“Адолат” кубоги ғолиблари тақдирланди

/
Жорий йилнинг 17 май куни Республика олимпия захиралари мактаб-интернатида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ҳамкорлигида белбоғли кураш бўйича “Адолат” кубоги мусобақасининг республика босқичи ўтказилди.
Мазкур мусобақа давлатимиз раҳбарининг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббусини рўёбга чиқариш, ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом, бақувват ва баркамол қилиб тарбиялаш, спортчи ёшларни миллий қадриятларимизни эъзозлаш ва Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳамда белбоғли кураш спорт турини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида оммалаштириш мақсадида ташкил этилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари ва депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари, Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси вакиллари, ушбу беллашувнинг ҳудудий босқичлари ғолиблари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, юртимизда спортни ривожлантириш, ёшларни жисмонан ва маънан соғлом қилиб тарбиялаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Халқаро мусобақалар, олимпиадаларда спортчиларимиз ютуқларга эришиб, Ватанимиз шарафини улуғлаб келмоқда.
— Кейинги икки йил давомида жисмоний тарбия ва спорт соҳасига доир қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорларда аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллигини оширишга қаратилган бир қатор вазифалар белгиланди, — деди партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов. — Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда Олий Мажлисга тақдим қилган Мурожаатномасида мамлакатимизда спортни жадал ривожлантириш, халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган спортчиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга бундан буён ҳам катта аҳамият бериш, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш кераклиги алоҳида таъкидланган.
Партиямиз бир неча йилдан буён Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. “Адолат” кубоги мусобақаларининг ўтказилиши эса ҳамкорлигмизни янги босқичга олиб чиқди, деб ўйлаймиз.
Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мазкур спорт тури билан кўплаб ёшларимиз мунтазам шуғулланмокда. Азал-азалдан турли сайилларда, тўй ва бошқа тадбирларда бир-биридан қизиқарли беллашувлар ўтказилган. Бу беллашувларда кураги ерга тегмаган полвонларимиз юртимиз довруғини дунёга танитганлар. Узоқ тарихга эга бўлган белбоғли кураш ўзбек полвонларининг маҳорати, матонатини намоён этиб келади.
Белбоғли кураш спорт турини кенг тарғиб қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларда мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтиришда партия депутатлари Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг ҳудудий кенгашлари билан ҳамкорликда жойларда сайловчилар ҳамда ёшлар билан ўтказаётган учрашувлар, мусобақалар амалий аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимиз келажагини соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисобловчи Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида жорий йилнинг март-апрель ойларида белбоғли кураш бўйича “Адолат” кубоги мусобақасининг туман, шаҳар ва ҳудудий босқичлари очиқлик, ошкоралик, рақобат мезонлари асосида ўтказилди.
136 та туман, шаҳарларда ўтказилган саралаш ҳамда ҳудудий босқичлардаги беллашувларда 7 500 нафардан ортиқ ёш полвонлар иштирок этишди.
Мусобақанинг республика босқичида ҳудудларда ғолибликни қўлга киритган, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри қатнашчилари — 2000, 2001 ҳамда 2002 йилда туғилган ўғил болалар 6 вазн тоифасида (55, 60, 65, 71, 77, 83 кг. вазн тоифасида) 80 дан ошиқ энг сара полвонлар ўзаро куч синашди.
Халқимиз ўртасида ҳалоллик, мардлик, жасорат намунаси ҳисобланиб, ёш авлоднинг маънавий ва жисмоний жиҳатдан ривожланишида алоҳида аҳамиятга эга бўлган мазкур спорт тури бўйича беллашувлар бошланишидан аввал Президентимизнинг 5 ташаббусига ҳамоҳанг равишда санъат усталарининг бадиий чиқишлари мусобақа иштирокчилари ва томошабинларни хушнуд этди. Шунингдек, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида бадиий ҳамда ҳуқуқий адабиётлар ярмаркаси ташкил этилди.
Кўтаринки руҳда бошланган мусобақа қизиқарли ва муросасиз беллашувларга бой бўлди. Бир-биридан маҳоратли полвонлар баҳсида кучлилар орасидан энг кучлилар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Якуний натижаларга кўра, энг кўп совринли ўринларни эгаллаган Андижон вилояти жамоаси умумжамоа ҳисобида “Адолат” кубоги республика мусобақаси ғолиби бўлди. Мусобақада Тошкент шаҳридан Ҳасан Азимов (55 кг.), Андижон вилоятидан Ойбек Султонов (60 кг.), Нусратбек Султонбоев (65 кг.) ва Рўзиохун Рўзиохунов (71 кг.), Фарғона вилоятидан Раҳматилла Анваржонов (77 кг.), Тошкент шаҳридан Нодир Аҳаджонов (83 кг.) 1-ўринга сазовор бўлишди Мазкур вазн тоифаларида Камронбек Ортиқов (Андижон), Жаҳонгир Ҳаитов (Наманган), Холмирза Ҳасанбоев, Шаҳзод Мирзаёров (Тошкент шаҳри), Мангуберди Имянов, Сардор Тўлаев (Тошкент вилояти) иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, ҳар бир вазн тоифасида икки нафардан иштирокчи 3-ўринга лойиқ топилиб, ғолиблар сафидан жой олишди.
— Узоқ йиллик тарихга эга белбоғли кураш спорт тури бугун нафақат мамлакатимизда, балки жаҳонда ҳам ўз муҳлисларига эга бўлиб бормоқда, — дейди Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров. — Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси Бирлашган кураш оламининг (UWW) ҳақиқий аъзоси ҳисобланади. Мазкур ташкилотнинг дастур-режасига мувофиқ жаҳон чемпионатлари ва кубок мусобақалари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур мусобақа юқори савияда ўтказилгани билан аҳамиятлидир. Чунки ушбу беллашув жорий йилнинг 18-21 июнь куни Олмалиқ шаҳри мезбонлик қиладиган, ёшлар ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионати олдидан терма жамоа аъзоларига номзодларни яна бир бор саралаб олиш имкониятини берди.
ўолиблар мусобақа ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Умумжамоа ҳисобида ғолиб бўлган Андижон вилояти жамоасига “Адолат” кубоги топширилди.
Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
журналист
 
