Қўйларимиз “йўқолиб” қолди

/
Мен Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, “Қизилпета” МФЙ Гулистон кўчасидаги 56-уйда яшайман. Вақтинча ишсизман. Рўзғорни тебратиш учун уйда қўй боқиб, сотаман. Болаларимнинг ризқи ҳам шунга қараб қолган. Афсуски, йигирма кундан буён оиламизнинг тинчи бузилган. Келинг, сизларни бўлиб ўтган воқеа тафсилотлари билан таништирай.
2018 йилнинг 20 январь куни соат 16:00 да қўшниларим Раҳматжон Абдуқаҳҳоров ва Раим Қодиров билан қўйларимизни “Қизилтепа” МФЙ ҳудудидаги «Шоҳимардонсой» фермер хўжалиги ёнидаги зовур ёқасида боқаётган эдик. Бир совлиқ туға бошлади. Биз шу билан овора бўлиб қолибмиз. Қўйларнинг бир қисми фермер хўжалигига қарашли ғалла экилган майдонга кириб кетибди.
Шу воқеа устига туман ҳокими ва ИИБ бошлиғи келиб қолди. Қўйларга эътиборсиз бўлганимиз учун минг пушаймон эканимизни билдирсак-да, ИИБ бошлиғи ва маҳалла нозири қўйларни ҳайдаб кетди.
Жорий йилнинг 22 январь куни Олтиариқ туман маъмурий суди ушбу ишни кўриб чиқиб, айбимизга иқрор эканимизни ҳисобга олиб, ҳар биримизга жарима белгилади. Уни вақтида тўладик. Бундан ташқари, «Шоҳимардонсой» фермер хўжалигига етказилган зарар — 1 320 000 сўмни ҳам ўз ихтиёримиз билан қоплаб бердик. Ҳеч кимда бизга қарши даъво қолмаганидан сўнг қўйларни сўраб, туман ҳокими Х.Ниёзовга учрашдик. Ҳоким бува қўйларингизни билмайман, деди. ИИБ бошлиғи И.Сайдинов қабулига бордик. У ҳам қўйларнинг тақдиридан бехабар эканини, бу иш билан шуғулланмаслигини билдирди.
Ушбу масалада ёрдам сўраб вилоят ҳокими ҳузурига боришга жазм этдик. Афсуски, ҳокимнинг қабулига киритиш уёқда турсин, дардимизни ҳам эшитишни исташмади. Шундан буён қўйларни олиш илинжида қилган мурожаатларимиз ҳавода қолиб кетмоқда. Наҳотки, менинг айбим билан оила аъзоларим, қўшним Раҳматжон ва Раимларнинг фарзандлари кам-кўстини бут қилиб келган 65 бош қўй ўз-ўзидан «йўқолиб» қолса?
Ҳудудимизда оила боқиш учун ҳеч қандай ишлаб чиқариш корхонаси ва иш ўрни йўқ. Кўпчилик ишсиз. Ёшлар иш қидириб Россияга боришади. Боролмаганлар эса мол ва қўй боқиб, рўзғор тебратади.
Юқорида таъкидлаганимдек, мен ҳам шу иш ортидан фарзандларимни вояга етказаяпман. Афсуски, шуни ҳам биздан тортиб олишди. Сизлардан илтимос, менга ва қўшниларимга тегишли қўйларни олишда ёрдам беринг. Биз йўл қўйган хатомиздан минг бора пушаймонмиз.
Ҳасанбой ЮНУСОВ,
Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, “Қизилпепа” МФЙ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қорақалпоғистонлик фидойи, ишбилармон-тадбиркорлар ҳам му...
01 янв 1970
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан бири бу...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига
01 янв 1970
Бугун жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янгиланишларга мос равишда мансабдор шахслар, депутатлардан тортиб, оддий...