Адолатли қайнона — мустаҳкам оила асоси

/
Маълумки, жорий йилда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда “Адолатли қайнона” республика кўрик-танлови ўтказилди. Халқимиз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаб, хонадонларида тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган, ҳаёт сабоқлари билан ёшларга ибрат кўрсатаётган аёлларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган ушбу танлов юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотди. 
Танлов жараёнларида иштирокчиларнинг ташаббускорлиги, жамият ҳаётидаги янгиланишлардан хабардорлиги, ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан дунёқараши мустаҳкамлиги, миллий ва умуминсоний қадриятларни яхши ўзлаштирганлиги, оила ва жамият, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ бой миллий анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш, тарбияда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлаш, ёш авлодда маънавият, маданият, маърифатни янада юксалтириш орқали оилада баркамол авлодни шакллантиришда ибратли ҳаётий тажрибага эга эканлигига эътибор қаратилди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур кўрик-танловнинг қуйи босқичлари маҳаллаларда ўтказилиб, унда фарзандлар, набиралар тарбияси, оилада аҳиллик, маънавий муҳит барқарорлиги, ҳаётий тажрибалар борасида бошқаларга ибрат бўлиб келаётган минг нафардан зиёд онахонлар иштирок этишди.
Белгиланган Низомга мувофиқ, беллашувнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари республика босқичининг ҳам ғолиблари ҳисобланиши танловнинг ўзига хос жиҳати бўлди, десак янглишмаймиз.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами нишонланаётган кунларда пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг ғолиблари Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг дипломлари “Адолатли қайнона” кўкрак нишони ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Партиямиз томонидан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилган байрам тадбири иштирокчилари билан биргаликда танлов ғолиблари — мўътабар оналарнинг пойтахтимиз марказидаги Мустақиллик ва эзгулик монументи, “Бахтиёр она” ҳайкали пойига гул қўйиш маросимида қатнашганлиги теран мазмун касб этди.
Биз танлов ғолиблари ва партия фаолларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.
— Хонадонда катта ёшдагиларнинг илм-маърифатга эътиборли бўлиши оилавий муносабатларга, фарзандлар тарбиясига ижобий таъсир қилади, — дейди наманганлик салкам саксон ёшли Ҳамрохон ая. — Шу фикрларни маҳалладошларимга доим уқтириб, уларни китоб ўқишга ундайман. Асли касбим ўқитувчи, инсон камолотида китобнинг қадрини яхши тушунаман. Фарзандларим, невараларимнинг тарбияси, яхши, ўқимишли инсон бўлиб улғайишида китоблар менинг энг ишончли кўмакдошларим бўлиб келмоқда. Эндиликда бу оилавий анъанамиз маҳалламиз аҳлига ҳам жуда маъқул келганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Мен ташкил қилган маҳалла савдо марказидаги китоб дўкони барчага зиё улашаётганидан хурсандман. Муаллимлар ҳар доим ўз касбига ана шундай боғланиб қоладиган, одамларга сабоқ беришдан ҳузур-ҳаловат ва қаноат ҳосил қиладиган инсонлардир. Илмда ҳикмат кўп. Бир-бирини ҳурмат қилиш, меҳр-оқибатли бўлиш, илм-маърифат билан оилалар мустаҳкам бўлади.
Ҳаётда ўз ўрнини топган етти ўғил-қизим, келинларим, невара-чевараларимнинг бахтиёрлиги — менинг оналик бахтимдир.
— “Адолатли қайнона” танлови ғолиблари — республикамизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган оналар билан ёнма-ён туриб, “Бахтиёр она” ҳайкали пойига гул қўйган чоғимизда қалбимда оналикнинг ўзгача бир ҳиссини сездим. Ўзбек аёли эканлигимдан яна бир бор фахрландим. Шу лаҳзаларда ўзбек аёлининг ёрқин тимсолига қараб, хаёлимдан ажиб кечинмалар ўтди, — дейди Тошкент вилоятидан келган ғолиб онахон Роҳила Ярлақабова. — Дарҳақиқат, Ўзбекистон мана шундай матонатли, меҳридарё, бағрикенг, оилапарвар, болажон оналар юртидир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан яратилган бу муаззам монумент тасвирида юртимиз аёлларининг ҳаёт мазмуни, бугуни ва эртаси, бахту иқболи мужассам. Ўзлигимизни мангу улуғлаб, ҳар биримизга сабоқ бериб туражак бу улуғ тимсол.
