2.898.600 сўмлик асоссиз қарздорлик олиб ташланди

/
Бир қарашда йўлсозлик, коммунал хизматларга доир масалалар фуқаролар мурожаатларида тез-тез қайд этиб туриладиган, қонун доирасида кечиктирмай ҳал этилиши талаб қилинаётган муаммолар саналади. Бироқ бошқарувда ҳисобдорлик ва ижро интизоми етишмаган жойда мурожаат ўз манзилини топмай, ёзишмалар давом этиб келаётган эди. Депутат масалага аралашиб, ижрони ўз назоратига олганидан сўнг муаммоларга бирин-кетин ечим топилди.
Халқ депутатлари Тайлоқ туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Нилуфар Акрамованинг фуқаролар мурожаатига муносабати хусусида шундай дейиш мумкин. Депутат туманнинг “Давлатобод” қишлоғидаги бир гуруҳ фуқаролар билан мулоқоти чоғида йўлсозлик соҳасидаги ҳақли эътирозларни эшитиб, қўйилган муаммони жойига чиқиб ўрганди.
Чиндан ҳам қишлоқ орқали ўтувчи “Давлатобод — Ургут” йўлининг 6 километрлик қисми узоқ вақтдан буён таъмирталаб бўлиб келаётгани сабабли пиёдалар ва жамоат транспорти қатновида бир қатор муаммолар пайдо бўлаётган эди.
Партия депутати ушбу масала, аввало, халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли доимий комиссиясида кўриб чиқилишига эришди. Масалага дахлдор йўлсозлик, ободонлаштириш ва молия идоралари вакилларининг ҳар биридан аниқ муносабат, ижро муддати ва имкониятлар ҳақида маълумотлар олинди. Пировардида масала халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида кўрилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Орадан кўп ўтмай “Давлатобод” қишлоғи йўли асфальтланди. Қаранг, турмуш ободлиги сари қўйилган қадам кўнгил ободлигига боис бўлди. Қишлоқ аҳли асфальт йўл бўйидаги уйларининг олдида гулу гулзорлар барпо этишди. Чиройли, шинам ўриндиқлар ўрнатиб чиқишди.
Каттақўрғон шаҳар партия кенгаши билан яқин ҳамкорликда ишлаётган депутатлик гуруҳининг ижтимоий масалаларга нисбатан ҳозиржавоблиги ҳам эътиборга лойиқ.
Хусусан, халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгаши депутати М.Муродова ҳудудда партиянинг мунтазам фаолият юритаётган “Адолат” қабулхонаси орқали кўплаб сайловчилар билан учрашиб, уларга ўз ваколати доирасида амалий ёрдам бериб келмоқда. Чунончи, шаҳардаги “Бўстон” кўчаси 22-уйда яшовчи фуқаро Даврон Жумаев депутатга оилавий тадбиркорликни бошлаш учун микрокредит олишда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган эди. Мутасадди муассасага киритилган депутатлик сўрови икки кунда ҳал этилиб, тижорат банки томонидан Д.Жумаевга кредит ажратилди.
Табиий газ ва электр энергиясидан фойдаланганлик учун тўловларни амалга ошириш чоғида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш партия депутатларининг эътиборида, назоратида бўлиб келаётган масалалардан бири ҳисобланади. Хусусан, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Инобат Ҳасанова бу борада истеъмолчининг асосли мурожаатини қонуний ўрганиб, ҳал этишга интилмоқда.
Самарқанд шаҳрининг “ўиёсиддин Жамшид” кўчаси 12-уйда яшовчи фуқаро Ҳ.Мўминов билан мулоқот чоғида депутат “Марказгазтаъминот” УК шаҳар филиали томонидан мижоз ҳисобига 2.898.600 сўм асоссиз қарздорлик “тиркаб” қўйилганлигидан хабар топди. Депутат истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти шаҳар бўлими, “Самарқандшаҳаргаз” филиали вакиллари иштирокида мижоз эътирозини ўрганиб чиқиб, унинг эътирози ҳақли эканини аниқлади ва тегишли далолатнома тузилиб, масала истеъмолчи фойдасига ҳал этилди. Тўловларни амалга оширишда ҳар бир мижознинг қонуний манфаатларига риоя этилиши депутат назоратига олинди.
Шаҳарнинг “Мирзо Улуғбек” кўчасидаги “Samsung” маиший-рўзғор техникалари дўконидан “Artel” кондиционерини 2 миллион 58 минг сўм нақд пулга сотиб олиб, носоз техникани кимга қайтариб беришни билмай овора бўлиб юрган фуқаро Зарнигор Баҳриеванинг депутат Инобат Ҳасановага мурожаати иш берди. “Samsung” дўкони сотувчилари “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларидан хабардор қилингач, улар сифатсиз кондиционерни қайтариб олиб, мижозга 2 миллион 58 минг сўм пулини қайтариб беришди.
Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Нодира Баротова фуқароларни ўйлантираётган ҳар бир мурожаатни ваколат доирасидан кечиктирмай ҳал этишга интилаётгани ва бу борада маҳаллий бошқарув, хизмат кўрсатиш идоралари раҳбарларидан зарур масъулият, интизом талаб қилаётгани ибратлидир. Хусусан, туманнинг “Тепакўл” маҳалласида яшовчи Зулхумор Сафарова депутатга оилавий аҳволи қийинлиги боис моддий ёрдам кўрсатишда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган эди. Депутат ушбу мурожаатни маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б.Нормуродовни жалб этган ҳолда ўрганиб чиқиб, ариза эгасига зарур моддий нафақа тайинланишига эришди. Ёки “Саҳоба” маҳалласида яшовчи Ҳукум ўаффорованинг оилавий муаммоси тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан вақтида ўрганилиб, ижобий ҳал этилишида ҳам депутатлик назорати ўз натижасини кўрсатди.
Демак, фуқаро учун муносиб турмуш шароитини таъминлаш, жамиятдаги ижтимоий ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш ва бу борадаги ислоҳотлар жараёнида ташаббускор бўлишга интилаётган депутат сайловчилар ва электорат ишончини оқламоқда. Жамоатчилик назоратини йўлга қўйишда, ҳар бир маҳалла, идора ва ташкилотда ижтимоий тартиб ва адолат ўрнатилишини таъминлашга кўмаклашмоқда. Бу “Адолат” СДПнинг сиёсий позициясига тўла мос келиши ва партиянинг ўз депутатлари орқали жамият ҳаётига чуқурроқ кириб бораётганидан далолат беради.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топишда бошланғич партия ташкилотларининг алоҳида ўрни бор. &nbs...
01 янв 1970
Беғараз донорлик акцияси партия аъзолари, хайрихоҳлар ва кўнгилли юртдошларимиз фаоллигида ўтди...
01 янв 1970
Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида Тошкент вилоятида қурилиб, фойдаланишга топширилган кутубхоналар сони яна битт...
01 янв 1970
Наримон Умаровнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили, навбатдаги учрашувни Янгиқўрғон тумани сайловчилари билан ўтказди....