Адвокатура институтининг роли мустаҳкамланади

/
Жорий йилнинг 2 август куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида “Адвокатлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари: муаммо ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси аъзолари, адвокатлар, экспертлар, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда ўтган йилларда мамлакатимизда адвокатура институтини ривожлантириш, унинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини таъминлашда тутган ўрни ва ролини ошириш, айблов ва ҳимоянинг тенглигини, одил судловни амалга оширишда томонлар тортишуви принципини таъминлаш борасида ҳуқуқий асослар яратилгани таъкидланди.
Шу билан бирга, шиддат билан ўзгараётган ҳозирги даврда барча соҳалар қатори адвокатура соҳасини ҳам ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштириш долзарб вазифалардан саналади.
Президентимизнинг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ушбу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарди. Мазкур фармон билан тасдиқланган “Адвокатура институтини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ амалдаги қонунчиликка бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Давра суҳбатида ушбу йўналишда ишлаб чиқилган “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.
— Мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсади жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашда адвокатуранинг роли ва аҳамиятини, профессионал ҳуқуқий ёрдам сифатини ҳамда адвокатлик касби нуфузини ошириш, шунингдек, суд ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ҳаракатлар стратегияси маркази директори Акмал Бурхонов. — Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Адвокатура тўғрисида” ва “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасида соҳа ходимлари билан очиқ мулоқотлар давом этмоқда. Бизни қувонтирган жиҳат адвокатлар қонун лойиҳасига киритилиши зарур бўлган қатор долзарб муаммолар ечимига доир таклифларни билдирмоқдалар. Албатта, имкон қадар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга киритишгача билдирилган таклифларнинг асослиларини эътиборга олишга ҳаракат қиламиз. Жумладан, қонун лойиҳасига адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддатини олти ойдан уч ойгача қисқартириш, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил фаолият юритган шахсларни мажбурий стажировка ўташдан озод қилиш, адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонини такроран топшириш муддатини бир йилдан олти ойгача қисқартириш, ҳар бир танланган ихтисослик бўйича алоҳида лицензия асосида юридик ёрдам кўрсатишга доир нормалар киритилмоқда. Ўйлайманки, фаолиятнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланаётган адвокатура институти жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоя қила оладиган органга айланади.
Муҳокамада сўзга чиққанлар қонун лойиҳасида назарда тутилаётган адвокат сўровини кўриб чиқиш тартиби ва муддатларини, адвокатга нисбатан интизомий чоралар қўллаш муддатларини аниқ белгилаш, лицензиянинг амал қилишини Олий малака комиссияси хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг мурожаати бўйича фақат суд тартибида тугатиш ҳамда адвокатларга нисбатан интизомий ишни фақат тегишли малака комиссияси ёки Олий малака комиссияси қарори билан қўзғатишга доир нормалар адвокатлар ҳуқуқларининг тўлиқ рўёбга чиқарилишига тўсиқ бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилишини алоҳида эътироф этдилар.
— Давра суҳбати давомида Адвокатлар палатаси аъзолари томонидан билдирилган таклифлар, ўйлайманки, қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси бўлим бошлиғи Муҳиддин Раҳимов. — Мазкур янги лойиҳада суд, прокуратура тизимларида судья, прокурор, терговчи лавозимида уч йил ишлаган шахслар мажбурий стажировкадан ўтмасдан малака имтиҳонларида иштирок этиш ҳуқуқига эга дейилмоқда. Шу ўринда мазкур тизимларда ишлаган ва эндиликда адвокатура соҳасини танлаётган шахсларнинг суд, прокуратура тизимидан кетиш сабабларига ҳам эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Яъни уларнинг сўнгги иш даврига эътибор қаратиш керак. Бундан ташқари, ишдан анча йиллар аввал бўшаб кетганлар ҳам адвокатура тизимига кириб келиш ҳолатлари кузатилмоқда. Қонун лойиҳасининг тегишли моддаси билан имтиёз берилаётган шахслар камида бир йил аввал ишдан бўшаган бўлиши ва фаолияти давомида қонун талабларини суиистеъмол қилмаган бўлишлари шартлиги кўрсатилиши керак, деб ўйлаймиз.
Шунингдек, “Адолат” СДП депутатлари ва экспертлари адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, “Адолат — қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш партиянинг энг муҳим дастурий вазифаларидан эканлигига иштирокчилар эътиборини қаратдилар.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” СДП ва Адвокатлар палатаси ўртасида имзоланган Меморандум доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, соҳада учраётган ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси орқали соҳага доир қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар олиш тизимли йўлга қўйилган.
Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
“Аdolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида республикамиз ҳудудларида ўтказиб келинаётга...
01 янв 1970
Сайлов — кучли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқ хоҳиш-иродаси эркин ифодаланишининг асосий шакли ҳис...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида давра суҳбати ташк...
01 янв 1970
Депутатлар дастлаб “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдил...