Бор меҳримиз сенга, болажон!

/
Беғараз донорлик акцияси партия аъзолари, хайрихоҳлар ва кўнгилли юртдошларимиз фаоллигида ўтди
Боланинг бегонаси бўлмайди. Бу мурғак қалбнинг шодон кулгиси учун дунёни бахшида этсанг арзийди. Ҳар бир ота-она фарзандининг соғлом, бақувват бўлишини, ҳеч кимдан кам бўлмаслигини, яхши ўқиб, комил инсон бўлишини хоҳлайди. Халқимиз асл бахтни фарзандлари саломатлиги, бахту камолида деб билади. Лекин бу ҳаёт. Унинг турли синовлари, ўнқир-чўнқирлари бор. Бирор дардга йўлиққан болажонларнинг саломатлиги учун курашиш, уларнинг оёққа туриши учун бор имкониятини ишга солишга тайёр турган ота-она учун бу истакнинг амалга ошиши ҳаёт-мамот масаласи.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этган хайрли ташаббуси айни мана шу эзгу мақсадга қаратилгани билан юртдошларимиз кўнглидан жой олди, қизиқишларига сабаб бўлди.
“Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги беғараз донорлик акцияси юзлаб партия фаоллари, депутатлари ва кўнгиллиларни бир мақсад йўлида бирлаштирди. Тошкент шаҳридаги Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида ўтказилган беғараз донорлик акциясига ташриф буюрган ҳар бир иштирокчининг кўнглида мурғак болажонларимиз ҳеч қачон касал бўлишмасин, кўзлари ёшланмасин, умрлари узоқ бўлсин, Ватанимиз корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб вояга етишсин, деган эзгу туйғу жўш урди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон “Адолат” СДП мамлакатимизда барча соҳаларда изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, турли фавқулодда вазиятларда аҳолига тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Партиянинг дастурий мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудида ташкил этилган донорлик акциясида партия Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия фаоллари, хайрихоҳлар ва кўнгилли юртдошларимиз донор сифатида иштирок этишди.
“Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидаги кўп тармоқли болалар шифохоналарида ҳамда Тошкент шаҳридаги Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида ўтказилган беғараз донорлик акциясида турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган юртдошларимиз ихтиёрий равишда қон топширдилар.
Беғараз донорлик акцияси доирасида партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши томонидан Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида даволанаётган бемор болажонларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, дунёқарашини бойитиш, уларда китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида партиянинг бошланғич ташкилоти хонасида алоҳида кутубхона ташкил этилиб, у 300 дан ортиқ ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги болалар адабиётлари билан тўлдирилди ҳамда шахмат-шашка жамланмалари совға қилинди.
Таассурот ва хулосалар
Абдукамол РАХМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Халқимизда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат туйғулари ҳамиша қадрланган. Айниқса, ўзбек халқи бемор ҳолидан хабар олиш, уларга кўмак кўрсатишни инсонийлик бурчи деб билади. Агар бемор кўзимизнинг оқу қораси бўлган фарзандларимиз бўлса, бу масъулият янада кучаяди. Юртимизнинг барча ҳудудидаги болалар кўп тармоқли шифохоналарида даволанаётган болажонларнинг соғайиб, оёққа туриб кетиши учун дори-дармонлар билан бир қаторда қон ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Кўнгилли инсоннинг болалар учун топширган қони бемор дардига шифо бўлиб, унинг ҳаётга бўлган ишончини оширади. Шу боис партиямиз болажонларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, муборак рамазон ойида хайрли ишга қўл уриш мақсадида донорлик акциясини ташкил этди. Ўйлаймизки, партиямиз ташаббусини халқимиз, хайрихоҳларимиз қўллаб-қувватлашди, акция уларда яхши таассурот қолдирди. Буни ушбу акцияда республика бўйича кўплаб юртдошларимиз беғараз донорлик қилганидан ҳам англаш қийин эмас.
Аълонур САИДОВ,
Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти директори:

— Акция давомида муассасамиз мутахассислари иштирокчиларга қон топшириш имкониятлари ҳамда хавфсизлиги, унинг бошқа инсонлар ҳаётига зарурлиги ҳамда саломатлик учун фойдали жиҳатлари ҳақида тушунчалар беришди. Дарҳақиқат, қон бу – ҳаёт, инсон тириклигининг асоси ҳисобланади. Унинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. Тиббиётда турли хил касалликлар, шунингдек, фавқулодда жароҳат олган инсонлар, айниқса, жажжи болажонлар кўп қон йўқотиши натижасида уларнинг ҳаёти қил устида бўлиб қолади. Бундай беморларни малакали мутахассислар жаҳон андозаларига мос тажрибалар асосида даволаш баробарида донорларнинг беминнат ёрдамига ҳам таянадилар.
Шу нуқтаи назардан бугунги акция давомида донорлар томонидан беғараз топширилган қонлар тиббиёт муассасамизда даволанаётган бемор болажонларнинг тезроқ соғайишига жуда катта ҳисса бўлади.
Людмила КОШЕЛАПОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ушбу донорлик акциясида иштирок этиб, жажжи болажонларимиз саломатлиги тикланиши учун ҳисса қўшишни инсонийлик ва партиявий бурчим деб билдим. Чунки бемор болалар ва уларнинг ота-онаси учун биз топширган қон қанчалик муҳимлигини яхши биламан. Тилагим, ҳеч кимнинг боласи касал бўлмасин, мамлакатимиз болалари ҳеч кимдан кам бўлмасин, ҳар доим юртимиз узра болалар кулгиси жаранглаб турсин.
Темур МАМИНОВ,
тадбиркор:

