Бор меҳримиз сенга, болажон

/
БЕҒАРАЗ ДОНОРЛИК АКЦИЯСИДА ЮРТДОШЛАРИМИЗ ФАОЛ ҚАТНАШДИ
Бош қомусимизда инсон ва унинг манфаатлари энг олий қадрият сифатида ўз ифодасини топган, унинг муқаддима қисмида халқимиз республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиши қайд этилган. Инсон муносиб ҳаёт кечиришининг асосий шартларидан бири, албатта, саломатликдир.
Халқимиз саломатлигини асраш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш бўйича бир қатор муҳим масалалар Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастуридан ҳам ўрин олган. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш масалалари партиямизнинг диққат марказида бўлиб келмоқда.
Конституциямиз қабул қилинганлигининг 26 йиллиги арафасида партиямиз ташаббуси билан жорий йилнинг 3 декабрь куни республикамизнинг барча ҳудудларида тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга ундаш орқали бемор болаларнинг соғлиғини тиклашга ёрдам бериш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилиш мақсадида анъанавий хайрия акцияси ўтказилди.
“Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидаги кўп тармоқли болалар шифохоналарида ҳамда Тошкент шаҳридаги Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида ўтказилган беғараз донорлик акциясида турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қон алмаштиришга муҳтож бемор болаларнинг умидвор кўнгилларига малҳам бўлиш, ҳаётга чанқоқ кўзларига нур бағишлаш, уларнинг соғайиб кетишига кўмаклашишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган мингдан ортиқ юртдошларимиз ихтиёрий равишда қон топширдилар.
Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида бўлиб ўтган акцияда иштирок этиш учун юзлаб фуқаролар кўнгилли равишда ҳозир бўлишди. Улар орасида давлат, жамоат арбоблари, турли вазирлик, муассаса ҳамда ташкилотлар масъул ходимлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, халқ ардоғидаги ёзувчи, шоир, санъаткорлар билан биргаликда партия ходимлари ҳам мурғак қалбларга илиқлик улашдилар.
Шифокорларнинг таъкидлашича, қон хасталиклари, жумладан, оғир даражадаги камқонлик, қон саратони (лейкоз), қон ивиш тизими ишининг бузилиши (гемофилия) каби касалликлар билан оғриган болалар, албатта, донорлар кўмагига муҳтож.
Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтининг клиникасида ҳам шу турдаги касалликларга чалинган юзлаб болалар қалбида эзгулик билан яшайдиган инсонлар — донорлар мурувватини кутишади.
Юртимизда қон ва қон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қоплашда донорлар хизмати муҳим ўрин тутади. Ҳар куни минглаб инсонлар донор қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир. Бугунги кунда юртимизда аҳолининг 0,4 фоизигина ихтиёрий равишда қон топширади, ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 3-4 фоизни ташкил қилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларида донорлар аҳоли сонининг камида 1 фоизини ташкил этиши лозимлиги қайд этилган.
Шуларни назарда тутиб, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам мамлакатимизда беғараз донорликни ривожлантириш, унинг аҳамиятини кенг омма ўртасида тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратиб, шу мақсадда ҳар йили икки марта хайрия акциялари ўтказишни анъанага айлантирмоқда. Маълумки, 2018 йил 1 июнь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида барча ҳудудларда беғараз донорлик акцияси ўтказилиб, унда республикамиз бўйича 466 нафар хайрихоҳ иштирок этганди. Улардан 139 800 грамм қон тўпланди, бу эса юзлаб болажонларга мадад бўлди.
Қон бериб, беморлар ҳаётини сақлаб қолган донорнинг қалбига инган ҳаловат, хурсандликни ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Бу галги акцияда ҳам фуқаролар бағрикенглик намунаси сифатида тиббий эҳтиёжлар учун қон топширдилар, улар инсонпарварлик ва меҳр-шафқат кўрсатиб, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшдилар. Шу билан бирга, бемор болажонлар учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган энг олий ҳуқуқ – яшаш ҳуқуқининг узвийлигини таъминлашга ҳисса қўшдилар.
