Бир неча сонияга шошиш бир она умрига зомин бўлди

/
Ҳар биримиз дастурхонимиз тўкин бўлиши, фарзандларимиз бекаму кўст вояга етиши, билимли ва баркамол бўлиб улғайиши учун барча имкониятларни яратишга интиламиз. Ўғил-қизларимизни энг нуфузли олий ўқув юртларида ўқитишни, машина олиб беришни, уй-жой билан таъминлашни истаймиз.
Аммо баъзан бундай ниятларимизни тезроқ амалга оширишга шошамиз. Мисол учун, эндигина мактабни тугатган боламизга машина рулини ишониб топширамиз. Унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси олган-олмаганлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Ваҳоланки, ўтган 2017 йил давомида республикамиз автомобиль йўлларида содир этилган 10044 та йўл-транспорт ҳодисаларининг 1230 таси 18 ёшдан 22 ёшгача бўлганлар томонидан содир этилган.
...Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида истиқомат қилувчи (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган – таҳририят) Ҳ.Бердиева 2017 йилнинг февраль ойида вафот этган турмуш ўртоғининг номидаги “ВАЗ-2103” русумли автомашинани Термиз давлат олийгоҳининг 2-курсида таҳсил олаётган ўғли Қодирга берди. Ҳалима опа ўғлим ҳали талаба бўлса, бунинг устига машинани ҳужжатсиз бошқарса, бу хавфли эмасми, деб мулоҳаза юритиб ҳам кўрмаган шекилли.
...Қодир машинани учириб Шўрчи туман марказидаги чорраҳага етиб келади, светофорда қизил ёнганлигини кўриб, тўхтайди. Бироқ у яшил ёнишини кутиб туришга сабр қилмасдан, бирдан машинасини ҳаракатлантиради. Натижада чап томондан, яшил чироқ йўлида келаётган “Дамас” русумли автомашинанинг ўнг ён томонига қаттиқ урилади. Ўз навбатида, “Дамас” кутилмаганда зарба туфайли бошқарувдан чиқиб кетиб, йўлдан ўтаётган аёлни уриб юборади. Йиқилиб тушган аёл ҳушдан кетади. Етиб келган шифокорлар аёлга ёрдам кўрсатиш бефойдалигини айтишади.
...Суд мажлисида судланувчи Қодир Бердиев агар светофорда тўхтаб, ҳаракатни бир неча сония кейин бошлаганида йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиши мумкинлигини, бу хато бир умрга ўзига сабоқ бўлганини айтди...
Судланувчи Қодир Бердиевдан жабрланувчининг қонуний вакили, ўғли Б.Содиқов фойдасига 15.500.000 сўм, “Дамас” ҳайдовчиси ишлаётган “Асклепий” МЧЖга эса 4.086.562 сўм ундирилди.
Суд ҳайъати судланувчининг ёш эканлигини, оилавий аҳволи, шу билан бирга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилоят Кенгаши ва Шўрчи туман, “Наврўз” МФЙ томонидан ижобий тавсифнома ва кафолат хати тақдим қилганини инобатга олиб, оиласидан, жамиятдан ажратмасдан туриб, тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган фикрга келиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 72-моддасини қўллаб, шартли ҳукм тайинлади.
Тўғри, Қодир Бердиев тан олганидек, унинг учун бир неча сониялик хато бир умр сабоқ бўлиши аниқ. Аммо содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларидан ўз вақтида хулоса чиқарилганида шу автоҳалокатнинг олди олинган бўларди, бир она бевақт вафот этмасди, фарзандлар чирқираб етим қолмасди...
Шундай экан, азиз ота-оналар, беҳуда ҳою ҳавасларга берилмайлик, болаларимизни автомашина рулига ўтқазишдан олдин ҳар тарафлама мулоҳаза қилиб кўрайлик. Фарзандга машина совға қилиш эмас, унга тўғри тарбия бериш, илмли бўлишига эътибор қаратиш, меҳнатсеварликка, меҳр-оқибатга ўргатиш, мана шулар ота-она зиммасидаги бурчлардир. Буни асло унутмаслигимиз даркор.
Баҳодир ПОЛВОНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари,
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, ушбу масалага миллий қонунчилигимизда алоҳида ўр...
01 янв 1970
Фотима Собирова (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 27 ёшида Саид Тожиевга турмушга чиқади. Орадан вақт ўтиб, оилада ўғил туғилади....
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини диққат билан тингладим. Эътироф этиш керак, бу галги Мурожаатнома ҳам инсон...
01 янв 1970
Мамлакатимиз тарихан қисқа муддатда катта ютуқларни қўлга киритди.