Муҳим сиёсий тадбирда муносиб иштирок этиш ҳар биримиздан фаоллик ва ташаббускорликни талаб этади

/
2016 йил 15 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг VIII Қурултойи бўлиб ўтди. Унда 200 нафарга яқин делегат иштирок этди.
Қурултойда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоди ва унинг сайловолди Дастури тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Қарори билан жорий йил 4 декабрь Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб эълон қилинди.
“Адолат” СДП ҳам республикамиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимизга янада тўкис, фаровон турмуш шароитларини яратиш, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишни мақсад қилган сиёсий куч сифатида ушбу сайловда муносиб иштирок этишга киришди.
Қурултойда жорий йил 17 сентябрь куни бўлиб ўтган “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг VI Пленуми қарорига мувофиқ, партия Сиёсий Кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Маджитович Умаровнинг номзоди Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилиши атрофлича муҳокама қилинди.
Сўзга чиққан Қурултой иштирокчилари “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоди Н.Умаров етарли ҳаётий тажрибага эга эканлиги, сафдошлари орасида обрў-эътибор қозонганлигини инобатга олган ҳолда бўлажак сайловда иштирок этиш учун муносиб номзод эканлигини қайд этиб ўтишди.
Қурултой делегатлари “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 24 ва 242-моддаларига мувофиқ, “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Наримон Маджитович Умаровни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги таклифни бир овоздан қўллаб-қувватладилар.
Шундан сўнг Қурултой иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” СДП номзодининг сайловолди Дастури билан таништирилди.
Ушбу масала юзасидан сўзга чиққанлар партия номзодининг Дастури партия дастурий вазифаларига тўла мос бўлиб, унинг мазмун-моҳиятида мамлакатимизни ҳар соҳада ривожлантириш, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, халқимиз учун тинч ва фаровон турмуш шароитини яратишдек устувор ғоя ва мақсадлар мужассам эканини таъкидладилар.
Қурултойда номзоднинг сайловолди Дастури маъқулланди ва сайловолди ташвиқотини олиб боришда фойдаланиш учун партиянинг марказий ва қуйи ташкилотларига тавсия этилди.
Қурултой якунида “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни рўйхатга олишни сўраб Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига белгиланган ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этиш масаласига тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, Қурултойда “Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Уставига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги масала ҳам делегатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Қурултой якунлари бўйича журналистлар учун ташкил этилган брифингда партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов ахборот берар экан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатимиз келажаги учун муҳим сиёсий тадбирда ўз номзоди билан иштирок этиш жараёнида ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосидаги ҳуқуқий демократик давлат, маънавий жипслашган адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш тарафдори эканлигини қайд этиб ўтди.
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

СЎЗ — ҚУРУЛТОЙ ИШТИРОКЧИЛАРИГА
Ёрмамат ХОЛИЁРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ҳар бир сиёсий партия қонунчиликда белгиланган ваколатдан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишни мақсад қилар экан, ушбу лавозимга ўз электорати, аъзолари ва хайрихоҳларининг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, энг муносиб номзодни танлаш ва кўрсатиш долзарб масала ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, бугунги Қурултойимизда кўп минг кишилик партиямиз аъзолари орасидан энг муносиби, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган партиямиз Сиёсий Кенгаши раиси Умаров Наримон Маджитовични Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод сифатида кўрсатилгани тўғри қарор бўлди, деб ўйлайман.
Чунки, партиядошларимиз Наримон Умаровни кўп йиллик ҳаёт тажрибасига эга инсон, профессионал раҳбар ва сиёсий етук мутахассис сифатида яхши билишади.
У киши жонкуяр раҳбар сифатида партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган ғоя ва мақсадларни ҳаётга кенг жорий қилишга қаратилган ташаббуслари ҳамда ёшу қари ва барча тоифадаги фуқаролар билан уларга хос бўлган оддий тилда сўзлаша олиши ҳисобига электоратимиз ва сайловчилар орасида ҳурмат, эътиборга сазовор бўлиб келмоқда.
Номзодимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг раҳбари сифатида қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил жараёнларида чуқур билим ва ҳаётий тажрибаси, ташкилотчилик ва ташаббускорлик қобилиятларини намоён қилиб келмоқда. У кишига хос бу каби хусусиятлар партиямиз дастурида белгиланган устувор вазифалар доирасида қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишида яққол намоён бўлмоқда. Бунга мисол сифатида яқинда қабул қилинган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилинишида ҳиссалари катта бўлганлигини айтиш жоиз.
Наримон Умаров раҳбарга хос шижоат ва ҳамма масалаларга ўз вақтида ҳамда ишонч билан ёндашиш қобилиятига суяниб мамлакатимизнинг узоқ тоғли ҳудуди Олтинсой тумани сайловчиларининг электр таъминоти масаласидаги мурожаатларини Вазирлар Маҳкамаси билан ҳамкорликда биринчилардан бўлиб инновацион ечим қўллаш ҳисобига, яъни қуёш батареяли электр энергияси ишлаб чиқариш қурилмасини Халқ банки истеъмол кредити ҳисобига ҳал этиш механизмини ишлаб чиқди ва бугунги кунда мазкур амалиёт ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Қолаверса, Наримон Умаров ҳозирда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил — Омбудсман фаолиятига масъул сифатида самарали иш олиб бораётгани ҳам у кишининг серқирра раҳбар эканлигидан далолат беради.
Ўз навбатида, Наримон Умаровни нафақат сиёсий етакчи, балки технократ, ўз мутахассислигининг чуқур билимдони, Ўзбекистоннинг табиий иқлим шароитини, экологиясини, қишлоқ хўжалиги ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни чуқур биладиган, ушбу йўналишлардаги долзарб масалалар ечимида мақбул таклиф ва ташаббусларни илгари сурган етук олим сифатида жамоатчилик яхши танийди.
Шуҳрат ПОЛВОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатилган Наримон Умаровни биз 2013 йилдан партиямиз Сиёсий Кенгаши раиси, 2015 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ҳамда фракциямизга раҳбар сифатида самарали фаолият юритиб келаётганини яхши биламиз.
Буни биргина, Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси фаолияти мисолида айтиб ўтадиган бўлсак, фракциямиз таркиби бошқа партиялар фракцияларига нисбатан кам сонли бўлишига қарамасдан, у кишининг тажрибали раҳбар сифатида ташкилотчилиги, талабчанлиги ҳамда бир жамоа бўлиб жипслаштира олиши натижасида фракциямиз фаолияти бугунги кунда сифат жиҳатдан янада яхшиланиб, қонун ижодкорлиги жараёнидаги фракциялараро рақобатда ўзини тўлақонли намоён этмоқда.
Хусусан, парламентдаги “Демократик кучлар блоки”га нисбатан ўзини мухолифат, деб эълон қилган фракциямиз “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий ғоя ва вазифаларини рўёбга чиқариш мақсадида қонун лойиҳалари муҳокамаси ва парламент эшитувларида ўзининг позицион таклифларини дадил олға суриб келмоқда.
Агар буни рақамларда ифода этадиган бўлсак, Наримон Маджитович раҳбарлигида ўтган қисқа даврда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари 60 га яқин қонун лойиҳаларига масъул, 10 дан ортиқ қонун лойиҳаларига ташаббускор бўлди.
Шунигдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида бир нечта қонунлар қатори илк маротаба парламентдаги мухолифат саналган Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритишга муваффақ бўлди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида мавжуд норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар матнидан фойдаланувчиларнинг, шу жумладан, ижрочилар ва аҳолининг тезкор ва сифатли фойдаланишини таъминлашга қаратилганлиги билан эътиборлидир.
Бундан ташқари, ушбу даврда фракциямиз назорат-таҳлил фаолияти ҳам кучайди. Хусусан, фракциямиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ҳамда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг тегишли масалалар бўйича ахборотига оид парламент эшитувлари ўтказилди ва ижро органларига тегишли топшириқлар берилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг ана шундай ижобий натижаларга эришишида, шубҳасиз, партия Сиёсий Кенгаши раиси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Умаровнинг хизматлари беқиёсдир.
Асрор ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши раиси:

— Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси республикамиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимизга янада тўкис, фаровон турмуш шароитларини яратиш, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишни ўзининг асосий мақсади, деб билар экан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда ҳам бошқа сиёсий партиялар билан бир қаторда муносиб иштирок этмоғи лозим.
Бу орқали биз партиямизнинг халқимиз орасидаги нуфузини янада мустаҳкамлаш имконига эга бўлиш билан бирга, партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни ҳаётга татбиқ қилиш, уларнинг самарали ижросини таъминлаш масалаларида муҳим қадам ташлаган бўламиз.
Шу маънода, ушбу сайловда партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Наримон Умаров нафақат партиямизнинг дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқаришга қодир етакчи, балки мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига, халқимизнинг эртанги тақдирига дахлдор масалаларни ҳал қилишда ҳам ўз фикрига, фуқаролик позициясига эга шахс, масъулиятли, халқпарвар ва жонкуяр раҳбар сифатида ушбу лавозимга ҳар томонлама лойиқ, деб биламан.
Наримон Умаров раҳбарлигида ўтган йилларда партия фаолиятини такомиллаштириб, бу борада катта-катта партиявий лойиҳалар, акциялар ва тадбирлар амалга оширилди. Биз бу кишини ходимларга партиянинг вазифаларидан келиб чиққан ҳолда аниқ вазифаларни белгилаб берадиган, уларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини назоратга оладиган масъулиятли раҳбар, фидойи инсон сифатида яхши биламиз. Айниқса, охирги икки йил давомида партиямиз аъзолари сони 30 фоизга кўпайганининг ўзи кўп нарсани англатади. У кишининг раҳбарлигида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида жойлардаги муаммолардан келиб чиқиб масалалар киритиш, депутатлар сўровларининг ошиб бораётганлиги, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижросини ташкил қилишда партия фаолларининг иштирокига эътибор берилаётганлиги диққатга сазовор.
Шу билан бирга, ўтган йиллар мобайнида партиямиз мафкуравий ва ташкилий жиҳатдан бирмунча мустаҳкамланди. Айниқса, партия тизимида фаолият юритаётган кадрларга бўлган эътибор кучаймоқда. Биргина, жорий йилнинг ўзида партиянинг 30 дан ортиқ ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган махсус ўқув курсларида малакаларини оширишлари юқоридаги фикримизнинг далили бўла олади.
Партия тизимида замон талабларига мос юқори салоҳиятли, ўз сиёсий позициясига эга раҳбар ва масъул ходимларнинг фаолият юритишига эришиш мақсадида ўтган йил охири ҳамда жорий йилнинг бошларида аттестациялар ўтказилди. Бунинг натижасида партиямиз тизимида кадрлар қўнимсизлигининг олдини олишга эришилмоқда. Наримон Умаровни бу каби амалий ишларнинг бевосита ташаббускори сифатида баҳолайман.
Ушбу Қурултой “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий ғояларини жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш, мамлакатимиз сиёсий майдонидаги мавқеини ҳамда аҳоли орасидаги обрўсини янада ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини самарали ташкил қилишда муҳим қадам бўлди.
Мақсуд ТЎРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби:

— Партиямиз фаоллари ҳамда электоратимиз вакилларининг хоҳиш-истаклари билан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Наримон Умаров ҳақида кўп гапириш мумкин.
У кишининг кўп йиллик меҳнат фаолиятидаги оддий илмий ходимликдан раҳбарликка қадар босиб ўтган самарали йўли, инсоний фазилатлари ҳамда бой ҳаётий тажрибаси, билими ва салоҳияти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод сифатида тўғри танланганлигидан далолат беради.
Жумладан, Наримон Умаров партия раҳбарлигига сайланган дастлабки кунларданоқ, биринчи навбатда, партиянинг марказий органларидан тортиб энг қуйи тузилмаларигача ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлашга эътибор қаратиб келмоқда. Бунинг натижасида ўтган йилларда партиянинг барча туман ва шаҳар кенгашларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Яъни ҳар бир кенгаш ўз офисига эга бўлди, компьютер ва бошқа техник воситалар, тарғибот материаллари билан тўлиқ жиҳозланди. Бир сўз билан айтганда, партиянинг қуйи ташкилотларини кучайтириш орқали биз республикамиздаги ҳар бир қишлоқ, овул, маҳалла ва хонадонларгача кириб бориш, аҳолининг барча ижтимоий қатламлари билан мулоқотга киришиш имкониятига эга бўлдик.
