Тинчлик — фаровонлик ва тараққиёт манбаи

/
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бирдан-бир муҳим асоси бу юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикдир. Мана шу улуғ неъматнинг қадрига етиш ва уни янада мустаҳкамлаш юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчидир.
Шу боисдан ҳам бугунги ислоҳотларнинг давомчилари ва эртанги кунимиз эгалари бўлмиш ёшларни ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссида тарбиялаш, ёшларнинг истак ва қобилиятларини ўз вақтида рўёбга чиқариш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати ташаббуси билан барча ҳудудларда “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” умумий шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Бухоро вилоятида ташкил этилган ана шу мавзудаги маънавий-маърифий тадбирда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, вилоят партия кенгаши аъзолари ва фаоллари, ички ишлар бошқармасининг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят бўлими вакиллари, кенг жамоатчилик, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Тадбир қатнашчилари дастлаб бухоролик ёш ижодкорларнинг “Тинчлик — менинг нигоҳимда” расмлар кўргазмаси билан танишдилар. Ўқувчиларнинг юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини кўз қорачуғидек асраш мавзусидаги расмлари иштирокчиларда катта таассурот уйғотди.
Партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Рахмонов таъкидлаганидек, тинчлик — бебаҳо неъмат. Бугун дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган нотинчликлар, низо ва қон тўкилишлар ҳар биримиздан доимо огоҳ бўлиб яшашни, осойишта ҳаётимиз учун дахлдорлик ҳиссини оширишни талаб этмоқда. Шу боис тинчликнинг қадрига етиш, асраб-авайлаш, ёшларга бу неъматнинг беқиёс аҳамиятини чуқур тушунтиришга партиямиз томонидан ҳам муҳим эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш борасида Ватанга садоқатли хизмат қиладиган ёшларни тарбиялаш, фарзандларимизнинг бугунги интилиш ва истакларини тўлақонли қўллаб-қувватлаш барча ҳудудий партия ташкилотларида ташкил этилаётган бу каби маънавий-маърифий тадбирларнинг бош мақсади бўлмоқда.
Юртдошларимиз ҳаётида рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, халқимизнинг бугунидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан бунёдкорлик ишларини амалга оширишида ҳам она диёримизда ҳукм сураётган тинчлик-барқарорликнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида тинчликни қадрлаш, ёшларни турли бузғунчи ғоялар, экстремизм ва терроризм оқимлари таъсирига тушиб қолишдан асраш, билимли, қатъий ҳаётий позицияга эга бўлган ёшларни тарбиялаш зарурлиги ҳақида таъкидламоқда.
Мутахассисларнинг ислом динининг тинчликпарварлик ва инсонпарварликка асосланган асл моҳияти ҳақидаги маърузалари ҳам маънавий-маърифий тадбирга ўзгача мазмун бағишлади.
Салоҳиддин ГАДОЕВ,
Бухоро шаҳридаги “Хўжа Исмат” жомеъ масжиди имом- хатиби:

— Бугун барча соҳаларда бўлгани каби диний фаолиятимизда ҳам янгича ёндашувларга таянилмоқда. Хусусан, ёшларга тўғри ва холис диний таълимотни етказиш борасида турли жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётганимиз ижобий самара бермоқда. Жойларда ташкил этилаётган диний мавзудаги давра суҳбатларида умумийликдан қочиб, ҳар бир ёшдаги фуқаролар билан тенгдош, фикрдош бўлиб суҳбатлар уюштирилмоқда. Диний таълимотга қизиқиши бор ёшларнинг гуруҳлари шакллантирилиб, чуқур диний таълимотга эга мутахассислар томонидан уларга таълим берилмоқда. Бу, албатта, ёшларнинг турли оқимларга оғиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.
Тадбир давомида ёшлар ҳам ўз фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этиб, бу каби тадбирлар навқирон авлодда тинч-фаровон кунларни қадрлаш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини кучайтиришга хизмат қилишини эътироф этдилар. Айниқса, адашиб турли оқимларга кириб қолган ёшларнинг мулоҳазалари бошқа ёшларга ибрат вазифасини ўтади.
Миразиз РАСУЛОВ,
тадбир иштирокчиси:

— Диний таълимот бўйича тўлақонли билим ва кўникмага эга эмасдим, Россияга ишлаш учун бориб Чеченистондаги диний оқимларга қўшилиб ўз йўлимни йўқотдим. Ўтган йили 8 декабрь — Конституция куни муносабати билан давлатимиз раҳбари томонидан менга ҳам ишонч билдирилиб, афв этилдим. Энди ҳеч қачон адашмайман, тенгдошларим қатори Ватаним тараққиёти, тинчлиги йўлида хизмат қилиш асосий бурчим эканини англаб етдим. Бугунги тадбирда ўз бошимдан кечирганларимдан келиб чиқиб, тенгдошларимга ғаламис кимсаларнинг гапига алданиб қолмасликни, шу ернинг ўзида яхши ўқиб, билим олиб, ҳалол меҳнат қилиб, ота-оналаримиз дуосини олиб юриш зарурлигини билдирдим.
Шунингдек, тадбир доирасида илм-фан тараққиёти йўлида ҳисса қўшишни мақсад қилган бўлажак ёш олимлар ишланмаларининг инновацион кўргазмаси бўлиб ўтди. “Инновацион фаолият – тараққиёт гарови” лойиҳаси асосида ўтказилган мазкур кўргазмада ёш олимлар ҳамда иқтидорли талабаларнинг илмий ишланмалари, инновацион технологиялари ва лойиҳалари намойиш этилди. Жумладан, фермерлар учун қулайлик яратиш мақсадида сутни қайта ишловчи ва тозаловчи махсус аппаратнинг ўзига хослиги иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Навоий вилоятида ташкил этилган шу мавзудаги маданий-маърифий тадбир доирасида ҳам экстремизм ва терроризм иллатларига ҳамда фуқаролар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш, ёшларнинг ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, оилада фарзандларни ҳалоллик, поклик хислатлари ва атроф-муҳитни тоза, озода сақлашга ўргатиш, уларни замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашга, ўз ғоя ва ташаббусларига инновацион нуқтаи назар билан ёндашишга йўналтириш, ўргатиш ва рағбатлантириш лозимлиги таъкидланди.
Вилоятнинг иқтидорли ёшлари томонидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилган тинчликни асраб-авайлаш, ёшларда юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини ошириш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш олимлар томонидан олиб борилаётган илмий ишланмалар ва инновацион ғояларни амалиётга татбиқ қилиш, талабаларнинг инновацион фаолиятга бўлган қизиқишлари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, олий ўқув юртларининг илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини янада мустаҳкамлашга доир устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган ишланмалари кўргазмаси намойиш этилди.
Муҳриддин ҚОДИРОВ,
Навоий вилояти Болалар ижодиёт маркази техник-моделлаштириш тўгараги аъзоси:

— Мен бугунги кўргазмада ҳарбий авиация соҳасидаги ишланмаларим билан иштирок этдим. Ишланмаларим бугунги кунда ихчамлиги ва иқтисодий жиҳатдан кам харажатлилиги билан ажралиб туради. Мисол учун, мен яратган ҳарбий кема нисбатан саёзроқ қирғоқларда ҳам ҳаракатланиши мумкин. Бугунги кўргазмада мазкур ишланмаларни янада такомиллаштириш ва бошқа мақсадларда ҳам фойдаланишга йўналтириш бўйича ўзимга керакли тавсияларни олдим.
Кенг жамоатчилик иштирокида ташкил этилган мазкур маънавий-маърифий тадбирлар якунида ёш иштирокчилар томонидан терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, аҳолини огоҳликка чорлашга қаратилган саҳна кўринишлари намойиш этилиб, тадбирда фаол иштирок этган ёшлар партиянинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кун олдимизга қўяётган янгидан-янги вазифалар ҳудудларда партия депутатлик гуруҳлари ишини, уларнинг фаоллигини янада кучайтиришни тақозо э...
01 янв 1970
2017 йил – Халқ билан мулоқотва инсон манфаатлари йили
01 янв 1970
Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсат...
01 янв 1970
Чоршанба — электорат билан юзма-юз мулоқот куни