— Шундай акция бўлаётганини радиодан эшитиб қолдим. Жажжи ука-сингилларимнинг соғайиб кетишига ҳиссам қўшилсин деган ниятда бу ерга шошилдим. Агар болажонларга ёрдамим теккан бўлса, жуда бахтиёрман. Ушбу акцияда иштирок этганим учун партия томонидан ташаккурнома беришди. Бу хайрли ташаббус “Адолат” партиясига бўлган хайрихоҳлигимни оширди.
Дониёр ЮСУПОВ,
“Ёшлар” радиоканали масъул муҳаррири:

— Акцияни радио орқали ёритиш мақсадида келгандим. Бу ердаги кўнгиллиларни, бемор болаларнинг ота-онаси юзу кўзидаги умидни кўриб, болажонлардаги қувончга шерик бўлиб, мен ҳам донор бўлишга аҳд қилдим. Қон таҳлилларим олингач, донорлик қила олишим мумкинлигини айтишди. Эзгу ишга ҳисса қўшганимдан мамнунман.
Умид ШАХОБОВ,
эстрада хонандаси, партия фаоли:

— Болаларнинг биргина кулгиси учун борини беришга тайёр халқимиз бор. Аслида бизнинг барча эзгу мақсадларимиз, амалга ошираётган ишларимиз замирида фарзандларимизни соғлом ва баркамол вояга етказиш мақсади мужассам. Партиянинг беғараз донорлик акцияси ва акция доирасида ташкил этилган концерт дастури болажонлар учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди.
Ситора АСЛАНОВА,
Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежи ўқувчиси:

— Ҳозирда ушбу тиббиёт муассасасида амалиёт ўтаяпмиз. Бу ерда даволанаётган болажонларнинг аҳволи билан яқиндан таниш бўлганим учун “Адолат” партиясининг донорлик бўйича ташаббусини қўллаб-қувватладим ва қон топширдим. Ҳақиқатдан ҳам бугун акцияда иштирок этиб, қон топширган донорлар кўплаб болажонларга нафақат эътибор кўрсатдилар, балки уларга ҳаёт бағишладилар.
Акбар МАНСУРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилояти кенгаши иш юритувчиси:

— Бир марта хасталикка дучор бўлган инсон беморнинг ҳолатини яхши тушунадиган бўлиб қолади. Шунинг учун биз, “адолатчи”лар юртдошларимизни ушбу акцияда фаол қатнашишга чорладик. Эзгу ташаббусимиз билан ёш авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшдик, деб ўйлаймиз. Акция партиядошларимизнинг юқори даражадаги фаоллиги билан ўтди. Соат миллари эрталабки саккизни кўрсатмай турибоқ вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази ҳовлисига ўнлаб кўнгилли қон топширувчилар тўплангани бунга яққол мисол бўла олади.
Тозагул ХОЛИҚОВА,
халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати:

— Дард юрагимиз бир парчаси, фарзандларимиз ҳаётига чанг солганда бутун дунё кўзимизга тор кўринади. Шундай дамларда дард ва изтироб чекаётган инсон биргина тиббиёт ходимидан эмас, балки мурувватли инсонлардан ҳам нажот кутади. Қон топшириш орқали бир беморни ҳаётга қайтаришга, унга ҳаётнинг бетакрор онларини кўришга кўмаклашган бўламиз. Бугунги акцияда шундай фикрли инсонлар кўплигига яна бир бор амин бўлдик.
Анвар МУСТАФАҚУЛОВ,
“Зарафшон” газетаси мухбири:

— Партия ташаббуси билан ташкил этилган ушбу акция менда катта таассурот уйғотди, ижтимоий тармоқлар орқали мен ҳам ўз яқинларим, дўстларимни акцияда фаол иштирок этишга чақирдим. Беғараз донорлар ишчи, ўқитувчи, шифокор, тадбиркор ёки уй бекаси бўладими — ихтиёрий равишда беминнат ўз қонини топшириб, эвазига ҳеч қандай рағбатлантириш талаб қилмайдиган саховатли, хайрли ишлари билан барчага ҳаёт улашувчи чинакам қаҳрамонлардир. Улар нотаниш беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз юрак ҳароратини қони билан бирга беради. Оғир хасталикка дучор бўлган болалар соғайиб, ҳаётга қайтишига умид уйғотади, саломатлигини тиклашга ёрдам беради.
Илҳомжон ШАРАПОВ,
акция иштирокчиси:

— Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ташкил этилган акциянинг тарғиботи менда акцияда иштирок этиш истагини уйғотди. Ушбу акция кўнгиллиларни бирлаштирди. Ўз фарзандларимиз учун биринчилардан бўлиб қон беришга доим тайёрмиз. Инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган акция болажонлар учун чин маънодаги ғамхўрлик белгиси бўлди.
“Бор меҳримиз сенга, болажон!” беғараз донорлик акцияси республикамизнинг барча ҳудудида кўтаринки руҳда, партия фаоллари, хайрихоҳлар ва кўнгилли юртдошларимиз фаоллиги остида ўтди.
Дарҳақиқат, ҳеч бир бола меҳр ва эътибордан четда қолмаслиги лозим. Партия томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган мазкур акциядан кўзланган мақсад ҳам бемор болажонлар тезроқ соғайиб, тенгдошлари каби ҳаёт қувончларидан баҳра олиб юришсин, уларнинг ота-оналари умидсизликка тушмасин. Токи, юртимизда уларга ўз қони билан меҳр-муҳаббатини беришга тайёр инсонлар бисёр.

Шоҳида ДАМАНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 7 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб...
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови юксак уюшқоқ...
01 янв 1970
Пайшанба — Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш профилактика куни
01 янв 1970
Сирдарё туманидаги “Интилиш” маҳалласида ишчи гуруҳ аъзолари фуқаролар билан суҳбатлашдилар, мулоқот чоғида сайловчилар ўртага ташлаган...