Оилавий муҳит барқарор бўлсин десангиз

/
Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтди.
НАМАНГАН. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида хотин-қизларимизни барча жабҳаларда ижтимоий фойдали фаолиятга жалб этиш, юқори билим ва касбий маҳоратга эга аёллар учун янада кенгроқ имкониятлар яратиб бериш жамиятнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиши лозимлиги белгиланган. Айниқса, оила мустаҳкамлигини таъминлашда, болалар тарбиясида, уларнинг миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топишида оналаримизнинг хизматлари катта.
— Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан “Адолатли қайнона” республика кўрик-танлови ўтказилишида айнан шу жиҳатлар назарда тутилган, — дейди Наманган вилоят партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Исроил Жўраев. — Кўрик-танлов жараёнида ҳар жиҳатдан фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсатаётган, савияси, сиёсий онги юқори, хонадонларида тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган аёллар рағбатлантирилмоқда.
Мазкур танловнинг Наманган шаҳрида ўтказилган вилоят босқичида иштирокчилар ўзларининг оила, маҳалла ва меҳнат фаолиятида эришган ютуқлари, етакчилик ва нотиқлик қобилиятларига, оилавий қадриятлар ҳақидаги чуқур тасаввурларга эга эканликларини ҳамда маданият, маънавий-маърифатни янада юксалтириш орқали тарбиянинг энг самарали мақбул усулларини излаб топа олиш каби сифатларини кўрсатдилар.
Якуний натижаларга кўра, биринчи ўрин ва республика босқичида қатнашиш ҳуқуқи Чортоқ тумани вакили Ҳамрохон Эминозуновага насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринларга эса тўрақўрғонлик Мавлуда Розиқова ҳамда Наманган туманидан Башорат Ҳайитбоева сазовор бўлишди.
Шуни айтиш керакки, кўрик-танловнинг энг ёши улуғ қатнашчиси Ҳамрохон ая ҳозир саксон ёшда. Умр йўлдоши вафот этганидан сўнг Ҳамрохон ая фарзандлар тарбиясини қўлга олган, етти ўғил-қизи замонамизнинг муносиб кишилари бўлиб етишиши учун бутун куч, билим ва ғайратини сарфлаган.
— Аёллар, айниқса, қайноналарни бугунги кунда хонадондаги маънавий муҳит учун жавобгар, деб ҳисоблайман, — дейди Ҳамрохон ая. — Шунинг учун кўп нарса уларнинг оқилалигига, ишнинг кўзини билишига, ҳар бир ишда, муомала-муносабатда адолатли бўлишларига боғлиқ.
ТОШКЕНТ ШАҲАР. Оила халқимизнинг эзгу урф-одатлари сайқал топадиган, келажак авлод камолотига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия масканидир. Хонадоннинг ёши улуғлари, қайноналар аҳиллик, оилада тинч-тотувлик, маҳалла ва қўни-қўшнилар билан ҳамжиҳатлик ришталарини боғловчи, кўпни кўрган инсонлардир.
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида ўтказилган “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг шаҳар босқичида шулар хусусида ҳам сўз юритилди.
Танлов ҳайъати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Иброҳимбекованинг таъкидлашича, қайнона ва келин ўртасидаги муносабат нафақат бир оила, маҳаллада, балки бутун жамиятдаги ахлоқий, тарбиявий жараёнларга таъсир кўрсатади. Шу боис ёшларга ҳаётнинг паст-баланди ҳақида маслаҳат бериш, хато ва камчиликларни биргаликда бартараф этиш, энг муҳими, оилада соғлом муҳитни асраш, ажримларнинг олдини олишда, айниқса, қайноналарнинг ўрни катта.
Якуний натижаларга кўра, Яккасарой туманидаги “Абдулла Қаҳҳор” маҳалласи иштирокчиси Карима Таниқулова танловнинг республика босқичига йўлланма олди, Учтепа тумани иштирокчиси Шарифа Алимова, Чилонзор тумани “Гавҳар” маҳалласи маслаҳатчиси Муаттар Ҳамроева 2, 3-ўринларни эгаллашга муваффақ бўлишди.
— Уч келиним бор, барчамиз бир хонадонда аҳил-иноқ яшаймиз, — дейди Муаттар Ҳамроева. — Келинларим жуда тарбияли, саришта ва меҳнатсевар, каттаю кичикка ҳурмат билан муомалада бўлишади, маҳалладаги тадбирларда доим фаол қатнашиб, маҳалла аҳли орасида ҳурмат қозонишган. Фарзандларимга оилада тарози палласи тенг бўлган тақдирда қут-барака, аҳиллик асло йўқолмайди, деб уқтириб келаман.
“Адолатли қайнона” кўрик-танлови аёлларнинг оила ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга, ёшларда оилани қадрлаш туйғусини оширишга, энг муҳими, фарзандларимизнинг баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилади.
Н.АБДУЛЛАЕВ, Ф.ЖЎРАЕВ,
“Adolat” мухбирлари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Чироқчи туманидаги “Умакай” қишлоғида ўн тўрт ярим мингдан зиёд аҳоли яшайди. Албатта, катта ҳудуддаги ҳар бир қишлоқнинг ўзига яраша қ...
01 янв 1970
Андижонда Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгашининг 2019 йил якунлари муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Танқидий руҳда...
01 янв 1970
“Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси саҳифаларида сафдошларимизнинг Сайловолди дастурини амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, жойларда...
01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили