Суд-ҳуқуқ тизимига оид қонунчиликдаги бўшлиқлар тўлдирилмоқда

/
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, айниқса, ушбу жараёнда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Шунга қарамасдан ҳанузгача халқимиз орасида жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процесси бошқа иштирокчиларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳимояланиш даражасига, шунингдек, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши лозим бўлган адвокатура институтига ишонч тўлиқ шаклланмади. Албатта, бунинг ўзига яраша омиллари, сабаблари мавжуд эди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида ана шу омиллар ва сабабларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари дастлаб “Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. Таъкидланганидек, ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида жиноят процесси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бир қатор нормалар мавжуд. Бироқ ҳимоя чоралари тизимини аниқлаш механизми, шунингдек, уларни қўллаш асослари ва тартиби қонун ҳужжатларида белгиланмаган.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан юқоридаги бўшлиқ тўлдирилади. Шу билан бирга, жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процесси бошқа иштирокчиларининг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига тажовуз таҳдиди мавжуд бўлганда қўлланиладиган ҳимоя қилиш чораларини ўз ичига олган чора-тадбирлар тизими ҳамда уларни қўллашнинг асослари ва тартиби белгиланади.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари партия Сайловолди дастурининг асоси ҳисобланган “Инсон ва унинг манфаатлари ҳар нарсадан устун” тамойилига тўла мослигини қайд этган ҳолда қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар.
Маърифатпарвар ўзбек адиби Абдулла Авлоний “Адвокатлик осонми?” асарида адвокатлик касби машаққатларини кўрсатган ҳолда бу касб нуфузининг тушиб кетаётгани ҳақида куюниб ёзган эди. Орадан бир аср ўтган бўлса-да, бугунги кунда ҳам адвокатларнинг ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган ва улар томонидан сифатли юридик ёрдам кўрсатилишига халал бераётган қатор омиллар мавжуд.
Фракция аъзолари томонидан кўриб чиқилган “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юқоридаги ҳолатларни бартараф этишга қаратилгани сабабли қизғин муҳокама қилинди.
Профессионал юридик ёрдам сифатини ва адвокат касбининг нуфузини ошириш, шунингдек, суд ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ рўёбга чиқариш қонун лойиҳасининг асосий мақсади эканлиги қайд этилди.
Партия Сайловолди дастурида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини изчиллик билан таъминлаш, адвокатура фаолияти мустақиллигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунларнинг ташаббускори бўлиш ва уларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа этиб белгиланганидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Шунингдек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида партия ҳамкори ҳисобланган Адвокатлар палатаси билан биргаликда жойлардаги амалиётчилар, экспертлар ўртасида муҳокамалар ўтказишга ва олинган таклифлар асосида адвокатлар ҳуқуқларининг тўлиқ рўёбга чиқарилишига тўсиқ бўлаётган бюрократик омилларни бартараф қилишга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда тезкорлик ва самарадорликни оширишга, адвокатлар ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган таклифлар асосида қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга келишиб олинди.
Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан фракция позициясини белгилаб олиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Баҳромжон БУРХАНИТДИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
...Бундан уч йил аввал бир йигитга Фарғона вилояти Тошлоқ туман ҳокимлиги томонидан сиз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб аҳолимизни иш-жойли қилинг, ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2017 йил биринчи ярим йиллик якунлари кўриб чиқилди....