Таклифлар инобатга олинди

/
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичида миллий парламентимизни ҳақиқий демократия мактабига айлантириш сари муҳим қадамлар ташланмоқда. Буни айниқса, қонун лойиҳаларини парламентда муҳокама этиш ва қабул қилишда фракцияларнинг ўрни, уларнинг партиявий ёндашуви ва қатъий позицияси сезила бошлаётгани мисолида кўриш мумкин.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини рўёбга чиқариш доирасида ишлаб чиқилган қатор қонун лойиҳалари иккинчи ўқишда кўриб чиқилди ва қабул қилинди. Муҳокамалар жараёнида сиёсий партияларнинг фракциялари ўз электорати манфаатлари ва сайловолди дастурида илгари сурилган устувор вазифаларидан келиб чиқиб, баҳс-мунозара, принципиал тортишувлар асосида ўз позицион таклифларини илгари сурдилар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳам қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқиш асносида позицион таклифларини дастлаб фракция йиғилишида, кейин палатанинг ялпи мажлисида илгари сурдилар. Натижада қонун лойиҳаларига фракция томонидан билдирилган бир қатор таклифлар киритилишига эришилди. Биз фракция аъзоларининг бу ҳақдаги фикрлари билан қизиқдик.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Бир гуруҳ депутатлар томонидан киритилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маромига етказиб, қабул қилишда фракциядошларимиз алоҳида жонбозлик кўрсатдилар.
Хусусан, фракциямиз мазкур қонун Сайловолди дастуримизда белгиланган устувор вазифаларга мос эканлигини, шунингдек, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини, улар орқали шу корхоналарда ишлаётган ишчилар, яъни партиямиз электорати манфаатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлидаги яна бир муҳим ҳуқуқий асос деб ҳисоблаган ҳолда қонун лойиҳасини такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратди. Бинобарин, партиямиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи демократик институтларнинг жамият ҳаётидаги ролини янада ошириш тарафдори саналади.
Ҳудудларда бўлиб, халқ билан бевосита мулоқотлар давомида ҳам тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг фикрларини эшитдик ва улар шу даражадаги ҳимоячига муҳтожлигига амин бўлдик.
Умуман, мазкур қонун лойиҳасида янги ташкил этиладиган Бизнес омбудсманга тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ва назорат органлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш каби ваколатларни бериш назарда тутилмоқда.
Энг асосийси, қонунга мувофиқ тадбиркорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича Вакил давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан мустақил равишда ўз фаолиятини эркин амалга оширади. У фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида ҳисобдор саналади. Бу тадбиркорларнинг ҳимоясида шахсан давлат раҳбари – Президент турганини англатади ва улардаги ишончни янада мустаҳкамлайди.
Умуман, мазкур қонуннинг қабул қилиниши мазмун жиҳатидан мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг янги босқичини бошлаб беради.
Муҳокамалар давомида фракциямиз аъзолари томонидан қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш борасида қатор таклифлар илгари сурилди. Айниқса, мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш юзасидан ўтказилган ишчи гуруҳи йиғилишларида фракциядошларимиз бевосита иштирок этиб, аниқ таклифлар билдирдилар ва улар қонун лойиҳасига киритилди.
Хусусан, фракциямиз аъзолари томонидан инсон ҳуқуқлари устуворлигидан келиб чиқиб, тадбиркорларни ҳам, аввало, инсон сифатида ҳимоя қилиш мақсадида ўта муҳим қоиданинг қонунда акс этишига эришилди. Яъни тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ҳуқуқлари акс этган қонуннинг 8-моддасига тадбиркорларни ҳимоя қилиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари – иқтисодий жиноятлар бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки маҳкум бўлса, улар билан учрашиш учун жазони ижро этиш муассасасига монеликсиз кириш ҳуқуқини кафолатловчи қоида киритилди.
Умид СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида фракциямиз аъзолари фаол қатнашиб, ушбу лойиҳани янада такомиллаштириш, унинг халқчил ва мукаммал бўлишини таъминлаш мақсадида бир қатор позицион таклифлар билдирилди. Ушбу таклифлар ишчи гуруҳ, жумладан, қонун ташаббускорлари томонидан тўлиқ қабул қилинди.
Хусусан, фракциямизнинг қонун лойиҳаси таъсир доирасини кенгайтиришга доир таклифи инобатга олиниб, маҳалла институтига ҳам ушбу қонун талаблари мажбурийлиги белгилаб қўйилди.
Қонун лойиҳасининг биринчи ўқувга тақдим этилган таҳририда мурожаатларнинг шакллари аниқ белгилаб берилмаганлиги фракциядошларимиз томонидан асослантирилгани боис қонун лойиҳасида мурожаатларнинг шаклларини, яъни мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда бўлиши мумкинлиги ҳақида янги норма киритилишига эришилди.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасида электрон мурожаатларнинг идентификациялаш имконияти мавжуд бўлиши лозимлиги белгилаб қўйилган эди. Бироқ ишчи гуруҳ аъзолари, шу жумладан, қонун ташаббускорларига электрон мурожаатларнинг идентификация қилиш усуллари ва уларнинг белгилари нимадан иборат бўлиши лозимлиги ҳақида савол берилганида улар ушбу саволга асослантирилган жавоб бера олишмади. Шунинг учун фуқароларга бугунги ахборот-коммуникация технологиялари ривожланаётган даврда электрон мурожаат қилишларида қулайликлар яратиб бериш мақсадида бундай ортиқча талаблар фракциямиз ҳаракати билан лойиҳадан чиқариб ташланди. Шунингдек, видеомурожаатларга қўйилган талаблар ҳам анчагина соддалаштирилишига эришилди.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Фракциямиз томонидан “Болаларни уларнинг соғлиғига ва маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомилига етказиш юзасидан берилган таклифларнинг аксарияти инобатга олинди. Хусусан, қонун лойиҳасининг 3-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, қонуннинг амал қилиши илмий, илмий-техникавий, статистик ахборотни ўз ичига олган ёки жамият учун тарихий, бадиий ёхуд маданий аҳамиятга эга бўлган бошқа ахборот маҳсулоти айланиши соҳасидаги муносабатларга татбиқ этилмаслиги белгиланди. Ваҳоланки, биринчи ўқишда таклиф қилинган қонун лойиҳасида бадиий ва бошқа маданий аҳамиятга эга бўлган ахборотларга ҳам чеклов қўйилиши кўзда тутилган эди. Бу билан қанчадан-қанча бадиий асарлар ёки маданий қийматга эга санъат намуналари ҳам болалар соғлиғига зарар етказиши мумкин деган қолип билан чекловга тушиши мумкин эди. Шу боис партиямиз мазкур масалада аниқ фикрини билдириб, ўз таклифларини тақдим этди. Натижада қонун лойиҳасига ўзгартириш киритилиб тарихий, бадиий ёхуд маданий аҳамиятга эга бўлган бошқа ахборот маҳсулоти оқими эркинлигини таъминлаш кўзда тутилди.
Таъкидлаш лозимки, қонун лойиҳасида болаларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Биринчи ўқишга киритилган лойиҳада соғлиқни сақлаш муассасаларининг иштироки кўзда тутилмаган эди. Бироқ фракциямиз томонидан бу жараёнда соғлиқни сақлаш тизимининг алоҳида ўрни ва иштироки бўлиши кераклиги билдирилди. Натижада қонун лойиҳасининг 7-моддасига киритилган ўзгартиришга асосан соғлиқни сақлаш муассасалари болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилувчи орган ва муассасалар тизимига киритилди.
Ўткир ХОЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам фракциядошларимиз томонидан қизғин муҳокама қилиниб, уни такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.
Фракциямиз томонидан қонун лойиҳасининг 2-моддасига Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган ҳолларда халқаро шартнома қоидалари қўлланилиши тўғрисида киритилган таклиф инобатга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги қарорида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш ва унда ҳуқуқий ахборотларни тарқатишнинг яхлит тизимини шакллантириш вазифаси белгиланган бўлиб, у ижрочилар томонидан турлича талқин этилмаслиги учун қарорнинг 1-иловасида қонун ҳужжатларини тарқатиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ва ижрочиларга тушунтириш схемаси ҳам ишлаб чиқилган.
Шундан келиб чиқиб, фракциямиз томонидан қонун лойиҳасининг 2-боби, яъни ҳуқуқий ахборотни тарқатишни амалга оширувчи ва ундан фойдаланилишини таъминловчи органларни мазкур схемага мувофиқ ҳолатга келтириш таклифи илгари сурилди ҳамда ушбу таклиф олинди.
Мухтасар айтганда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилаётган ҳар бир қонун лойиҳаси Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан илгари сурилаётган таклифлар асосида ҳам такомилига етказилиб, уларда жамиятнинг кенг қатлами манфаатлари ифода этилишига эришилмоқда.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамият қур...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Жамиятда ўз ўрнини, сайловчилар ишончини қозонишни истаган партия ўз электорати манфаатлари учун хизмат қиладиган ғоялар, таклифларни илгари су...
01 янв 1970
2020 йил 22 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекис­тон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...