион сўмлик қўшимча маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилди. Корхона мутахассисларининг таъкидлашларича, фермер ва деҳқон хўжаликлари билан маҳсулот етказиб бериш бўйича тузилган шартнома мажбуриятларига бекаму кўст амал қилиниши, тўлов интизоми пухта йўлга қўйилгани ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлиб, сифатни таъминлашда қўл келмоқда. Демак, ишлаб чиқарувчиларнинг ўзаро ҳамкорлигидан дастурхонимизнинг файзу баракаси янада ортади.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Ғузор туман кенгаши фаоллари ҳам маҳаллаларда бўлиб, муаммо ва камчиликларни жойида ҳал этишга интилмоқдалар....
01 янв 1970
Сўлим табиати, мусаффо ҳавоси, айниқса, ерининг унумдорлиги жиҳатидан Фарғона жаннатмонанд юртимизнинг бетакрор гўшаларидан биридир. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон миллий матбуот марказида 2019 йил 13 март куни Халқ банки томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. ...
01 янв 1970
Тоза табиатни асраш, атроф-муҳитга эътиборли бўлиш, ободонлаштириш ишларини кенгайтириш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, самарали фойдаланиш бугун...