Номзодимиз раҳбар сифатида партиянинг айнан ёшлар сиёсатига доир саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор билан ёндашиб, бу борадаги барча ташаббусларимизни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келаётгани ҳам биз, ёшлар учун аҳамиятлидир.
Бунинг натижасини ҳозирда партия аъзоларининг қарийб 50 фоизини, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий вакиллик органларидаги депутатларнинг 20 фоизини, партия Марказий аппарати, ҳудудий ва маҳаллий партия ташкилотларида фаолият юритаётган партия ходимларининг 45 фоизини 35 ёшгача бўлган кадрлар ташкил этаётганида кўришимиз мумкин.
Номзодимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида ҳам ўтган даврдаги фаолияти давомида ўз сайловчилари ишончини оқлаб келмоқда. Сайлов округида аҳоли билан бўлиб ўтадиган учрашувларда шахсан иштирок этиш асносида шунга гувоҳ бўлганманки, улар ўз депутатларига қаттиқ ишонишади, у кишига ўз муаммоларини, дардларини эркин айтишади. Бу ҳам Наримон Умаровнинг одамлар қалбига йўл топа олгани ва уларни ўйлантираётган масалаларга бефарқ эмаслигидан далолат беради. Ана шу каби фазилатлари, кадрлар билан ишлаш борасидаги бағрикенглик ва устозларга хос ғамхўрликлари сабаб Қурултойда Наримон Умаров Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилди ва у кишининг номзоди барча делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ҳар бир сиёсий партия демократия кўзгуси бўлган сайловларда иштирок этар экан, ўзининг ғояси, мақсад-муддаоларини акс эттирувчи сайловолди дастурини ишлаб чиқади ва шу орқали халқнинг ишончини қозонишга ҳаракат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиздан кўрсатилган номзоднинг сайловолди Дастури билан танишар эканмиз, конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларни мужассам этадиган ғоялар, улардаги инсонпарварлик ва ижтимоий хусусиятлар социал-демократия ва миллий қадриятларимизга мос эканлиги, айниқса, электоратимиз манфаатлари билан ҳамоҳанглигига гувоҳ бўламиз.
Айниқса, Дастурда ташқи сиёсат масаласига устувор аҳамият қаратилган. Хусусан, бугунги кунда бутун дунёда глобаллашув жараёнлари авж олган бир пайтда, хорижий давлатларда юз бераётган кўнгилсизликлар, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар бўлиб тургани барчамизга сир эмас.
Ана шундай шароитда мамлакатимизда тинчлик ва хотиржамликнинг барқарорлиги, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг мустаҳкамланиши юртимизнинг халқаро майдондаги обрўси ва нуфузи ортиб боришига хизмат қилмоқда.
Номзодимизнинг Дастуридан ўрин олган ташқи сиёсатнинг асосий тамойиллари миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб, тинчликсевар, прогрессив сиёсат юритишдек ҳаётда ўзини оқлаган инсонпарварлик, мамлакатлараро ва миллатлараро дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланиши билан эътиборимизни тортади.
Хусусан, бундан кейин ҳам мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, ҳеч қандай ҳарбий блокларга ва коалицияларга қўшилмаслик, ҳарбий мақсадларни назарда тутувчи ҳаракат ва ташкилотлар билан алоқа ўрнатмаслик, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, гуманитар алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган ғоялар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Айниқса, парламентимиз томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясига асосланиб, жаҳон ҳамжамияти билан икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларни миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб ривожлантириш, яқин қўшни давлатлар билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб бориш, минтақамиздаги барча муҳим сиёсий, иқтисодий ва экологик муаммоларни ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, конструктив мулоқот ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари асосида ҳал этиш, БМТнинг ижтимоий-гуманитар соҳаларга ихтисослаштирилган институтлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалаларининг номзод Дастурида илгари сурилганлиги мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи янада юксалишига олиб келади.
