Аёл бахтли бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият барқарор

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси, партиянинг “Аёллар қаноти” Кенгаши ҳамда Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси ҳамкорлигида “Аёл, оила ва жамият” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Оила ва аёллар комиссияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон “Адолат” СДП “Аёллар қаноти”нинг ҳудудий кенгашлардаги етакчилари ва фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
“Бугун аёллар ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича қонунчилигимиздаги мавжуд нормалар тўлиқ ишлаяптими? Жамиятимизда аёлларнинг манфаатлари тўлиқ ҳимояланганми? Бу борада жойларда жамоатчилик назорати қай тартибда йўлга қўйилган?” каби бир қатор масалалар иштирокчилар диққат марказида бўлди.
Тадбирни партия Сиёсий Кенгаши раиси ва парламентдаги фракцияси раҳбари Наримон Умаров кириш сўзи билан очди.
– Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган, — деди Н.Умаров. — Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилияти ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Буни жорий йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
— Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам бу борада олиб борилаётган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўз Сайловолди дастурида мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, уларнинг давлат органлари барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлаш масаласини устувор вазифалар сирасига киритганлиги аҳамиятлидир, – деди партия Марказий аппаратининг Аёллар ва ёшлар сиёсий фаоллигини ошириш бўлими мудири Райҳона Ўрмонова. – Аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда етакчилик сифатларини ривожлантириш, ташаббусларини рағбатлантириш “Адолат” СДП “Аёллар қаноти” Кенгаши фаолиятининг бош мезонига айланиб улгурган. Шу мақсадда ҳудудий партия кенгашлари “Аёллар қаноти” фаоллари жойларда хотин-қизлар ва ёшларнинг ечимини топмаган муаммоларини аниқлаш, партия сафига ташаббускор, ижтимоий-сиёсий фаол, етук билим ва малакага эга хотин-қизларни жалб этиш ҳамда аёлларнинг тиббий, сиёсий, иқтисодий, экологик маданиятини юксалтириш борасида қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.
Давра суҳбатида бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда соҳага оид қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, амалдаги қонун ҳужжатларига оила институтини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, ушбу масалага кенг жамоатчилик эътиборини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Зеро, оила институтини мустаҳкамлаш, аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш, аёллар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, эрта турмуш қуриш каби муаммоларни бартараф этиш ушбу соҳада ҳар доим долзарб масалалар ҳисобланади.
Шу сабабли бугунги кунда ишлаб чиқилаётган “Аёллар ва эркаклар ҳуқуқ ва имкониятлари тенглигининг кафолатлари тўғрисида”ги ва “Аҳолининг репродуктив ҳуқуқлари ва репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳозирда комиссия аъзолари томонидан кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, аёллар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва оила мустаҳкамлигини таъминлаш, жойларда бу борадаги қонунчиликка амал қилинишини мониторинг қилишда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг яқин ҳамкорлигини ҳамда фаоллигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП “Аёллар қаноти” фаоллари ҳам жойларда жамоатчилик назоратини ўрнатган ҳолда аниқланган муаммолар ва уларни ҳал қилиш бўйича таклифларини мунтазам равишда парламент комиссиясига тақдим этиб бориши тавсия этилди.
Баҳром БУРХОНИДДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сайлов — кучли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқ хоҳиш-иродаси эркин ифодаланишининг асосий шакли ҳис...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари пойтахтимизнинг Яшнабод, Миробод ҳамда Яккасарой тум...
01 янв 1970
Мактабгача таълим муассасаларида болажонлар учун яратилаётган шароитлар уларнинг соғлом ва зийрак, билимдон бўлиб улғайишларида катта аҳамиятга эга...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вази...