СЎЗ — ИШТИРОКЧИЛАРГА
Муҳиддин АШУРОВ,
Андижон олимпия захиралари ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг белбоғли кураш бўйича мураббийси:

— Мусобақа ёш полвонларнинг миллий спорт турига чексиз меҳр қўйганини, халқимизнинг анъаналарини юксак қадрлашини ҳам кўрсатди. Шогирдларимнинг барчаси совриндорлар қаторидан ўрин олганидан беҳад қувондим, уларнинг бу ютуқлари туфайли умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга сазовор бўлдик.
Вилоятимизнинг ўзида 6000 мингдан ортиқ ёшлар ушбу спорт турига ошно бўлишган. Андижонда белбоғли кураш бўйича ўзига хос мактаб яратилган, деб бемалол айта оламиз. Вилоятимиз жамоаси Ўзбекистон кубоги ва мусобақаларида доим олдинги ўринларни эгаллаб келишади. 2017 йилда Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ўтказилган ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида ҳам 5 нафар шогирдимиз қатнашиб, 2 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза медаллар билан тақдирланишган эди.
Авваллари белбоғли кураш асосан, тўй-ҳашам, сайилларда ташкил этилган бўлса, кейинги 10 йил давомида бу миллий спорт тури бўйича мусобақалар сон жиҳатдан ҳам, сифат жиҳатдан ҳам ошди, халқаро нуфузга эга бўлди.
Ушбу мусобақа ҳам ёш курашчиларимиз учун ўз кучларини синовдан ўтказиб олиш имкониятини ҳамда жорий йил бўлиб ўтадиган ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати мусобақаси олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаб берди.
Раҳматилла АНВАРЖОНОВ,
Фарғона вилояти иштирокчиси, 1-ўрин соҳиби:

