Ёшларни бирлаштирган беллашув

/
“Адолат билимдони” республика кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди
Куни кеча пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб “Адолат билимдони” республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Байрамона руҳда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари, мазкур кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, истиқлол йилларида юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қанча қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ёшларга доир яна қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, изчил равишда ҳаётга татбиқ қилиб келинмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам бу борада олиб борилаётган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ ёшлар масаласини устувор вазифалар сирасига киритган. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда етакчилик сифатларини ривожлантириш, ташаббусларини рағбатлантириш ва бир қатор мақсадли вазифаларни амалга оширилиши натижасида ёш сафдошларимиз сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Сўнгги йилларда партия сафларида ёшларнинг иштироки сезиларли даражада ошганлиги “Адолат” СДПнинг халқимиз орасида танилиб бораётганлигидан далолат беради. Бугунги кунда партия умумий аъзолари 210 минг нафардан ортиқни ташкил этиб, шундан 37 фоиздан ортиғи, яъни 78 минг нафарга яқинини ёшлар ташкил этмоқда.
Партиямизнинг барча бўғиндаги ташкилотлари, депутатлик корпуслари томонидан давлат ва жамият ишларида ёшларнинг иштироки, фаоллигини кучайтириш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий, тиббий, экологик маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш, дастурий мақсад-вазифаларимизни навқирон авлод вакиллари ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида партиямизнинг бир қатор лойиҳалари доирасида сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда.
Жумладан, “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ўрта-махсус таълим муассасаларининг ўқувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган анъанавий “Адолат билимдони” республика кўрик-танлови ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини юксалтириш, уларни Конституциямиз ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш ҳамда дастурий ғоя ва мақсадларимизни тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, мазкур танлов партия тизимида ташаббускор ва фаол ёшлар сонини кўпайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
— Беллашувнинг туман, шаҳар ва ҳудудий босқичлари адолатлилик, очиқлик, ошкоралик, рақобат мезонлари асосида ўтказилди, — дейди партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бўлими бошлиғи Райҳона Ўрмонова. — Кўрик-танловда ўрта-махсус касб-ҳунар таълими муассасаларининг иккинчи ва учинчи босқич ўқувчиларидан иборат 900 нафарга яқин ёшлар иштирок этди. Танлов жараёни маҳаллий матбуот саҳифаларида, телевидение, “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси ва партиянинг расмий веб-сайтида доимий равишда ёритиб борилди.
Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириб, минглаб ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотган беллашувнинг республика босқичида ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг шартлар бўйича тайёрлаган чиқишларини адолатлилик мезони асосида, холис баҳолаб боришди. Кўрик-танловнинг биринчи, яъни таништирув шартида ҳар бир иштирокчи ўзи ўқиётган таълим муассасаси, туман ёки шаҳар партия ташкилотининг сиёсий-ҳуқуқий ва ташкилий тузилмаси ҳақида слайд ва видеороликлардан фойдаланган ҳолда тақдимот ўтказишди.
Беллашувнинг савол-жавоб тарзида ўтган муҳим қисми — сиёсий-ҳуқуқий билимлар синови иштирокчиларнинг миллий қонунчилигимиздан яхши хабардор эканлиги, Конституциямизнинг ҳар бир моддасини алоҳида меҳр ва ифтихор билан ўрганганлигини яққол кўрсатди. Ёш билимдонларнинг “Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси менинг тасаввуримда” мавзусидаги эркин ижодий ишлари барчанинг диққатини жалб этди. Айниқса, уларнинг партия танилувчанлигини янада ошириш борасидаги таклифлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Фарғоналик Асилбек Абдуҳамидов партиядошларимиз сафида ўнлаб фан докторлари ва академик олимлар борлигини назарда тутиб, ёшларда илм-фанга иштиёқни кучайтириш мақсадида илм фидойилари билан жойларда учрашувлар ташкил этиш, хоразмлик Шоҳида Юсупованинг партия фаоллари томонидан ёшлар ўртасида ташаббуслар кунини ўтказиб бориш ҳақидаги таклифлари ёшларнинг ўз мустақил фикрига эга эканини яна бир бор намоён қилди. Сирдарёлик Адҳам Суҳробовнинг “Ёшларнинг нотиқлик салоҳияти” номли янги лойиҳаси аниқ натижаларга йўналтирилганлиги, партиянинг кадрлар захирасини шакллантиришга қаратилганлиги билан ажралиб турди. “Оммавий маданият”га қарши курашиш бўйича ҳуқуқий меъёрларни ишлаб чиқиш ҳақида билдирилган таклиф ҳам адолат билимдонларининг маънавиятга масъуллик ҳисси баланд эканини кўрсатди.
Якуний натижаларга кўра, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги ахборот технологиялари ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Гулчеҳра Султонхонова 1-ўринни, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицей ўқувчиси Зилола Аҳмедова 2-ўрин, Қорақалпоғистон Республикаси иштирокчиси — Қораўзак иқтисодиёт ва маиший хизмат коллежи ўқувчиси Севара Ходжаниязова ҳамда Наманган вилояти Чортоқ туманидаги педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Муштарий Йўлдошевалар 3-ўринни эгаллаб, 1, 2, 3-даражали дипломларга сазовор бўлишди. Шунингдек, бошқа иштирокчилар ҳам партия Сиёсий Кенгашининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.
Иштирокчилар билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг аксарияти уйида оилавий кутубхона борлигини айтишганида ёш билимдонларнинг муваффақияти, аввало, нимада эканини англагандай бўлдик. Қуйида бир гуруҳ қатнашчиларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.

Сўз — кўрик-танлов иштирокчиларига
Гулчеҳра СУЛТОНХОНОВА, Ўрта Чирчиқ туманидаги ахборот технологиялари ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси:
— Ушбу қизиқарли ва масъулиятли беллашувга тайёргарлик кўриш жараёнида ўз билимларимни бойитишга эришдим. Масалан, ҳуқуқий-сиёсий манбаларни ва тарихий китобларни яна чуқурроқ ўқиб-ўргандим. Танлов туфайли тенгдошларим билан яқин мулоқотда бўлиб, изланишлар олиб борганимиз айни муддао бўлди. Якуний босқичда қатнашиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган тенгдошлар билан билим ва ўқишдаги тажрибаларимиз ҳақида фикр алмашдик.
Уйимизда оилавий кутубхонамиз бор, очиғини айтсам, китоб ўқиш жону дилим. Тенгқурлар билан ҳам ўқиган китобларимиз ҳақида фикрлашамиз. Техника, ахборот технологияларининг мислсиз ютуқларидан онгли равишда, мақсадли фойдаланиш керак, деб ўйлайман. Буларнинг барчаси ҳаётда ўз ўрнимизни топиш, орзуларимизга эришиш учун жуда зарур.
Севара ХОДЖАНИЯЗОВА, Қораўзак иқтисодиёт ва маиший хизмат коллежи ўқувчиси:
— Бир неча кундан буён танловнинг республика босқичига тайёргарлик кўришим партияга бўлган меҳримни янада оширди. Ёш тенгдошларимизнинг ҳар бири ўз қобилияти, иқтидори, сиёсий ва ҳуқуқий билимларини намоён этиб, барчага кўтаринки руҳ бағишлашди. Республика босқичида қатнашиш ҳудудларнинг ҳар бир ғолиби зиммасига чуқур масъулият юклади.
