Халқ манфаати қонунларда ўз аксини топмоқда

/
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг матбуот анжумани ўтказилди. Унда фракциянинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти, бир қатор муҳим қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамалари якуни бўйича ахборот берилди.
Анжуманни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров олиб борди.
Таъкидланганидек, фракция аъзолари “Қонунларнинг асл муаллифи халқ бўлиши лозим” тамойилига амал қилган ҳолда, қонун ижодкорлиги фаолиятида асосий эътиборни аҳолини ўйлантираётган масалалар ечимига қаратмоқда.
Хусусан, жорий йилда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 27 та йиғилиши ўтказилиб, уларда 115 та қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳалари орасида партия сайловолди дастуридан ўрин олган ва кўп йиллардан буён ҳамкор ташкилотлар билан бирга такомилига етказилган “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги, “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш тўғрисида”ги, “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳаларининг биринчи ўқишда маъқулланганлиги партиямизнинг дастурий ғоялари ҳаётга татбиқ этилаётганидан далолат бермоқда.
Фракция аъзолари томонидан Қонунчилик палатасининг ялпи мажлислари кун тартибига киритилган барча қонун лойиҳалари бўйича қизғин муҳокамаларда зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича 225 маротаба таклифлар ҳамда 115 маротаба партиянинг Сайловолди дастури нуқтаи назаридан келиб чиқадиган ўз позицияларимиз билдирилди.
Фракция ташаббуси билан Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари ва қуйи палата қарорлари лойиҳалари юзасидан партиянинг қуйи тизимидан таклифлар олиш ва умумий позицияни шакллантириш механизми жорий этилди, яъни партия тизимида “Фракция – марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган янги тартиб жорий қилинди.
Ушбу тизим орқали ҳозирда 27 та қонун лойиҳаси бўйича 150 дан ортиқ таклифлар фракцияга тақдим этилди.
Фракция раҳбари қайд этганидек, “Адолат” СДП фракцияси парламентдаги мухолифат сифатида ҳам қонун ижодкорлиги жараёнида ўз позицион таклифлари билан фаол иштирок этмоқда. Фракция таклифи билан “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига экстремизм билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, яъни профилактикасига эътибор бериш ва уларга чек қўйишга доир нормалар киритилди.
Ер ости сувидан фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эса фракция таклифи билан қайта кўрилиб, жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари учун ер ости сувларидан фойдаланишга мўлжалланган қудуқларни қазиш жавобгарликдан мустасно эканлигига доир норма билан тўлдирилди.
Бундан ташқари, фракция аъзолари жорий йилнинг ўтган даврида 10 га яқин қонунларни ишлаб чиқишда ташаббускорлик кўрсатди.
Анжуманда аҳоли томонидан кўтарилган муаммолар фракция аъзоларининг қонун ижодкорлиги жараёнларида қай даражада акс этаётгани хусусида ҳам депутатлар томонидан батафсил ахборот берилди.
Абдуғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Партиямизнинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида фаолларимиз билан уйма-уй юриб аниқланган тизимли муаммолар фракция аъзоларининг қонун ижодкорлиги фаолиятида асосий йўналишларни белгилашда ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, ўрганишларда кўпчилик фуқаролар пенсияга чиқишдаги оворагарчиликлар, ҳужжат тўплашдаги югур-югурлар, энг асосийси, кўп йиллар ишлаган даври бўйича архив муассасаларидан тегишли ҳужжатлар топилмагани сабабли пенсия миқдорини ҳисоблашда муаммолар вужудга келаётгани аниқланди.
Мазкур ўрганишлар жараёнида барча даражадаги депутатлар томонидан ҳудудлардаги “Ягона дарча” марказларига сўнгги 5 йил давомида фаолиятини тугатган давлат ва хўжалик бошқаруви органи ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатини олиш бўйича 153 та депутатлик сўрови чиқарилди.
Ушбу марказлар тақдим этган маълумотларга кўра, 2012-2017 йилларда 68 594 та ташкилот тугатилган бўлиб, улардан фақатгина 22 347 тасининг (32,6 фоиз) ҳужжатлари архив муассасаларида мавжудлиги маълум бўлди. Қолган 46 247 та (67,4 фоиз) тугатилган корхона ва ташкилотларнинг ҳужжатлари эса на вилоят архивида ва на туман (шаҳар) архивларида мавжуд эмаслиги аниқланди. Таҳлиллар эса фуқаролар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатлар ва уларнинг кўп йиллик меҳнатини тасдиқловчи маълумотлар ташкилот раҳбарлари ўз ишига масъулиятсизлик билан қараганлиги туфайли йўқолиб кетганини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2154-моддасида архив иши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Бироқ амалда сўнгги беш йилда тугатилган корхона ва ташкилотларнинг 46 247 тасининг (67,4 фоиз) ҳужжатлари йўқолиб кетгани ва унинг натижасида фуқароларнинг 45 067 та мурожаатлари жавобсиз қолганлигига қарамасдан бирорта ҳам мансабдор шахс мазкур модда бўйича жавобгарликка тортилмаган. Бунга “Архив иши тўғрисида”ги қонун талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгилашнинг аниқ механизми йўқлиги ҳам сабаб бўлмоқда.
Шулардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳада амалдаги қонунга давлат ва нодавлат ҳамда идоравий архивларни ташкил этиш ва юритиш тартибини бузган корхона, ташкилотлар мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш бўйича аниқ нормалар киритиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, архивларда ҳужжатларнинг электрон нусхаларини яратиш ишларини жадаллаштириш, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, Давлат солиқ қўмитаси ва “Ўзархив” агентлиги ўртасида ходимлар меҳнат фаолиятига оид ягона маълумотлар базасини яратиш назарда тутилмоқда. Бу эса аҳолининг ортиқча оворагарчиликка дуч келишининг олдини олади.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Бугунги кунда болалар стоматологияси соҳасида дарҳол ҳал қилиниши лозим бўлган бир қатор муаммолар тўпланиб қолган. Чунки мактаб ва ўсмир ёшидаги болалар касаллиги ўз вақтида даволанмаслиги салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, имтиёзли тоифадаги беморларга кўрсатиладиган стоматологик ёрдам бўйича қонунчилик базасидаги бўшлиқлар, шунингдек, аҳоли, айниқса, болаларнинг стоматологик соғлиғининг мониторинги олиб борилмаслиги республикамиз ҳудудларида истиқомат қилувчиларнинг касалланганлик ҳолатини объектив тарзда аниқлаш имконини бермаяпти.
Шундан келиб чиққан ҳолда партиямиз томонидан “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа дастлаб жорий йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида Андижон, Бухоро, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида амалга оширилиши кўзда тутилган. Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари, Тошкент давлат стоматология институти, Ўзбекистон Стоматологлар ассоциацияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар алоҳида анкета саволномаси асосида ҳудудларда ўрганишлар олиб бормоқда.
Хусусан, Бухоро вилоятида сентябрь ойи мобайнида 81 та умумтаълим мактабидаги стоматология хоналарининг аҳволи ўрганилиб, Вобкент, Пешкў ва Олот туман бош стоматологлари ишни яхши ташкил этмагани аниқланди.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг Сергели, Миробод, Юнусобод, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек туманидаги ўрганишлар давомида ушбу ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида стоматология хонаси йўқлиги, болаларга биринчи ёрдам кўрсатувчи керакли дори воситаларининг етарли эмаслиги, кариес билан оғриган болаларга тиббий муолажалар қилинмагани маълум бўлди.
Таъкидлаш жоизки, лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан болалар ва ўсмирларда стоматологик касалликлар профилактикасини яхшилашга қаратилган асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилади. Шу билан бирга, стоматологик поликлиникалар, ҚВПлар ва умумтаълим мактаблари стоматология кабинетлари фаолиятига доир қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси фракция аъзолари томонидан қайта кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Матбуот анжуманида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш бўйича фракция ишчи гуруҳининг фаолияти тўғрисида ҳам маълумот берилди.
Ушбу қонун лойиҳасида илмий ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари, илмий ва илмий-техникавий фаолиятни молиялаштиришнинг асосий принциплари, манбалари ва шакллари каби асосий масалалар ўрин олган. Шунингдек, депутатлар лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида асосий эътиборни соҳага ажратилаётган бюджет ва грант маблағлари сарфланишининг шаффофлигини таъминлашга қаратилган норма киритилиши ҳамда лойиҳадаги ҳаволаки нормаларни камайтиришга қаратилаётганини таъкидлаб ўтишди.
Йиғилишда қайд этилганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси назорат-таҳлил фаолиятига ҳам алоҳида аҳамият қаратмоқда. Фракция аъзолари ушбу йўналишда партия электорати манфаатларига жавоб берадиган долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича партиянинг Сиёсий Кенгаши ва жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда тизимли иш олиб борди.
Хусусан, жорий йилда олиб борилган ўрганишларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва ундан оқилона фойдаланиш ҳамда соғлиқни сақлаш йўналишида фуқароларни арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш каби муаммолар кўп кўтарилган эди. Айнан шу икки масала Қонунчилик палатасида илк бор ташкил этилган “Ҳукумат соати” кун тартибига фракция ташаббуси билан киритилиб, жорий йилнинг май ойида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарларининг ахбороти эшитилди.
Бу, албатта, “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган бошқарувда ошкоралик, очиқлик ва ҳисобот бериб бориш каби вазифалар билан ҳамоҳанг эканлиги депутатлар томонидан қайд этилди.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга партия депутатлари ва фаолларидан батафсил жавоб олдилар.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўғирлик жиноятини содир этганлар ҳақида баъзида эшитиб қоламиз.
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан жойларда аҳоли билан ўтказилаётган бевосита мулоқотлар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантир...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан амалий семинар ташкил этилди....