Ташаббус ва натижа: сессия қарори амалда

/
Жойларда қонун устуворлиги таъминланишида халқнинг ишончли вакиллари ташаббускорлик руҳида ишлаши, депутатлик назоратини самарали олиб бориши алоҳида аҳамиятга эга эканлиги кейинги йилларда янада яққол намоён бўлмоқда.
Шу мақсадда халқ депутатлари Шовот туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал этишнинг амалий механизмларидан фойдаланиб, сезиларли натижаларга эришмоқда.
—Айтиш жоизки, депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан 2017 йил давомида аҳоли билан ўтказилган жонли мулоқотларда аниқланган муаммолар, фуқароларнинг мурожаатлари асосида мутасадди ташкилотларга 46 та депутатлик сўрови киритилди. Шундан 27 тасида келтирилган масалалар ижобий ҳал этилиб, қолган депутатлик сўровлари бўйича ҳамкорликдаги ишлар давом этмоқда, — дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Жумабой Бекчанов. — Аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, маҳаллалардаги ички йўлларни жорий ва капитал таъмирлаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, кам таъминланган фуқароларга ёрдам бериш каби қатор масалалар бўйича аниқ ишлар қилинди.
Туманнинг “Бунёдкор” маҳалласида яшовчи фуқаролар ҳудуддаги 2, 41-умумтаълим мактабларига ҳамда қурилиш касб-ҳунар коллежига олиб борадиган “Янги обод” кўчасидаги таъмирталаб ҳолат ҳақида депутатларга шикоят қилишган эди. Қиш кунлари, ёғингарчилик пайтларида пиёдалар, айниқса, ўқувчилар ва кекса йўловчилар учун ноқулайликлар пайдо бўлаётгани аҳолини ташвишлантириб келганлиги маълум бўлди. Депутатлик гуруҳи аъзоси Шихназар Турсунов бу масала юзасидан туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи номига депутатлик сўрови киритгач, ўрганишлар натижасига кўра мазкур йўл капитал таъмирланадиган бўлди. Шу маҳаллада яшовчи фуқароларнинг маҳалла йўллари бўйига тунги чироқлар ўрнатиш ҳақидаги мурожаати депутат Тўлқин Муҳаммаджоновнинг туман электр таъминоти корхонасига киритган депутатлик сўрови натижасида ижобий ечим топди, тунги чироқлар маҳалла кўчаларини ёритиб турибди.
Тумандаги “Шовот” маҳалласида яшовчи фуқаролар шу маҳаллада жойлашган 2-сон мактабгача таълим муассасаси аҳоли сонига нисбатан олиб қараганда эҳтиёжни қоплай олмаётганлиги, ўнлаб оилаларнинг фарзандларини боғчага бериш нияти борлиги, аммо боғчада ўрин етарли эмаслиги хусусида эътироз билдиришди. Ўрганишларда мазкур МТМда 90 нафар бола тарбияланаётгани, бир неча йил олдин бошлаб қўйилган боғча қурилиши тўхтаб қолгани аниқланди. Депутатлик гуруҳи аъзоси Феруза Юсупова томонидан туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари номига депутатлик сўрови киритилди. Депутатлик сўровига йўлланган жавоб хатига кўра мазкур масалага доир аниқ вазифалар 2018 йилги манзилли дастурга киритилган.
Ҳар ҳафтанинг чоршанба куни партиямизнинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида жойларда ўтказилаётган мулоқотлар фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишда ижобий аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, Шовот туман партия кенгашида тузилган ишчи гуруҳи таркибида ҳам депутатлар фаол иш олиб бормоқда. Ишчи гуруҳи аъзоларининг тумандаги чекка маҳаллалардан бири бўлган “Ижтимоият” маҳалласида фуқаролар билан мулоқоти чоғида айрим фуқаролар нафақа пулларини ўз вақтида ололмаётгани, икки ойдан бери хонадонларга суюлтирилган газ баллонлари келтиришмаётгани ҳақида баён қилишган эди. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Бекзод Ражапов мазкур масалалар юзасидан Халқ банкининг туман филиали ҳамда туман газ таъминоти корхонаси бошлиғига депутатлик сўрови киритди ва иккала муаммо ҳам бартараф этилди. Қисқа вақт ичида нафақадорларга нафақа пули берилиб, хонадонлар суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланди.
Партия фаолларининг “Оқ олтин” маҳалласи аҳли билан учрашувида фуқаролар ҳудудда жойлашган “Ниёз бобо” қабристонининг 500 метрлик йўли таъмирталаб ҳолатга келиб қолганини айтишди. Депутат Жумабой Бекчановнинг туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи номига юборган депутатлик сўрови амалий натижа берди, ушбу йўлга тош ётқизилди.
Фаоллар кўмаги билан шу маҳаллада истиқомат қилаётган 1-гуруҳ ногирони Рўзимбой Отажоновга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ногиронлик аравачаси берилди. Мулоқотлар натижасида шу маҳалладаги тўрт нафар ёшлар ва аёлларнинг тумандаги “UzTEX SHOVOT” МЧЖга ишга жойлаштирилганлиги ҳам эътиборга молик.
Партия депутатлик гуруҳи ташаббуси билан халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида “Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари синфларидаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматининг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлиги” масаласи муҳокама этилиб, сессия қарори амалиётга йўналтирилган эди. Албатта, қарор ижроси депутатлик назоратига олинган. Ноябрь ойида туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи маълум қилганидек, партия фаоллари томонидан ўрганишлар жараёнида тумандаги 54 та умумтаълим мактабидан 6 тасида тиббиёт хонаси мавжудлиги аниқланган бўлса, эндиликда яна ўн битта, яъни 3, 5, 9, 10, 12, 14, 17, 23, 37, 38, 42-умумтаълим мактабларида ҳам тиббиёт хоналари фаолият бошлади ва ушбу масканлар зарурий дори-дармонлар, штат асосида ўрта тиббий ходим билан таъминланди.
Айни пайтда партия депутатларининг ташаббуси билан 29-умумтаълим мактабининг атрофи ободонлаштирилиб, ушбу таълим масканидаги замонавий шарт-шароитларни янада яхшилаш мақсадида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланиш ва жамиятимизни модернизациялаш жараёнларида парламент муҳим ўрин тутади. ...
01 янв 1970
Бугун мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароитлар ва имкониятлар кўлами чегара билмайди. ...
01 янв 1970
Партиявий ишларни тизимли равишда олиб бориш сиёсий кучнинг қуйи бўғинлари фаолиятини такомиллаштириш, ушбу таянч тузилмалар сони кўпайишига эришиш...
01 янв 1970
Бугунги юксак тараққиёт даври замонавий педагог зиммасига ҳам кўп масъулият юкламоқда....