Давлат бюджети ижроси: маблағлар белгиланган даражада ўзлаштирилдими?

/
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросида ижтимоий харажатларнинг 2018 йил I ярим йиллик режаси бўйича ажратилган маблағлар нега тўлиқ ўзлаштирилмади, ҳисобот даврида инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва «стартап» лойиҳаларини молиялаштириш учун қанча маблағ ажратилди, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишда айрим ҳудудларда нега ўсиш кузатилмаяпти?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида Давлат бюджети ижросининг 2018 йил I ярим йиллиги якунлари тўғрисидаги ҳисобот тингланди. Мутасадди вазирликлар, идора ва ташкилотларнинг масъул раҳбар ходимлари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Дилшод Сатторов маъруза қилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг I ярим йиллиги якунига кўра, мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 153 триллион сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,9 фоизга ўсди. Шунингдек, ЯИМ жон бошига нисбатан ҳисоблаганда 4 653 минг сўмни ташкил этиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,1 фоизга ўсди.
Фракция аъзолари муҳокама жараёнида социал-демократик ғояларга таянган ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратди.
Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 18 378,5 миллиард сўм ёки умумий харажатларнинг 55,7 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 12,0 фоизни ташкил этади.
Жорий йилнинг I ярим йиллигида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим сифатини яхшилашга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, соҳадаги муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалаларига биринчи даражали эътибор қаратилганлиги мажлисда эътироф этилди.
Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 52,2 фоизини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан ажратилган 586,9 миллиард сўм маблағларнинг қай даражада мақсадли ишлатилгани депутатлар томонидан муҳокама қилинди.
Партиямизнинг дастурий ғояларидан келиб чиқиб, илм-фанни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар ижроси ҳам фракция аъзоларининг диққат марказида бўлди.
Илм-фанни ривожлантиришга, юртимизда мавжуд 300 дан ортиқ илмий-тадқиқот, инновацион марказлар, илмий-ишлаб чиқариш ташкилотлари учун ҳисобот даврида Давлат бюджетида 168 миллиард сўм режалаштирилган бўлиб, шундан 43 миллиард сўм маблағлар ўзлаштирилмаганлиги депутатлар томонидан жиддий камчилик сифатида қайд этилди.
Шунингдек, инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, «стартап» лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 50 миллиард сўм миқдорида бюджет маблағлари ажратилгани мамлакатимиз келажагини инновацион иқтисодиётда деб ҳисобловчи “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадларига уйғун эканлиги алоҳида таъкидланди. Албатта, ушбу соҳага ажратилаётган маблағлар миқдорини ошириб бориш республикамиз иқтисодиётининг барқарор ривожланиши ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг асоси саналади.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Президентимизнинг 2018 йил 28 февралдаги “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, республикамизнинг 34 та туманида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида 2023 йилнинг 1 январигача ота-оналар бадал тўлови миқдори 50 фоизга камайтирилиши ҳисобига ва мактабгача таълим муассасаларининг озиқ-овқат хариди харажатларини қоплаш мақсадида жорий йил учун Давлат бюджетидан қўшимча 10 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган эди.
Маълумки, ҳудудларда мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни жорий қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг берган маълумотига кўра, 2018 йилнинг 1-ярим йиллигида 141 та нодавлат МТМга лицензиялар берилган.
Аммо таҳлиллар шуни кўрсатадики, мактабгача ёшдаги болаларни боғчага қамраб олиш даражаси баъзи бир ҳудудларда камайганлиги кузатилмоқда. Жумладан, бу борада Қорақалпоғистон Республикасида 8,4 фоизга, Тошкент шаҳрида 19,5 фоизга, Самарқанд вилоятида 2,5 фоизга қамров даражаси камайганлиги, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳам кўрсаткичлар ҳамон паст даражада эканлиги, мазкур соҳада парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш лозимлиги йиғилишда қайд этилди.
Улуғбек САМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Сайловолди дастуримизда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, касалликларнинг профилактикасига қаратилган чора-тадбирларни кучайтиришга йўналтирилган маблағларнинг самарали ўзлаштирилиши ҳам фракция аъзолари диққат марказида бўлди.
Хусусан, 2018 йилнинг ўтган 6 ойида профилактика хизматларига 1288,1 миллиард сўм, яъни соҳага ажратилган маблағларнинг 30,8 фоизи йўналтирилган. Ушбу маблағнинг мақсадли сарфланишига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, 2018 йилда тез тиббий ёрдамни молиялаштириш ҳажми оширилди, яъни республика бўйича ҳар бир чақирув қиймати 5 минг сўмга етказилди (бу 2017 йилга нисбатан 2,3 баробарга кўп), ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам бригадаларини марказлашган тарзда дори воситалари ва тиббиётда қўлланиш учун мўлжалланган буюмлар билан таъминлаш тартиби жорий этилди. Онкология муассасаларини молиялаштириш ҳажми 2017 йилга нисбатан 1,5 баробарга оширилди.
Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан миллий тақвимга асосан болаларни эмлаш учун умумий қиймати 101,7 миллиард сўмлик вакциналар харид қилинди. Бу 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 2,3 баробар кўп деганидир.
Шу ўринда айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг қарорлари асосида ишлаб чиқилган бир қатор дастурларга мувофиқ оналар ва болалар саломатлигини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, ОИВ инфекциясининг олдини олиш бўйича стратегик дастурни амалга ошириш, болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар учун режалаштирилган маблағлардан 165,4 миллиард сўм миқдордаги маблағлар ўзлаштирилиши таъминланмади. Бу ҳолат соғлиқни сақлаш соҳасидаги бир қатор ислоҳотларни ортга суради, шу боис мутасадди ташкилотлар ушбу маблағларни тезроқ самарали ўзлаштириш чораларини кўриши лозим.
Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Давлат бюджети ижросини кўриб чиқиш жараёнида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига ажратилаётган маблағлардан ноқонуний фойдаланиш ҳоллари ўтган йилларнинг мос даврига нисбатан анча камайгани кузатилди.
Мисол учун, ҳисобот даврида аниқланган молиявий хатоликлар миқдори 2016 йилнинг мос даврида аниқланган молиявий хатоликлар миқдорига нисбатан 3 баробарга, 2017 йилнинг мос даврида аниқланган хатоликларга нисбатан эса 2,2 баробарга камайган.
Бу, албатта, назорат ишларининг янгиланган замонавий усуллари, хусусан, камерал назорат йўлга қўйилгани, масофавий назоратни кенг кўламда қўллаш ва хатоликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларнинг натижасидир.
Қизғин муҳокамалардан сўнг билдирилган бир қатор таклифларни назарда тутган ҳолда Давлат бюджетининг жорий йил биринчи ярим йиллиги ижроси бўйича ҳисобот маъқулланди. Фракция аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Йиғилиш якунида муҳокама этилган масала юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Баҳром БУРХОНИДДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Жорий йилнинг 22 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Муҳокама этилган масала юзасидан фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.
01 янв 1970
Дунёда йиллар билан, вақт билан ўлчанмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Нафақат инсоният ҳаёти, ҳатто корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, давлатлар, мам...