— Инсон ўзини бахтли ҳис этиши учун соғлом ва фаол ҳаёт кечириши керак. Бунда эса спорт билан шуғулланишнинг ўрни ва аҳамияти катта. Мутахассисларнинг таъкидлашича, жисмоний ҳаракатлар бир пайтнинг ўзида мия фаолиятини ҳам яхшилар экан.
Спорт инсонни жисмонан чиниқтиради. Юртимизнинг чекка жойларида ҳам спорт комплекслари барпо этилаётгани, айниқса, спортсеварлар учун айни муддао бўлмоқда. Спорт иншоотлари, ўйингоҳлар ёшлар билан гавжум бўлаётгани бежиз эмас. Ўзим ҳам Бувайда туманининг “Отхона” қишлоғида биринчи мураббийим Нуриддин Махаматовдан кураш сирларини ўргана бошлаганман.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан ташкил этилган “Адолат” кубоги мусобақасининг қуйи босқичларида яхши натижаларга эришиб, республика босқичида ҳам совринли ўринларни эгаллашга интилдик, бу аслида ҳар бир иштиркчининг мақсади эди, албатта. Фарғона водийсида ҳам азалдан ота-боболаримиз давраларда ҳалол бел олишиб, одамларнинг меҳри ва ҳурматига сазовор бўлишган. Гиламда рақибларнинг бир-бирига дўстона муносабати полвонларнинг бу спорт турига нисбатан ҳурмати ва садоқатини ифодалаб келади. Ҳар бир курашчи буни яхши тушунади ва чуқур ҳис қилади.
“Адолат” кубогида муваффақиятли қатнашдик. Биринчи мураббийим ва Фарғона олимпия захиралари ихтисослаштирилган мактаб-интернатидаги устозларимиз — Зоҳиджон Исмоилов, Шерзодбек Раҳимовдан олган сабоқларим ўз натижасини берди. Ўйлайманки, ушбу мусобақа бизларни халқаро мусобақаларда, хусусан, жорий йилда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ҳам муваффақиятли иштирок этишимизда ижобий аҳамият касб этади
Мамлакатимизда ёшларга, спортга берилаётган эътибор туфайли олис қишлоқда, оддий ҳайдовчи ва ўқитувчи оиласида вояга етган мен каби ёшлар дунёда ҳеч кимдан кам бўлмасдан, жаҳон ареналарида беллашиш имкониятига эга бўлмоқдамиз. Бу имкониятларга муносиб жавоб бериш учун янада шижоат ва Ватанга садоқат билан тинимсиз ҳаракат қилишимиз, маҳоратимизни оширишимиз талаб этилади.
Суҳроб Салимов,
Бухоро вилояти иштирокчиси, учинчи ўрин соҳиби:

— Спорт инсон саломатлигини мустаҳкамловчи энг муҳим омилдир. Белбоғли кураш спорт тури билан мактаб ёшидан шуғулланиб келаман. Тўғри, бир-биридан кучли, бақувват тенгдошларим билан майдонга тушиш мен учун осон кечмаган. Қайсидир мусобақада ғолиб бўлган бўлсам, қайси бирида мағлуб бўлганман. Бу эса мени доим олдинга интилиб, ўз устимда янада жиддийроқ ишлашимга туртки берди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан “Адолат” кубоги учун белбоғли кураш спорт мусобақасининг ташкил этилганлиги мен сингари барча спортчи дўстларимнинг қизиқиши ва интилишини оширди. Албатта, мусобақанинг дастлабки босқичлари ҳам осон кечмади. Айниқса, вилоят босқичида 100 га яқин спортчилар фаол иштирок этганлиги боис баҳслар қизғин кечди. Бир сўз билан айтганда, ушбу мусобақа барчамизнинг ўзимизга нисбатан ишончимизни оширди, белбоғли курашнинг нозик қирраларини қайта кашф этишимизга имкон яратди. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, бу борада мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг д...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ватан келажаги — ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган...
01 янв 1970
2019 йил 19 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизнинг яқин беш йилликдаги аниқ истиқболини белгилаб, тараққи...