Ишонамизки, партиямизнинг барча депутатлари ҳамда фаоллари сайловолди ташвиқоти вақтида бу каби юксак ғояларни юқори савияда, маҳорат билан сайловчиларга етказиб, партиянинг Президентлик сайловида муносиб иштирокини таъминлашга интиладилар.
Акмал БУРХАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодимизнинг сайловолди Дастури ўзида мужассам этган ғояларнинг аниқ кўрсатилганлиги, мақсадларга эришишнинг муайян механизмлари акс этганлиги билан аҳамиятлидир.
Айниқса, Дастурда “кучли ва адолатли суд ҳокимияти бўлган жойда қонун ва адолат тамойиллари устувор” эканлиги алоҳида таъкидлангани ва бу мақсад йўлида, энг аввало, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, суд жараёни иштирокчиларининг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, адвокатура институти ҳуқуқ ва ваколатларининг янада кенгайтирилиши, адвокатларнинг солиқ юки енгиллаштирилишига эришиш устувор вазифа бўлиб қолиши партиямиз электорати манфаатларига тўла мос келади.
Дастурда илгари сурилган “жамият аъзоларининг Конституциямиз ва қонунларимиз ижросига бўлган ишончи – уларнинг эртанги кунга бўлган ишончидир” деган ҳаётбахш ғоянинг сайловчилар ўртасида самарали тарғиботи жамият аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш ва ривожлантиришга хизмат қилади.
Умуман, бошқа партияларга нисбатан бизда алоҳида қайд этиш лозим бўлган ютуқ бор. Бу – “Адолат” деган номдир. Партиямиз номининг ўзи жозибадор. Сайловчини жалб этади. Адолат ғояси халқимиз суйган ғоядир.
Айни шу сабабдан ҳам биз бор эътиборимизни адолат ғояси акс этган сайловолди Дастурига боғлиқ жараёнларга жамоатчилик тузилмаларини – партиянинг “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар” қанотини, биринчи навбатда, барча депутатлик корпусини жалб этишга ҳаракат қилишимиз лозим.
Азима ЗАЙНУТДИНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” кенгаши раиси:

— Наримон Умаровнинг сайловолди Дастурида биз учун ҳамиша устувор тамойил бўлиб келган, социал-демократик платформанинг энг муҳим ғояларидан бири бўлган кучли ижтимоий ҳимоя йўналишида белгиланган мақсад ва вазифалар ҳеч бир сайловчини бефарқ қолдирмайди, деб ўйлайман.
Жумладан, Дастурда фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий тенглиги, ҳар бир фуқаро қобилияти ва малакасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиши кафолатланадиган, меҳнатининг миқдори ва сифатидан келиб чиққан ҳолда муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг ва тенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш ғояси мужассамлиги фикримизга далил бўла олади.
Айниқса, бу борада илгари сурилаётган “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” тамойилига амал қилган ҳолда турмуш даражаси кўрсаткичларини янада яхшилашнинг муҳим шарти бўлган, кўп йиллик мустақил тараққиётимиз даврида ўзини оқлаган давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиб, ҳаётга самарали татбиқ этиш тажрибасини давом эттириш таклифи мазкур йўналишдаги мақсадларимизнинг туб моҳиятини ташкил этади, десак тўғри бўлади.
Шунингдек, номзодимиз Дастурида бундан кейин ҳам аҳолининг барча ижтимоий қатламлари сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида тиббий хизматлар тизимини кучайтириш, скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш, ёшлар ва аёллар, коллеж битирувчилари учун янги иш ўринлари яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалалари эътиборимиз марказида бўлиши белгиланмоқда.
Қолаверса, ушбу йўналишда белгиланган уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ажратилаётган ипотека кредитлаш жараёнини такомиллаштириш ва фоизларини оптималлаштириш, уй-жой-коммунал комплекси ишини янада яхшилаш, аҳоли учун белгиланаётган коммунал тўловлар миқдорини доимий назоратда тутиш, бу соҳаларда аҳолига хизмат кўрсатадиган муқобил ташкилотлар ўртасидаги рақобатни ошириш ҳамда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини кучайтириш каби вазифалар ҳам Дастурнинг муҳим хусусиятларидан биридир.