— Партия лойиҳаси доирасида ташкил этилган ушбу кўрик-танлов ҳаёт йўлидаги синашта сабоқларни барчага, айниқса, ёш оилаларга ибрат қилиб кўрсатгани билан аҳамиятли бўлди, — дейди қорақалпоғистонлик ғолиб Урхия Танирбергенова. — Ота-боболаримиз оила муқаддаслигига алоҳида эътибор қаратишгани бежиз эмас. Биз оилага суянамиз, ундан куч-ғайрат оламиз, орзу-умидга тўламиз, ҳаётга ишончимиз манбаи шу қутлуғ даргоҳдан бошланади, шу боис уни асраб-авайлаймиз. Ёши улуғ ота-оналар кўпни кўрган инсонлардир. Оилавий ҳаётда у ёки бу масалага, гарчи кичикдай кўринса ҳам, асло бепарволик қилиб бўлмайди. Кичик муаммо беихтиёр катталашиб қолиши мумкин, уни ўз вақтида пайқаб, ҳал қилиш оила ва жамият мустаҳкамлигига хизмат қилади. Ёшларга ана шу каби ҳаёт ҳақиқатларини уқтириш вазифамиз саналади.
— “Адолатли қайнона” танловининг ўтказилиши оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш, хонадонларда ҳуқуқий саводхонликни ошириш, адолат тамойилларига қатъий риоя қилиш орқали оилавий ажримларнинг олдини олиш, оила қонунчилиги ва бу борада белгиланган ҳуқуқий меъёрлар, чора-тадбирларнинг жойларда амал қилишига кўмаклашади, деган фикрдамиз, — дейди Тошкент шаҳар партия кенгашининг “Аёллар қаноти” фаоли Зуҳра Бердиева. — Хонадон аъзолари, хусусан, қайнона ва келин муносабатларининг ижтимоий аҳамияти борлигини назарда тутсак, танловнинг ижобий жиҳатлари яққол аён бўлади.
— Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ўз невараларининг тарбиясини Бибихонимга ишониб топширгани ҳақида кўп ўқиганмиз, устозлардан эшитганмиз, — дея ўз фикрини баён этди бухоролик ғолиб Раънохон Ҳамроева. — Фарзандларнинг бувижонлар қўлида тарбияланиши нафақат оилавий шароит тақозоси, балки аждодларимизнинг, ҳаёт тажрибасидан келиб чиқиб, амал қилган эзгу анъаналаридан биридир. Эътибор қилсангиз, кўпинча “бувисининг тарбиясини олган бола ақлли, доно бўлади“, дейишади. Афсуски, бу фойдали ва зарур анъана баъзан эътибордан четда қолмоқда. Тўғри, ҳар бир оиланинг шарт-шароити ўзига хос бўлиши мумкин. Бироқ бунга имкони бор хонадонларда ҳам невараларининг тарбиясига унчалик парво қилмайдиган оналарни учратиб қоласиз. Оқибатда болажонлар телевизор кўрсатувлари ёки телефон, компьютер ўйинлари билан андармон бўлиб қолишмоқда. Фақатгина қайноналикни эмас, аёлларимиз болажонларнинг доно бувиси бўлиш лозимлигини ҳам унутмаслиги, фарзандларига бу борада ҳам ёрдамини аямасликлари зарур, деб ўйлайман. Ҳозирги аксарият катта ёшдагилар бувиси қанчалик меҳрибонликлар кўрсатганлиги, умрига татийдиган тарбия беришганини яхши эслашади. Уларни мультфильмлардаги турли қаҳрамонлар, баъзан тарбиясига путур етказадиган “маслаҳатгўй”лар билан алиштириб бўладими?! Маҳалладошлар билан суҳбатлар чоғида ота-оналарга шу хусусда фикр билдириб, бувижонларни неваралар тарбиясида эзгу анъаналарни давом эттиришга ундаймиз.
— Мамлакатнинг ривожланиши, миллат тақдири, келажаги кўп жиҳатдан фуқаролик жамиятининг таянч нуқтаси саналмиш оилага боғлиқдир, — дейди танловнинг Сирдарё вилояти иштирокчиси Буҳожар Яриева. — Шу маънода маърифатпарвар аждодимиз Фитратнинг қуйидаги фикрларини келтириб ўтмоқчиман: “Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик эса шу миллат оилаларининг интизомига таянади. Қаерда оила муносабати кучли интизом ва тартибга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади. Агарда бир мамлакатнинг аҳолиси ахлоқсизлик ва жоҳиллик билан оилавий муносабатларини заифлаштириб юборса ва интизомсизликка йўл қўйса, шунда бу миллатнинг саодати ва ҳаёти шубҳа остида қолади”.
Истиқлол йилларида оила — жамиятнинг асосий бўғини деб эътироф этилди ва оила институтини қўллаб-қувватлашга, унинг ҳуқуқий, моддий ва маънавий асосларини мустаҳкамлашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилди. Шуни таъкидлаш жоизки, бу ҳуқуқий асослар фақатгина имконият бўлиб қолмасдан, оиланинг ҳар бир аъзосига жиддий масъулият ҳам юклайди. Бу борадаги меъёрий ҳужжатлар, айниқса, катта ёшдаги инсонларнинг оилага нисбатан маънавий жавобгарлик ҳиссини оширишни тақозо қилади. Шу билан бирга, яратилган ҳуқуқий асосларнинг ҳаётда ўз ифодасини топиши аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга боғлиқ жараён эканини алоҳида қайд этиш лозим. Кўрик-танловнинг ижтимоий аҳамияти хусусида шу нуқтаи назардан ёндашиб фикрлаш айни муддаодир.