Мазкур акцияда бўлажак тиббиёт соҳаси мутахассислари ва ёшлар ҳам кўнгиллилар сафидан жой олди.
— Тиббиёт соҳасининг ҳарбий йўналишида таълим оламан. Партия ташаббуси билан ўтказилаётган акция тарғибот плакатларини автобусда кўриб, талаба дўстларим билан ушбу савобли тадбирда иштирок этишга қарор қилдик, — дейди Отабек Мейлиев. — Бемор болалар саломатлиги учун қон топширганимдан, шу орқали уларга ёрдам берганимдан хурсандман. Бундай хайрли ишларни бошлаган партия ходимларига омад тилайман.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида уюшқоқлик билан бўлиб ўтган ушбу акция давомида беғараз қон топширган фуқароларга партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб ўтган беғараз донорлик акциясида эзгу ниятда келган кўнгиллилар ҳамда кўплаб сафдошларимиз қон топширдилар.
— Албатта, қон касалликларини даволашда, уларга замонавий кимёвий терапияларни ўтказилиши натижасида беморларга кўплаб қон ва қон маҳсулотларига зарурат сезилади, — дейди вилоят қон қуйиш станцияси бош шифокори Холида ўаниева. — Партия ташаббуси билан ўтказилаётган бундай хайрли тадбирнинг анъанавий тарзда давом этиши бизни беҳад қувонтиради. Айниқса, беморга қон қуйиш ҳаёт-мамот масаласига айланган ҳолатларда бу бебаҳо малҳам шифохонада зарур миқдорда мавжуд бўлишининг аҳамиятини биз, шифокорлар янада чуқурроқ ҳис этамиз. Чунки қон дорихоналардан сотиб олинадиган дори-дармонлар сирасига кирмайди. Бу — фақат савобталаб инсонларнинг ҳиммати, меҳр-шафқати туфайли беморларга бериладиган ҳаёт малҳами саналади.
Хоразм вилоятидаги қон қуйиш марказида ўтказилган акция иштирокчилари қон топширганлиги тўғрисидаги маълумотларни кўп тармоқли вилоят болалар тиббиёт марказининг гематология бўлимида даволанаётган бемор болажонларнинг оналарига самимий кўмак сифатида тақдим этишди.
— Телевизорда намойиш этилган “Эълонлар” дастурида “Адолат” СДПнинг беғараз донорлик акцияси тўғрисидаги хабарни эшитиб, бу хайрли ишга ҳисса қўшишга аҳд қилдим, — дейди акция иштирокчиси Искандар Эшчанов. — Ниятим амалга ошди. Менинг ҳам беғараз ёрдамим жажжи болажонларнинг дардига шифо бўлишини жуда-жуда истайман. Бизни саховатпешаликка ундаган ташкилотчиларга раҳмат.
Наманган вилоятида ҳам “Адолат” СДП ташаббуси асосида ташкил этилган беғараз донорлик акцияси уюшқоқлик билан ўтди. Партиямиз фаоллари, депутатлар, аҳоли турли қатлами вакиллари эрта тонгдан вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида жам бўлишди.
— Наманган шаҳрида яшайман, — дейди хусусий тадбиркор Баҳриддин Садриддинов. — Беғараз донорлик акцияси ҳақида ижтимоий тармоқларда ўқиб қолдим. “Адолат” СДП аъзоси бўлмасам ҳам ўзимни партия хайрихоҳи деб ҳисоблайман. Мана шундай инсонпарварлоик туйғулари билан йўғрилган тадбирлар ташкил этилганидан хурсанд бўлдим. Биринчилар қатори вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига етиб келдим ва қон топширдим.