Бундан ташқари, Дастурда хотин-қизларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларни босқичма-босқич давом эттириш, уларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, меҳнат бозорида уларга имтиёзлар бериш, иқтидорли ҳамда юқори малакали, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлган аёлларни давлат бошқаруви органларининг барча соҳалари ва бўғинларига жалб қилиш масалаларига устувор вазифалар сифатида қаралиши партиямиз аъзоларининг 52 фоизини ташкил этувчи хотин-қизларнинг ҳеч бирини эътиборсиз қолдирмайди, деб ўйлайман.
Мавлуда БЕРДИҚУЛОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Паркент туман кенгаши раиси,
халқ депутатлари Паркент туман Кенгаши депутати:

— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиз номзоди Наримон Умаровнинг сайловолди Дастури мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритадиган бўлсак, унда партиямизнинг энг устувор ғоя ва мақсадлари, ҳозирги замоннинг энг долзарб вазифалари акс эттирилган.
Жумладан, ҳозирда жаҳон иқтисодиётида юз бераётган ўзгариш ва тенденциялардан келиб чиққан ҳолда инновацион иқтисодиётга барқарор тараққиёт ва мамлакат рақобатбардошлигининг гарови сифатида таъриф берилганлиги ҳамда ушбу йўналишда долзарб вазифалар белгиланганлиги номзодимиз Дастурининг ўзига хос жиҳатларидан биридир.
Ҳақиқатан ҳам, янги технологияларга асосланган иқтисодиёт давлат қудратини оширади, халқимиз фаровонлиги ва жамиятимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Шу мақсадда Дастурда ушбу соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, мамлакатда инновацион тизим яратилишини ҳар томонлама рағбатлантириш, мавжуд махсус индустриал зоналар фаолиятини кенгайтириш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг инновацион ҳамкорлигини кучайтиришга доир белгиланган вазифалар ҳам айнан бугунги кун талабларидан келиб чиққан.
Қолаверса, номзодимиз Дастурида бошқа сиёсий рақобатчиларимиз дастурларида учрамайдиган, биз учун ҳамиша устувор йўналиш бўлиб келган жозибадор ғоя ва таклифлар борки, бу ҳам сайловчиларни бефарқ қолдирмаслиги аниқ.
Хусусан, иқтисодиётга энергия тежамкор замонавий технологияларни кенг жорий этиш, муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш орқали рақобатбардош энергия бозорини яратиш, “яшил иқтисодиёт”га ва унга мос технологияларга ўтишни давлат томонидан кенг рағбатлантириш каби долзарб вазифалар ва уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари таклиф этилаётгани номзодимиз Дастурининг аҳамиятини янада оширади.
Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати:

— Номзодимизнинг сайловолди Дастури билан танишар эканмиз, унинг ҳар томонлама мукаммал тайёрланганлиги, унда илгари сурилган мақсад ва вазифалар ҳар бир юртдошимизни қизиқтириши, мамлакатимизни янада тараққий эттиришга қаратилган илғор ғоялар билан суғорилганлигига гувоҳ бўламиз.
Айниқса, Дастурда таълим соҳасини янада ривожлантириш борасида илгари сурилган истиқболли таклифлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Жумладан, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласи принципиал ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Бу борада таълим ва тарбия соҳасида узвийликни таъминлашга қаратилган устувор вазифалар ўзининг ҳаётийлиги ва долзарблиги билан қимматлидир.
Хусусан, Дастурда белгиланган мактабгача ёшдаги болалар, айниқса, қишлоқ жойларидаги болаларнинг мактабгача таълим муассасалари томонидан кенгроқ қамраб олинишини таъминлаш ва бу кўрсаткични босқичма-босқич ошириб бориш таклифи ёш болали оилаларнинг, аёлларнинг қизиқишига сабаб бўлиши шубҳасиз.
