Адолат фаолиятимизнинг бош мезони бўлиб қолаверади

/
5 декабрь куни пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижаларига бағишлаб брифинг ўтказилди.
Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг иштироки юзасидан баёнот берди.
— Мамлакатимиз фуқаролари яна бир тарихий воқеликнинг бевосита иштирокчиси ва гувоҳи бўлдилар, — деди партия раҳбари. — Юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлашдек муҳим сиёсий тадбирда фаол иштирок этиб, ўз конституцион ҳуқуқларини амалга оширдилар.
Сайлов куни шунга яна бир бор гувоҳ бўлдикки, фуқароларимизнинг сиёсий билим ва маданияти ўсиб, давлат раҳбарини сайлашдек муҳим тадбирга юқори даражадаги дахлдорлик ҳисси билан ёндашдилар. Буни сайловчилар рўйхатига олинган фуқароларнинг 87,73 фоизи сайловда иштирок этганлиги ҳам тасдиқлаб турибди. Зеро, ушбу кўрсаткич ҳатто дунёнинг энг демократик ривожланган давлатлари ҳам ҳавас қиладиган натижадир.
Президентлик сайлови ташкилий жиҳатдан юқори савияда, миллий ҳамда халқаро қонунчилик меъёрлари ва талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда ўтказилди.
Айниқса, 2015 йилда миллий сайлов қонунчилигига киритилган янгиланишлар ўз самарасини бериб, сайловнинг янада демократик руҳда ўтишига шароит яратди. Яъни бу йилги Президент сайлови ҳам адолатлилик, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик асосида бўлиб ўтгани мамлакатимизда демократик тамойиллар тўла қарор топаётгани ва қонун устуворлиги таъминланаётганини яна бир бор намоён қилди.
Қолаверса, халқимиз сайловолди ташвиқоти Президентликка номзодлар ва сиёсий партиялар ўртасида очиқ рақобат муҳитида ўтганига гувоҳ бўлишди.
Бу айниқса, ҳар бир сиёсий партия ўз номзодини тарғиб қилишда бир-биридан фарқ қилувчи замонавий шакл ва услублардан, сиёсий PR технологияларидан самарали фойдаланганида, оммавий ахборот воситаларида чиқишларида яққол намоён бўлди.
Сайлов кампанияси даврида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам бошқа рақобатчилари қаторида қонунчиликда белгиланган барча ҳуқуқ ва ваколатлардан ҳамда тенг шарт-шароитлардан самарали фойдаланишга бор куч ва имкониятларини сафарбар этди.
Жумладан, сайлов кампаниясини юқори савияда ўтказиш мақсадида партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳузурида Марказий сайлов штаби, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларида ҳудудий ҳамда туман ва шаҳар кенгашларида маҳаллий сайлов штаблари ташкил этилди. Мазкур штаблар сайлов кампаниясининг жойларда самарали ўтишини таъминлаш партия номзоди ва унинг сайловолди дастурларини сайловчилар орасида кенг тарғиб қилишда таянч тузилмалар вазифасини ўтади.
Сайлов куни партиямизнинг барча сайлов штаблари тўлиқ таркибда фаолият олиб борди. Ҳудудий ва маҳаллий сайлов штабларидан келган ахборот ва маълумотлар партиянинг Марказий штабида умумлаштирилиб, таҳлил этиб борилди.
Шунингдек, республика бўйича ташкил этилган барча сайлов участкаларининг ҳар бирида партия кузатувчилари овоз бериш жараёнларини кузатиб борди. Сайлов жараёнларида қонунбузилиш ҳолатлари бўйича партия Марказий штабига ва ҳудудий штабларга ҳеч қандай шикоят ёки мурожаатлар келиб тушмади.
— Сайлов кампанияси даврида барча номзодларга сайловолди ташвиқотини амалга ошириш учун кенг ва тенг имкониятлар яратиб берилгани, сайловолди ташвиқотини ҳеч қандай тўсиқларсиз, эркин амалга оширганлигимиз ҳамда сайловнинг юқори савияда ташкил этилгани учун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, — деди Н.Умаров. — Қолаверса, сайловолди ташвиқотини самарали ташкил этиш ҳамда дастурий ғояларимизни кенг тарғиб этишда матбуот, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари муҳим роль ўйнади. Шу боисдан сайловларни ёритиб борган мамлакатимиздаги барча турдаги оммавий ахборот воситалари ходимларига, соҳа фидойиларига ҳам алоҳида раҳмат айтамиз.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари бўйича Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган дастлабки натижаларга кўра, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Наримон Умаровга 3,46 фоиз сайловчилар овоз берди.
— Кўппартиявийлик шароитида, очиқ, ошкора, халқаро андозалар, демократик талабларга тўла мувофиқ тарзда бўлиб ўтган мазкур сайлов натижаларини тан олган ҳолда унинг адолатли бўлганлигини эътироф этамиз ва халқимизнинг танловини ҳурмат қиламиз, — дея алоҳида қайд этди Наримон Умаров. — Ушбу сайлов яна бир бор партиямиз учун мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрнини мустаҳкамлаш, халқимиз орасида танилувчанлигимизни ошириш, электоратимизнинг манфаатларини ифодалаш имконини берганлиги билан биз учун муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Сайловда ғолиб бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Миромонович Мирзиёевни халқимиз томонидан билдирилган юксак ишонч билан бутун партиядошларимиз номидан муборакбод этамиз. Ишонамизки, мамлакатимизнинг янги Президенти халқимиз фаровонлиги йўлида олдимизга қўйган дастурий мақсадларимизни амалга оширишда бизга ҳам камарбаста бўлади ва қўллаб-қувватлайди.
Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва Ватан равнақи йўлида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов бошлаган ислоҳотларни изчил давом эттириш, мамлакатимизни янада ривожлантириш ва халқаро майдондаги нуфузимизни юксалтириш, халқимизнинг энг муҳим бойлиги саналган тинчлик, осойишталикнинг бардавомлигини таъминлашдек юксак ва машаққатли вазифаларни амалга оширишда Шавкат Миромонович Мирзиёевга улкан муваффақиятлар ҳамда мустаҳкам соғлик тилаймиз.
Шунингдек, шу куни партия Марказий сайлов штабида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари ва унда партиянинг иштирокига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Наримон Умаров партия фаоллари ва электорати вакиллари ҳамда сайловчилар олдида баёнот берди.
— Бугун сайловга якун ясаган ҳолда ушбу муҳим сиёсий тадбирда муносиб иштирок этиб, мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар билан ўзаро рақобатга киришиш, электоратимиз манфаатларини ифода этишда фаол иштирок этганингиз учун сизларга ва сизлар орқали партиямизнинг кўпминг сонли аъзолари ва хайрихоҳларига, сайловда бизга ишонч билдирган сайловчиларга раҳмат айтаман, — деди партия етакчиси. — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланган 9 сентябрдан партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туман ва шаҳар партия ташкилотларидан тортиб қуйи бўғинларимиздаги фаолларимиз сайлов кампаниясининг барча босқичларида фаол иштирок этишди.
Хусусан, сайловолди ташвиқоти даврида бизнинг жойлардаги учрашувларимизни юқори савияда ташкиллаштиришда ва оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларда, сайловолди дастуримизни тарғиб қилишда, айниқса, депутатларимиз ва ҳудудий кенгашларимиз раҳбарлари алоҳида фаоллик кўрсатишди. Шу билан бирга, ишончли вакилларимиз ҳам ўз ҳудудларида меҳнат жамоалари, маҳаллаларда ва аҳолининг кенг қатлами орасида учрашувлар ўтказиб, сайловолди дастуримизнинг устувор йўналишларини ва мазмун-моҳиятини чуқур тарғиб қилишда фидойилик кўрсатишди. Қолаверса, партиямизнинг фаол ёшлари ва хотин-қизлардан иборат тарғиботчилар гуруҳлари ҳам сайловолди ташвиқоти ишларида алоҳида фаоллик кўрсатишди.
Сайловолди ташвиқоти даврида айниқса, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланилди. Жумладан, марказий, маҳаллий ва нодавлат телерадиоканалларда жойлаштирилган тарғибот роликларидан ташқари, яна 350 дан ортиқ кўрсатув, ахборот, ток-шоу ва дебатларда чиқишлар қилинди. Республика миқёсидаги босма нашрларда эса жами 500 га яқин мақолалар чоп этилди. Шу билан бирга, партия расмий веб-сайти www.adolat.uz да 200 дан зиёд, бошқа интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда ҳам 500 дан ортиқ материаллар жойлаштирилди.
Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра партия номзодини ёқлаб 619 972 нафар сайловчи овоз берди. Бу 2015 йилги Президент сайловида партия номзоди олган овозлар сонидан қарийб икки баробарга кўп деганидир. Бундан кўриниб турибдики, партиянинг халқимиз орасида танилувчанлиги ошиб бормоқда. Демак, ушбу сайловда йўл қўйилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқарилса, бундан кейинги сайловларда янада юқорироқ натижаларга эришиш мумкин.
— Мазкур сайловда мағлуб бўлган бўлсак-да, бизга овоз берган сайловчиларнинг ишончини оқлаш, қолаверса, партиямизнинг кўпминг сонли аъзолари ҳамда хайрихоҳларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилишда давом этамиз, — дея алоҳида таъкидлади Н.Умаров. — Сайловолди дастуримизда илгари сурилган ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат, маънавий ва ахлоқий етук адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги дастурий мақсад ва вазифаларимизни амалга ошириш учун бизда қонуний механизм мавжуд ва ундан тўла фойдаланиб, сайловчиларга берган ваъдаларимиз устидан чиқишга ҳаракат қиламиз. Яъни қонунда белгиланган ваколатлардан унумли фойдаланган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ҳамда маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик корпусларимиз орқали олдимизга қўйган мақсадларимиз ижроси йўлида бор куч ва имкониятларимизни сафарбар қиламиз. Демак, бундан кейинги саъй-ҳаракатларимизда ҳам сизларга таянамиз. Чунончи, адолат ҳар бир ишда дастуримиз ва ҳамроҳимиз бўлиб қолади.
Учрашув якунида Наримон Умаров яна бир бор партиянинг мамлакатимиз сиёсий майдонидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш ва халқимиз орасидаги обрўси, нуфузини юксалтиришдаги фаол иштироки учун сайловчилар ҳамда партия фаолларига чуқур миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли, тенг алоқалар ўрнатиши – халқлар фаровонлиги, мамлакатлар та...
01 янв 1970
14 февраль куни Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 536 йиллигига бағишлаб, “Бори элға яхшилиғ қилғилки...” мавзусида маънавий-маър...
01 янв 1970
Даставвал шуни таъкидлаш лозимки, халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашида “Адолат” СДПнинг депутатлик гуруҳи кўпчилик овозга эга....
01 янв 1970
Сиёсий партиялар фаолиятини, ғоя ва дастурий мақсадларини тарғиб қилишда оммавий ахборот воситалари билан доимий ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга....