Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги жамият ҳаётида қандай ўрин тутади?

/
Халқ таълими вазирлиги қошидаги Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш — давр талаби” мавзусида онлайн ўқув-семинари ўтказилди.
Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзолари, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий маркази мутахассислари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари, партия фаоллари иштирок этишди. Ҳудудларда ташкил этилган студиялар орқали партиянинг ҳудудлардаги фаоллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кенг жамоатчилик вакиллари семинарда онлайн мулоқотга киришиш имконига эга бўлишди. Тадбирни партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов олиб борди.

Таъкидланганидек, юртимизда истиқлол йилларида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги мавқеини юксалтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ислоҳотлардаги иштирокини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила институтини қўллаб-қувватлаш устувор вазифага айланди. Бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилди ва амалиётга изчил йўналтирилди.
Айниқса, давлат ва жамиятни бошқаришда хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш мақсадида миллий сайлов қонунчилигимизда сиёсий партиялар томонидан ҳокимият вакиллик органларига сайловларда депутатликка номзодларни кўрсатишда хотин-қизлар учун 30 фоизлик квота белгиланганлиги бошқа сиёсий партиялар сингари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси учун ҳам кенг имкониятларни тақдим этмоқда.
Партия хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Аёллар, ёшлар ва электорат манфаатларини ифода этишга қаратилган лойиҳалар ана шу мақсадларни рўёбга чиқариш билан бирга партиямизнинг жамоатчилик орасидаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга ҳам хизмат қилаётир. Мисол учун, “Аёллар қаноти” кенгаши ташаббуси билан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” республика кўрик-танлови юртимиз аёлларини мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларини модернизация қилиш ва янгилашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотларда янада фаолроқ қатнашишга ундамоқда. Бугунги кунда сафдошларимизнинг 50 фоизга яқинини хотин-қизлар ташкил этади, улар дастурий мақсад-вазифаларимизни рўёбга чиқаришда ўз салоҳияти, фидойилиги билан фаоллик кўрсатиб келаётганлиги эътиборга молик.
Шу билан бирга, юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, ҳуқуқий ва тиббий маданиятини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, айниқса, ўсмир қизларни илм-маърифатли, жисмонан ва маънан баркамол қилиб тарбиялаш борасида олдимизда муҳим ҳаётий вазифалар борлиги, шу мақсадда ҳамкорликдаги фаолиятимизни кучайтириш зарурлиги ҳақида сўз юритилди. Жойларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, комил фарзандларни вояга етказиш, ўз салоҳияти, қобилияти билан оиласи ва юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ифодалайди, албатта. Бошқача айтганда, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини таъминлаш юрт равнақи ва жамият ҳаётида ҳал қилувчи омиллардан бири саналади.
Мутахассис ва экспертларнинг “Фаол ва ташаббускор аёлларнинг жамият ва оиладаги ўрни”, “Никоҳ шартномаси — оила мустаҳкамлигининг гарови”, “Глобаллашув жараёнида хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини янада ошириш борасида халқаро тажриба”, “Инновация ва илм-фан соҳасида аёлларнинг ўрни” каби мавзулардаги маърузалари, уларда аниқ таҳлил ва хулосалар, ҳаётий таклифлар келтириб ўтилганлиги билан семинар қатнашчиларининг диққатини жалб этди.
Жумладан, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ижтимоий адолат ғояларини қарор топтириш, эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилигини, уларнинг меҳнати учун бир хил ҳақ тўланишини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг таълим олиши, касбий тайёргарлик ва мослашувини таъминлайдиган дастурларни илгари суриш, аёлларнинг давлат органлари барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш, уларнинг ташаббус ва изланишларини рағбатлантириш ўзаро ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишлари сифатида қайд этилди.
Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида қайд этилганидек, хотин-қизлар ўртасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, жумладан, жиноятчилик ва оилавий ажримларнинг олдини олишда Олий Мажлис палаталарининг ролини ошириш борасидаги танқидий фикрларидан тегишли хулоса чиқариб, шу мақсадда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш лозимлиги семинарда алоҳида таъкидланди. Мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил этиш, аввало, ўз фаолиятимизга танқидий ёндашишни тақозо этади. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида жойларда ўтказилган мулоқотлар доирасида маҳаллалар ҳаёти, фуқароларни ўйлантираётган масалалар, хусусан, оилалардаги маънавий муҳит ва шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш асносида ҳам бунга амин бўлдик.
Ўқув-семинар якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.
Дилором АДИЛОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Марказий аппарати масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Партиявий ишларни тизимли равишда олиб бориш сиёсий кучнинг қуйи бўғинлари фаолиятини такомиллаштириш, ушбу таянч тузилмалар сони кўпайишига эришиш...
01 янв 1970
Уруш ва меҳнат фахрийларининг хонадонига маҳаллий Кенгаш депутатлари ва “Ёш адолатчилар”нинг ташрифи уларни хурсанд қилди....
01 янв 1970
Бугунги давр олдимизга қўяётган янги вазифалар партиянинг сиёсий куч сифатида мавқеини янада мустаҳкамлаш, хусусан, партия депутатларининг ташаббус...
01 янв 1970
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтида семинар-тренинг ўтказилди....