Шербек АВАЗОВ, Олтинсой маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси:
— Сиёсий-ҳуқуқий билимлар барча касб эгалари учун зарур. Келажакда адвокат бўлиш орзусидаман, сиёсатга қизиқаман. Миллий қонунчилигимиз асосларини, бу борадаги янгиликларни доимий кузатиб, ўрганиб бораяпман. Фикримча, адвокат ўз фаолиятида терговчидан кам бўлмаган даражада масъулият билан ишлаши, изланиши, аниқ натижага эришиши лозим. Бунинг учун у, аввало, ўзига талабчан, чуқур билим ва профессионал маҳоратга эга бўлиши, ҳуқуқий билимларини амалда қўллай олиши шарт. Адвокатларга одамларнинг ишончи ортиши уларнинг ана шундай фидойилиги, билимдонлигига боғлиқ. Ўз ҳимоясидаги шахсга малакали хизмат кўрсатиш билан адвокат барчанинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлади, ўз касбининг нуфузини оширади. Бу фикрлар “Адолат” партиясининг дастурий вазифаларининг мазмунига мос, албатта. Шу маънода ушбу танловдан мен катта сабоқ олдим, дейишим мумкин.
Хумора ЯЛҒАШЕВА, Пайариқ тиббиёт коллежи ўқувчиси:
— Танловга тайёргарлик кўрган бўлсам-да, тенгдошларимининг ҳар бир чиқишлари мен учун бир янгилик бўлди. Бу тадбирда биз ёшлар танишиб, дўст орттирдик, партия “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари сифатида амалга ошираётган, режалаштирилган ишларимиз билан ўртоқлашдик. Шуни истардикки, партиянинг “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасида “Ёш адолатчилар” қанотидан лавҳалар мавзусида рукн ташкил этилиб, унда тенгдошларимизнинг амалга ошираётган ишлари, қандай янгиликлар, инновацион ишланмалар устида изланишлар олиб боришаётгани, ижод намуналари ёритиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Хoнзoдaбегим ЖAМOЛOВA, Aсaкa педaгoгикa кoллежи ўқувчиси:
— Юртимизни дунёга танитиш ёшлар зиммасидаги улуғ ишдир. Ана шундай орзу-мақсадларни кўзлаган тенгдошларим сафида бўлиш менга куч-ғайрат бағишлайди. Ҳозирда рус, инглиз ва кoрейс тиллaрини ўргaнмoқдaмaн. Фaн oлимпиaдaлaридa oнa тили ва aдaбиёт фанидaн вилoят вa республикa бoсқичи иштирoкчисимaн.
Ёшликдaн спoртнинг кaрaте шoтoкaн-дo тури билaн шуғуллaнамaн. Кўплaб турнирлaр ва oчиқ чемпиoнaтлaрдa иштирoк этиб, ғолибликка эришдим. Ёшлар ўртасидаги кўрик-танловлар, аввало фикримизни чархлаб, ўз устида ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлайди, бунга бир қатор беллашувларнинг юқори босқичларида қатнашиб, кўп бор амин бўлдим. Бу галги беллашувда «Бaркaмoл aвлoд» бoлaлaр ижoдиёт мaркaзининг «Ёш нoтиқ вa журнaлист» тўгaрaгида олган билим ва кўникмаларим ҳам ёрдам берди. Келaжaкдaги oрзуим спoртчи-журнaлист бўлиш, дунё бўйлaб турли тиллaрдa намойиш этиладиган кўрсaтувлaр тайёрлашни мақсад қилганман.
Партиямизнинг “Куч — адолатда!” деган шиори халқимизнинг энг эзгу фазилатлари, куч-қудратини юрагимизга жо этувчи нурли сўзлардир. Бу ёрқин сўзлар биз ёшларни ўзига жалб этиб, ватанпарвар, эл корига ярайдиган шижоатли, адолатли инсон бўлишга ундайверади.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бахтиёр она ҳайкали пойини чулғаган гуллар, келажак авлод вакиллари ўқиган шеърлар муқаддас Ватанимиз, халқимизга меҳру садоқатимизнинг ифодасига а...
01 янв 1970
“Адолат билимдони” кўрик-танловининг шаҳар ва туман босқичлари бўлиб ўтмоқда....
01 янв 1970
Фуқаронинг мурожаати, ариза, таклиф, хулосаси жамият ҳаётига, оила турмушига дахлдорлиги билан ижтимоий аҳамият касб этади....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Асака туман кенгаши фаоллари “Кексалар доим ардоғимизда” лойиҳаси доирасида тумандаги меҳнат фахрий...