121,7 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилмаган

/
БУ ҲОЛАТ ДЕПУТАТЛАР ЭЪТИРОЗИГА САБАБ БЎЛДИ
Жорий йилнинг 22 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, партия экспертлари ва фаоллари, тегишли вазирлик, идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йилдаги ва 2019 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.
Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан олиб борилган ислоҳотлар натижасида ҳисобот даврида иқтисодиётни барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожлантириш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланди.
Натижада 2018 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 2017 йилга нисбатан 5,1 фоизга, жорий йилнинг I чораги якунига кўра эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,3 фоизга ўсишига эришилди.
Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижросини муҳокама этар экан, ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинганини эътироф қилган ҳолда ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратишди.
Таъкидланганидек, 2018 йилда ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 42,9 триллион сўм ёки умумий харажатларнинг 53,8 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 10,5 фоизни ташкил этади.
Абдуғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Маълумки, Давлат бюджетининг шаклланишида маҳаллий бюджетлар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис маҳаллий ҳокимликларнинг бюджетга қўшимча даромад топишда масъулияти, жавобгарлиги оширилди, шу билан бирга, режадан ортиқча тушган маблағлардан фойдаланишда уларга эркинлик берилди.
Маҳаллий бюджетлар мустақиллигини кучайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2018 йил давомида маҳаллий бюджетларда шаклланган қўшимча даромадлар, яъни ҳокимликлар ихтиёрида қоладиган маблағ жами миқдори 2 триллион 910 миллиард сўмни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан Давлат бюджетга 5,5 баробар кўп маблағ жалб қилингани депутатлар томонидан алоҳида таъкидланди.
Ушбу маблағлар, ўз навбатида, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилган давлат дастурларини маблағ билан таъминлашга, хусусан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларида кўзда тутилган тадбирларни ҳамда ҳудудлардаги бошқа муҳим лойиҳаларни молиялаштиришга сарфлангани партиямизнинг дастурий вазифаларига тўлиқ мос келади.
Депутатлар томонидан таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим сифатини таъминлашга қаратилган стандартлар ва дастурларни мукаммаллаштириш, шунингдек, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва олий ўқув юртларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам биринчи даражали эътибор қаратилди.
Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 48,3 фоизини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 20,7 триллион сўм маблағ ажратилди. Демак, 2017 йилга нисбатан 4,7 триллион сўмга ёки 29,6 фоизга кўп маблағлар йўналтирилганлиги фракция аъзолари томонидан ижобий баҳоланди.
Ҳисобот даврида, айниқса, мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар депутатларнинг диққат марказида бўлди.
Улуғбек САМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Президентимизнинг 2018 йил 28 февралдаги “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мактабгача таълим муассасалари педагог ва раҳбар ходимлари, дефектолог ва психологларининг иш ҳақи миқдорлари сезиларли оширилди. Бу партия электорати ҳисобланган педагогларни қўллаб-қувватлашга, уларнинг ижтимоий мавқеи кўтарилишига хизмат қилди.
Шунингдек, чора-тадбирлар натижасида йил давомида давлат мактабгача таълим муассасаларига борадиган болалар сони қарийб 28 фоизга кўпайгани ва 838,7 минг нафарни ташкил этгани ижобий натижа саналади ҳамда бу борадаги ислоҳотларни тизимли давом эттириш зарурлигини кўрсатади.
Шу билан бирга, мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда болаларга тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳолатини яхшилаш, тиббиёт хоналарини ташкил этиш ҳамда доимий ишловчи малакали мутахассислар билан таъминлаш масаласи ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.
Умид СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Бугунги кунда аҳолини, айниқса, қишлоқ аҳлини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи долзарб бўлиб, буни жойларда ўтказилган очиқ мулоқотлар давомида қайд этилган мурожаатлар ҳам тасдиқлайди. Ҳисоботда келтирилишича, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга 2018 йилда 930,9 миллиард сўм ажратиш режалаштирилган бўлиб, амалда 717,8 миллиард сўм молиялаштирилган ёки режага нисбатан 213,1 миллиард сўм кам молиялаштирилган. Натижада режа 77 фоизга бажарилган. Бу ҳолат ичимлик суви таъминоти ўта долзарб муаммо бўлган Қашқадарё вилоятида атиги 40 фоизга, Фарғона вилоятида эса 44 фоизга бажарилган, холос.
Ичимлик сув таъминоти ва оқава хизматини яхшилаш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 2019 йилда ажратиладиган маблағлар 1 100 500,0 миллион сўм бўлиб, 2019 йил 1 апрель ҳолатига тасдиқланган манзилли рўйхатга асосан 730 546,8 миллион сўм ўзлаштирилиши керак эди. Лекин республикамиз бўйича 111 866,7 миллион сўм (15,3 %) ўзлаштирилган, холос. Ушбу йўналишда айрим ҳудудлар, масалан, Наманган, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри эса ҳозирги кунга қадар умуман молиялаштирилмаган.
Бу каби долзарб масалаларда сусткашликларга йўл қўйилганлиги эса фуқароларимизга ислоҳотларни ўз турмуш тарзида кўришига тўсқинлик қилмоқда. Албатта, ҳисобот йилининг навбатдаги чоракларида ушбу муаммоларни бартараф этиш лозим.
Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш секторини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағлар ижросига ҳам фракция аъзолари жиддий ёндашдилар.
Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш соҳасига 2018 йилда Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 9,4 триллион сўмни ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 21,9 фоизини ташкил этди.
Мамлакатда тиббиёт соҳасини тубдан яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида ушбу соҳада кўпгина ижобий натижаларга эришилаётгани билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилди.
Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар йил сайин ўсиб бораётганига қарамасдан, ушбу соҳада Президентимиз томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ижроси учун режалаштирилган 121,7 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиши таъминланмаган, бу ҳолат фракция аъзоларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 ноябрдаги ПҚ-2650-сонли қарори билан тасдиқланган Оналар ва болалар саломатлигини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларга режалаштирилган 41,6 миллиард сўмдан 17,9 миллиард сўми йил охирига қадар ўзлаштирилмаган. 2018 йил 25 январдаги ПҚ-3493-сонли қарор билан тасдиқланган ОИВ — инфекциясини олдини олиш бўйича стратегик дастурни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларга режалаштирилган 25,9 миллиард сўм, 2017 йил 25 декабрдаги ПҚ-3440-сонли қарор билан тасдиқланган Болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури бўйича чора-тадбирларга режалаштирилган 51,6 миллиард сўм, 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сонли фармон билан тасдиқланган Нейросенсор карлик ёки заиф эшитадиган 150 нафар болаларда кохлеар имплантатлардан фойдаланган ҳолда операциялар ўтказиш учун режалаштирилган 26,3 миллиард сўм маблағлар йил давомида ишлатилмай, соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фақат 2018 йилнинг 4-чораги якунидагина тасарруф этилган.
Соғлиқни сақлаш тизимида асосий эътибор аҳолининг ҳаётдан розилигини таъминлашга қаратилаётган бир пайтда юқорида қайд этилган бюджет маблағлари ўз вақтида ўзлаштирилмагани, тез тиббий ёрдам хизматларини алоқа воситалари билан тўлиқ таъминлаш, фукароларнинг ягона электрон тиббий картасини яратиш, ”Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш ишлари якунланмаганлиги тизимдаги ислоҳотлар самарасига ўз таъсирини ўтказаётгани таъкидланди.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари 2019 йилнинг биринчи чорагида соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 2,8 триллион сўмни ташкил этганлиги ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 50,1 фоизга ўсганлигига эътибор қаратишди.
Депутатлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиланишлар партия Сайловолди дастурида белгиланган скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини доимий такомиллаштириб боришга доир вазифаларга ҳамоҳанглигини эътироф этган ҳолда соҳага йўналтирилган маблағларни ўз вақтида ва мақсадли ишлатилишини таъминлаш уларнинг доимий назоратида эканлигини таъкидлашди.
Муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар ҳамда ҳисобот даврларидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижросини маъқулладилар.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Шўрчи тумани Маданият саройида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини ёшларга атрофлича тушунтириш юзаси...
01 янв 1970
2019 йил 19 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....