На жавоб берилди, на муаммо ўрганилди

/
Депутат — халқнинг ишончли вакили, у одамларнинг ўй-ташвишларини ўз дилидан кечириб яшамоғи, муаммоларни ҳал этишда ташаббускор бўлмоғи даркор. Шундай экан, улар масъулиятни чуқур англаб ишлаши, халқ ишончига муносиб фаолият юритиши талаб этилади. Аммо...
Депутат-ку масъулиятни ҳис этаётган бўлиши мумкин, аммо баъзи мутасадди ташкилот раҳбарлари-чи? Шу жўнгина саволга жавоб топиш мақсадида халқ депутатлари Бухоро вилояти, шаҳар ва туман Кенгашларида фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлари томонидан тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарларига юборилган депутатлик сўровлари юзасидан берилган жавоблар билан қизиқиб кўрдик.
Бухоро вилоятидаги 54 нафар партия депутати 2019 йил давомида аҳоли мурожаатлари ва аниқланган муаммоларни ўрганиш асосида тегишли ташкилотларга 137 та депутатлик сўрови киритган. Шундан 70 фоизга яқин депутатлик сўрови ижобий ечим топган, бир қатор сўровлар бўйича иш давом этмоқда, баъзи сўровларга берилган жавобларда аниқлик етишмайди, айримлари умуман жавобсиз қолиб кетмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бир қатор масъул раҳбарлар томонидан сўровга тушунарли ёзма жавоб берилган ҳолда келтириб ўтилган муаммолар ҳам бартараф этилмоқда. Лекин беш бармоқ баробар эмас деганларидек, айрим мансабдор шахслар депутат сўровига эътибор билан ёндашмаяпти. Мамлакатимиз раҳбари “Депутатга беписандлик — халққа беписандлик” деб таъкидлагани бежиз эмас.
Халқ депутатлари Жондор тумани Кенгаши депутати Қурбон Темиров “Кулиён” МФЙда бўлганида фуқаро Муҳтарама Очилова томорқаларни суғориш учун ариққа сув етарли даражада берилмаётгани ҳақида мурожаат қилган эди. Бу муаммо томорқада ҳосил етиштиришга салбий таъсир қилади. Депутат мурожаат юзасидан жорий йил 1 февралда “Аму Бухоро” ирригация тизимлари ҳавзаси бошқармаси Жондор туман Ирригация бўлимига депутатлик сўрови киритди. Аммо бир ойдан ортиқроқ вақт ўтса-да, ҳамон жавобдан дарак йўқ.
Ваҳоланки, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатлари мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига мувофиқ ташкилот мутасаддилари ўн кун муддат ичида муаммони ўрганиб, амалга оширилган ишлар юзасидан жавоб беришлари лозим эди.
Яна бир мисол. Халқ депутатлари Шофиркон тумани Кенгаши депутати Ҳамрогул Ашурова “Темирчи” МФЙ “Шейхлар” қишлоғида бўлганида фуқаро Нозима Равшанова кам таъминланган оила эканини айтиб, янги қурилган иморатига электр токи ўтказишда ёрдам сўраган.
Депутат Ҳ.Ашурова шу масала бўйича туман электр таъминоти корхонасига 2018 йилнинг 19 декабрида йўллаган депутатлик сўровига корхона мутасаддилари на жавоб беришди, на мурожаатни жойига бориб ўрганишди. Муаммо эса ҳал этилмади.
Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутати Дилфуза Эргашова жорий йил 14 февраль куни вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУК раҳбарига “Бобур” МФЙда истиқомат қилувчи аҳоли мурожаатларини ўрганган ҳолда депутатлик сўрови киритди. Унда “Бобур” МФЙ ҳудудидаги “Қоровулбозор” шоҳкўчаси 13, 14 ва 16-кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар мазкур уйлар ёнидан ўтувчи шаҳар иссиқлик манбаига қарашли қувур ёрилгани боис сув беҳуда оқиб увол бўлаётгани, ён-атрофга ҳам зарар келтираётгани билан бирга хонадонларни иситиш учун зарур бўлган иссиқ сув манзилларга етарли миқдорда берилмаётгани қайд этилган. Мазкур депутатлик сўровига ҳам ҳануз қонунда белгиланган тартибда жавоб берилмади.
Бундай олиб қараганда, қувурнинг ёрилгани ҳақида хабар берилишининг ўзиёқ масъул ташкилот учун манфаатли эмасмиди? Аҳолидан миннатдор бўлган ҳолда ёрилган қувурни тез фурсатда таъмирлаш, олтиндан қиммат бўлган неъматни фойдали мақсадга йўналтириш корхона учун ҳам, одамлар учун ҳам ҳаётий зарурат саналмайдими? Увол бўлаётган сув иморатларга зиён етказиши мумкин. Бунинг устига исроф бўлган сув ҳақини ким тўлайди, кимдан ундирилади, деган савол ҳам туғилади. Бу ҳол ноқонуний қарздорлик ҳолатлари пайдо бўлишига олиб келмайди, деб ишонса бўладими?
Депутатлик сўровига шахсий жавобгарлик билан ёндашув ана шу каби саволлар юзага келишига барҳам берган бўлармиди?
Жойларда қонунларга амал қилинса, мансабдор шахслар ўз вазифасига масъулият билан ёндашса, шубҳасиз, бир муаммо яна бошқа муаммони етаклаб келишидан олдин ҳал этилади. Бунга мутасаддилар нима дейди? Сиз-чи, азиз газетхон?
Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаровнинг Ўзбекистон «Адолат» СДП VIII Қурулто...
01 янв 1970
Банк, молия соҳасида ёрқин из қолдирган, чорак аср мобайнида Олий Мажлис депутати, Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси сифатид...
01 янв 1970
Фуқаронинг мурожаати, ариза, таклиф, хулосаси жамият ҳаётига, оила турмушига дахлдорлиги билан ижтимоий аҳамият касб этади....
01 янв 1970
Қаранг, ҳаммамиз ҳам “алгебра” атамаси ал-Хоразмий фанга киритган “ал-жабр” тушунчасидан келиб чиққанлигини, умуман олганда...