Худди шундай фикрларни янгиқўрғонлик Жавлонбек Дадабоев, уйчилик Қундуз Зангирова, косонсойлик ўолибжон Бобоев, чортоқлик Қандолат Ражаббоева, мингбулоқлик Дармонбой Деҳқонов, норинлик Ҳусанбой Мирзааҳмедовдан ҳам эшитдик. Тушга қадар қон топширган кўнгиллилар сони етмиш кишидан ошди.
ҚораҚалпоўистон Республикаси қон қуйиш станциясида “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида республика бўйлаб беғараз донорлик акцияси ташкил қилинди.
Соат 8:00 да бошланган мазкур акцияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари, фаоллар, ҳамда кўнгиллилар кўтаринки руҳда иштирок этишди.
— Очиғини айтганда, тиббиётга доир шундай акция ўтказиб, беғараз қон берилиши орқали беморларга ёрдам кўрсатиш имкони борлиги ҳақида аввал ўйлаб кўрмаган эдик, — дейди Нукус шаҳридаги «Берекет» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустем Торениязов. — Инсон учун яхшилик қилишнинг имконлари кўп. Фақат фикрлашиб, эътибор кўрсатилса, одамларни бу хайрли ташаббус ортидан эргаштирилса, мана шундай ижобий натижага эришилар экан. Энг эзгу инсонийлик ғояларини ўзида мужассам этган мазкур акцияда биз ҳам қатнашдик. Ушбу акцияни ўтказиш билан боғлиқ тарғибот ишлари шаҳримиз бўйлаб, шунингдек, маҳалламиз ҳудудида ҳам олиб борилди. Албатта, касалликка чалинган болалар учун қон бериш, инсон қалбини янада меҳр-мурувватга тўлдириб, одамлар ўртасидаги тотувлик, меҳр-оқибат ва эзгулик туйғуларининг кучайишига хизмат қилади.
ҚашҚадарё. Конституция куни байрами арафасида бемор болажонларга соғлом ҳаёт бағишлаш мақсадида ўтказилган беғараз донорлик акцияси меҳр-мурувватли бўлиш каби инсоний фазилатлар тарғиб этилганлиги, шу билан бирга, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришга хизмат қилганлиги билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Савобли ишга ҳисса қўшиш истагида вилоят қон қуйиш марказига келган кўнгиллилар сафи жорий йилнинг июнь ойида шу мақсадда ташкил этилган тадбир иштирокчилари сонига нисбатан бир неча баравар ортганлиги бизни қувонтирди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Рўйиддин Рауповнинг қайд этишича, ушбу тадбир тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож кичкинтойларни қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги жиҳатидан ҳам кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Болажон халқимизнинг азалий қадриятлари бардавом эканини бемор болаларнинг кўнглини олиш ва соғлиғини тиклашда уларга ёрдам беришни истаб келган юртдошларимиз яна бир бор намоён этишди.
Бухоро вилоятида “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида ўтказилган акция ҳам партия фаоллари, депутатлари ва кўнгиллиларни бир мақсад йўлида бирлаштирди. Вилоят қон қуйиш станциясида 100 нафарга яқин юртдошларимиз савоб ишга ҳисса қўшдилар. Шифокорлар партия ташаббуси билан ташкил этилган ушбу акция туфайли донорлар сони ортганини таъкидлашди.
— Бундай ташаббус аҳоли ўртасида донорликнинг афзал жиҳатларини тушунтиришга ижобий таъсир қилади, — дейди 30 йил давомида донор бўлиб келаётган фуқаро Бахтиёр Аҳмедов. — Ушбу акция давомида ҳам бунга амин бўлдик
Фарўона вилоятида ҳам беғараз донорлик акцияси фуқароларнинг фаоллиги остида ўтди. Турли касб эгалари, сафдошларимиз, ёшлар вилоят қон қуйиш маркази ва кўп тармоқли болалар шифохонасининг гематология бўлимида “Бор меҳримиз сенга, болажон” акциясида иштирок этишди.
— Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббускорлиги ва инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган ушбу тадбир кўпчиликда катта қизиқиш ва хайрихоҳлик уйғотмоқда, — деди вилоят қон қуйиш маркази шифокори Санжар Мирзаев. — Акция давомида муассасамиз мутахассислари иштирокчиларга донорликнинг инсон саломатлиги учун фойдали жиҳатлари, қон топшириш имкониятлари ва аҳамияти ҳақида тушунчалар беришди.
                     ***
“Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида беғараз донорлик акцияси юртдошларимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети жамоаси ҳам ушбу савобли ишга ўз ҳиссасини қўшиш истагини билдирди.
Куни кеча Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бўлиб ўтган беғараз донорлик акциясида университет ходимлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
— Инсон ҳаёти доимо бир текисда кетавермайди, ҳар кунимиз яхши давом этиши мумкин, аммо ҳаётда шундай воқеалар бўладики, инсон вақт ва муайян вазиятлар олдида ожиз қолади. Бу ярим тунда ҳалокат сабаб кўп қон йўқотган инсон, анчадан бери жарроҳлик амалиётини бошдан кечираётган бемор, ҳозиргина фарзандини дунёга келтириб қон йўқотиши оқибатида ҳолсизланган она ва лейкоз ёхуд гемофилиядан азият чекаётган боланинг аҳволи бўлиши мумкин, — дейди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев. — Қонга муҳтож бу инсонларнинг ҳаммаси бизга нотанишдир балки, лекин уларга тезлик билан қон етказиб берилмаса, қайсидир оила фарзанди, отаси ёки онасини, суюкли аёли ёхуд бобосию бувисини йўқотади. Бундай вазиятлар эса кунига ўнлаб, юзлаб одамлар билан юз бериши оқибатида юртимизда бугунги кунда қон тақчиллиги юзага келиши мумкин.
Шу боис "Адолат" партияси бошлаган акцияга хайрихоҳ бўлиб, биз ҳам университетимизга Республика қон қуйиш маркази вакилларини таклиф этдик. Университетимизнинг мўъжазгина жамоаси вакиллари, талаба-магистрларининг деярли барчаси ихтиёрий равишда қон топширдилар.
Аслида бу ҳам бир эҳсон, савоб учун қилинган хайрли ишдир. Юртимизда эса олий ўқув юртлари, турли ташкилотлар талайгина, улар ҳам шу хайрли ишга бош қўшсалар, ўйлаймизки, беморларга фойдаси тегиши, бизнинг қонимиз сабаб бўлиб, қай беморлар Аллоҳ берган неъмат — ҳаётга қайтиши хеч гап эмас. Шунинг учун бундай савобли ишларни кўпроқ қилишга барчани чорлаб қоламиз.
Партия билан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўзаро ҳамкорликда бу каби акцияларни мунтазам ўтказишга келишиб олинди.
Республикамизнинг барча ҳудудларида 3-6 декабрь кунлари ўтказилган мазкур акцияда 1032 нафар юртдошимиз қатнашиб, уларнинг беғараз кўмаги туфайли 258 000 грамм қон тўплашга эришилди.
“Adolat” мухбири Дилором Маткаримова тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
ДОНОРЛИК АКЦИЯСИ: 548 нафар кўнгилли 138,3 литр қон топширди Аввал хабар берганимиздек, жорий йил юртимизда карантин чоралари қатъий бе...
01 янв 1970
Ҳудудларда маҳаллий Кенгаш депутатларига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар партия депутатларига аҳолининг ишончи ортаётганини кўрсатади....
01 янв 1970
Уюшмаган ёшлар ўз муаммосини ҳал этишда “Адолат” СДПга ишонмоқда
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси, партиянинг “Аёллар қаноти” Кенгаши ҳамда Қонунчилик па...