Бундан ташқари, халқ таълими тизимидаги ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида педагог-муаллимлар меҳнатини рағбатлантириш, ўқитувчилик касби нуфузини ошириш, умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларининг қарор топишига эришиш, синфлардаги ўқувчилар сонини оптималлаштириш, таълим муассасаларида тиббий хизмат даражасини юксалтириш каби мақсадлар ҳам айни бугунги замон талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққанлиги ҳамда электоратимизнинг асосий вакиллари бўлган педагогларнинг манфаатларини ифода этганлиги билан аҳамиятлидир.
Қолаверса, ўрта махсус касб-ҳунар таълимини ҳам кадрларга бўлган талабдан келиб чиқиб оптималлаштириш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг олий таълим билан қамраб олинганлигини босқичма-босқич ошириб бориш, яъни олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриш ва иқтидорли ёшларни танлаб олиш сифатини ошириш, таълим сифатига қўйилаётган талабни кучайтириш, хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган олий маълумотга эга фуқароларимиз дипломларини нострификациядан ўтказиш тизимини соддалаштириш, ҳудудларнинг муайян иқтисодий ихтисослашувидан ва устунликларидан келиб чиққан ҳолда пойтахтда жойлашган олий таълим муассасаларини тегишли ҳудудларга босқичма-босқич кўчириш каби илғор ташаббус ва ғоялар халқимизга, албатта, манзур бўлади, деб ўйлайман.
Ривож ОТАРБОЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари:

— Номзодимиз Дастурида мамлакатимизда асрлардан буён ёнма-ён яшаб келаётган турли миллат ва элатларнинг хилма-хиллигини муштарак ҳолда сақлаш ва бағрикенгликни янада ривожлантириш, юртимизда миллатлараро ва динлараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва уйғун ривожлантириш, миллий ва маданий марказлар фаолиятини кенг ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш орқали мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элатлар вакилларининг миллий урф-одатлари сақланиб қолинишига муҳим масала сифатида қаралаётгани менинг алоҳида эътиборимни тортди. Зеро, “Бирдамлик” социал-демократиянинг асосий шиорларидан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга, демократик жамиятни матбуот эркинлигисиз, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш ва сайлов эркинлигисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Шу нуқтаи назардан, номзоднинг Дастурида бу борада илгари сурилган масалалар мени шоир ва ижодкор сифатида ҳам алоҳида эътиборимни тортди. Яъни мамлакатимизда ахборот соҳасини янада демократлаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш ахборот соҳасида рақобат муҳитини янада кучайтириш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг, давлат ички ва ташқи сиёсатининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда ОАВнинг фаоллигини ошириш, ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлашда ОАВнинг ролини янада кучайтириш, уларнинг моддий-техник базасини янгилаш, технологик модернизация қилиш, журналист касби нуфузини ошириш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш каби устувор вазифаларнинг қўйилиши мен каби ижодкор ва журналистларни бефарқ қолдирмайди.
Эндиликда, олдимизда турган муҳим масала, айнан шу ғоя ва мафкурани ўзида мужассам этган сайловолди Дастурини содда ва халқона тилда халқимиз эътиборига етказишдир.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиз номзодининг сайловолди Дастури мазмун-моҳиятини сайловчиларимиз орасида тарғибот-ташвиқот ишларини республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказишимиз лозим. Бунинг учун барча ҳудудий партия ташкилотларимиз, партиямиз электорати ва аъзоларидан сидқидилдан хизмат қилиш талаб этилади. Айниқса, сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар бир ишончли вакил Дастурдаги ғоя ва мафкурани сайловчиларга юқори савияда, маҳорат билан етказса, муҳим сиёсий тадбирда партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлаган бўламиз.
“Adolat” мухбири
Илёс САХАТОВ тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фарзандлар тарбияси, оила мустаҳкамлигини таъминлашда, айниқса, катта ёшдагиларнинг алоҳида ўрни бор....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан ҳудудларда ўтказилаётган кўргазмали сайёр амалий семинар эзгу мақсад...
01 янв 1970
Жорий йилнинг май ойида вилоятимизнинг Бешариқ туманидаги “Ҳамид Олимжон” маҳалласида сафдошларимиз жонбозлигида яна бир янги бошланғич...