Иқтидорли сафдошимиз — танлов ғолиби

/
Бу йилги Халқаро хотин-қизлар куни байрами андижонлик сафдошимиз, Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали талабаси Гавҳарой Усмонхўжаева учун қўшалоқ шодиёнага айланди. Иқтидорли партиядошимиз Г.Усмонхўжаева байрам арафасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон ихтирочи аёллари маркази томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” II республика танловида ғолиблар қаторидан ўрин олди. 4 мингдан зиёд хотин-қиз ўз ихтиролари, инновацион ғоя, технология ва лойиҳалари билан иштирок этган ушбу тадбирда Гавҳаройнинг қишлоқ хўжалиги мавзусидаги ишланмаси кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Гавҳарой айни пайтда олий таълим даргоҳида “аъло” баҳоларга ўқиш билан бирга устози Х.Абдуллаева раҳбарлигида “Интенсив олма боғларда тарқалган ўсимлик шираларига қарши курашишда энтомофагларнинг ролини ошириш” мавзусида илмий изланиш олиб бормоқда. У интенсив олма боғларида тарқалган ўсимлик ширалари ривожланиши, тарқалишини прогнозлаштириш ва мониторинг тизимини, унинг асосида биологик ҳимоя тадбирлари режаларини ишлаб чиқиш мақсадида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Мевали боғларнинг асосий сўрувчи зараркунандаларидан бири ширалар бўлиб, у ривожланиш даври мобайнида ўсимликнинг бўртган куртакларидаги ширани, кейинчалик баргни ва гуллардаги шираларни сўриб, ўсимликка зарар етказади. Натижада шира таъсирида шикастланган барглар тезда сарғаяди ва қуриб тўкилади. Қаттиқ шикастланганда мева кўчатлари қуриб қолади
Г.Усмонхўжаеванинг дастлабки изланишлари 2018 йилда Андижон туманидаги “Биокимё интенсив” масъулияти чекланган жамиятида синовдан ўтказилди. Голден навли олма экилган 4 гектарли майдонда сўрувчи зараркунанда турига қарши мавсум давомида олтинкўз энтомофаги муваффақиятли қўлланилди ва яхши натижага эришилди.
— Танлов илмий ишларимизни синовдан ўтказиш имконини берди, — дейди Г.Усмонхўжаева. — Боғдорчиликка оид илмий ишланмам иштирокчиларда қизиқиш уйғотди. Бир қатор фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамкорликда ишлаш таклифини билдиришди. Танлов жараёнида бошқа ихтирочи аёлларнинг ишланмалари, бизнес ғоялари, ижод намуналари билан ҳам танишдим.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг лойиҳаларини амалиётга йўналтириш партиямизнинг дастурий мақсадлари сирасига киради. “Ёш адолатчилар” қаноти сафида Гавҳарой каби истеъдодли ёшлар кўплиги қувонарлидир.
Гавҳарой шеъриятга ошнолиги, нотиқлиги ва ташкилотчилиги билан ҳам тенгдошларига ўрнак бўлмоқда. Унинг “Кўзларимга сиғади осмон” номли илк китоби ўз ўқувчиларини топди. 2018 йили “Йил талабаси” республика кўрик-танловида “Йилнинг энг фаол нотиқ талабаси” номинацияси ғолиби бўлди. Гавҳарой келгусида илмий изланишларини давом эттириб, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этишга ҳисса қўшишни мақсад қилган.
Акбаржон НАЗАРОВ,
Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бахтиёр она ҳайкали пойини чулғаган гуллар, келажак авлод вакиллари ўқиган шеърлар муқаддас Ватанимиз, халқимизга меҳру садоқатимизнинг ифодасига а...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган анъанавий “Адолат билимдон...
01 янв 1970
Депутатлар дастлаб “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдил...
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган депутатларнинг масъулияти яна ҳам ортди.&n...