Самарқанд вилоят партия кенгашининг “Аёллар қаноти” фаоли Гулчеҳра ўафурова ўз фикрларини шундай баён этди:
— Ютуқлар ўзимизники деганидек, шу ўринда оила мавзусига доир айрим мулоҳазаларни ҳам айтиш жоиз, албатта. Чунки бу муқаддас даргоҳга нисбатан масъулликни англаб етмаган баъзи ёшлар, ҳатто катта ёшдагилар ҳам арзимаган баҳоналар туфайли оилавий ажримларга сабабчи бўлиб қолишмоқда. Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг депутатлик гуруҳи томонидан ҳудудда шу каби ҳолатлар ўрганиб чиқилди. Аввало, қайд этилган оилавий ажримларнинг сабаблари шу қадар арзимас эканлиги кишини афсуслантиради. Масалан, бу ҳолатларнинг аксарияти бир-бирига феъл-атвори тўғри келмаслиги, қайнона-келин ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли бўлса, маълум қисми турмуш ўртоғи хорижга ишлаш учун кетиб, оиладан хабар олмаётганлиги ва бошқа сабаблар боис юзага келгани аён бўлди. Хўш, бу баҳоналарнинг қай бири фарзандларнинг бахтли болалигига раҳна солиш, уларни оила меҳридан айиришга арзийди? Оилада тиббий маданият ҳақида кўп сўз юритамиз. Бу борада, одатда, оилада маънавий таъсири кучлироқ саналган қайноналарнинг масъулиятини ошириш керак. Чунки ёш оила аъзоларининг соғлиғи билан боғлиқ турли ҳолатларда, афсуски, бир ёқлама қараб, кўпинча фақатгина келиндан “айб” излаш билан кифояланишади. Дейлик, хорижда ишлаб келгач, турмуш қурган йигитнинг соғлиғида бирор камчилик бор-йўқлигига парво қилишмайди. Кейинчалик оилавий ажримларга олиб келиши эҳтимоли бўлган эрта турмуш қуриш, тўйларда “кимўзар”га дабдабабозликлару исрофгарчиликларнинг олдини олиш борасида ҳам қиладиган ишларимиз талай. Иштирокчи онахонлар фикрича, тўйларда ортиқча харажатлар, исрофгарчиликларга йўл қўйилиши, афсуски, кўпинча аёлларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Демак, юртимизнинг шаҳар ва туманларида ибратли қайноналарнинг маслаҳатлари, амалий таъсирига бу борада ҳам эҳтиёж катта.
“Аёллар қаноти” фаоли, сурхондарёлик ғолиб Комила Хидированинг таъкидлашича, оиладаги маънавий муҳит ёшларга бевосита таъсир қилади. Шу боис донишмандлар энг яхши инсоний фазилатларни ўзида мужассам этган ота-онагина баркамол, маърифатли фарзандларни вояга етказади, дейишади. Хусусан, ота-онанинг барча хислатлари фарзандларга ўтади ва уларнинг маънавиятини шакллантиришда асосий мезон саналади. Асрлар давомида ҳаётда ўз тасдиғини топиб келаётган бу сўзларнинг туб маъносини ёши улуғ инсонлар янада чуқурроқ тушунганликлари боис ҳам бу синашта ўгитларни фарзандларига уқтириб боришлари ёш ота-оналар учун сув билан ҳаводай зарур, десам янглишмайман.
Оилада тиббий маданиятни шакллантириш, фарзандларимизга ўз соғлиғига масъулиятли бўлишни ўргатиш ҳақида ҳам шундай фикрларни билдириш мумкин. Айниқса, экологик жиҳатдан мураккаб ҳудудларда, хусусан, биз истиқомат қилаётган Сариосиё туманида бу масала янада долзарб аҳамият касб этади.
“Адолатли қайнона” танлови ғолибларини тақдирлаш маросимида ёши улуғ оналарнинг ҳаётий тажрибаси, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашда тутган роли ўрнак бўла олиши алоҳида эътироф этилди. Оилалар тинч-тотув ва фаровон ҳаёт кечираётган хонадондан файзу барака аримайди. Ҳар бир оиланинг бахту саодати юртимиздаги тинчлик-осойишталик, жамият барқарорлигининг ҳаётий мезонларидан саналади.
Райҳона ЎРМОНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати бўлим мудири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сиёсий кучнинг мақсад-вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш, айниқса, партия депутатларининг ташаббускорлик ва фидойилик билан иш олиб боришини тақозо эт...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар куни яқинлашган сари “Адолат&r...
01 янв 1970
Мамлакатимизда фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ҳақида ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.&nbs...
01 янв 1970
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осо...