Фаол, ташаббускор сафдошларимиз билим ва қобилиятини намоён этишди

/
Мустақиллик йилларида юртимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги мавқеини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг муҳим вазифаларидан бирига айланган. Шу мақсадда партиямизнинг қатор лойиҳалари амалиётга изчил йўналтирилган. Партия тизимида “Аёллар қаноти” ташаббуси билан анъанавий ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танлови ҳам дастурий мақсад ва халқчил ғояларимизни ҳаётга татбиқ этишда катта аҳамият касб этмоқда.
Қорақалпоғистон. Айни пайтда Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг “Аёллар қаноти” сафида 6 мингга яқин хотин-қизлар бирлашган бўлиб, уларнинг асосий қисми халқ саломатлиги ва ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фидойилик кўрсатаётган сафдошларимиз саналади. Шунингдек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик, маданият ва спорт соҳаларида ҳам ҳалол меҳнати билан эл-юрт эътиборини қозонаётган хотин-қизлар фаол партиядошларимиздир.
Нукус шаҳрида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон ҳудудий босқичи кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Унда беллашувнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолиб деб топилган сафдошларимиз сиёсий-ҳуқуқий билими, фаол фуқаролик позицияси, сиёсий партиялар ва хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид миллий қонунчилик ва халқаро тажрибалардан хабардорлиги, етакчилик ва нотиқлик қобилиятини синовдан ўтказишди.
Иштирокчиларнинг ҳозиржавоблиги ва билимдонлиги, қатъияти барчанинг диққатини жалб этди.
Якуний натижаларга кўра Нукус-FM радиоси бошловчиси Айшолпан Оразимбетова биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланма олди. Қораўзак туманидаги “Параван дала” фермер хўжалиги раҳбари Лайло Мунтаева, Қанликўл туманидаги 18-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Зияда Яхипова 2-, 3-ўринларга сазовор бўлишди.
Партиянинг Қорақалпоғистон ҳудудий кенгаши томонидан ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Бошқа иштирокчилар ҳам турли номинациялар бўйича тақдирландилар.
Сурхондарё. Мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларда юртимиз аёллари, опа-сингилларимиз оқила ва билимдонлиги, шижоати, юксак салоҳияти билан муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Улар сафида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг фаол аъзолари ҳам борлиги қувонарлидир. Партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланганидек, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш орқали мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, уларнинг давлат органлари барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлаш масаласи устувор вазифалардан саналади.
“Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг Сурхондарё вилоят босқичида иштирок этган “Аёллар қаноти” аъзолари ҳар жиҳатдан билимдонлиги, ижтимоий-сиёсий фаоллиги, кенг дунёқараши ва ижодий қобилиятини намоён этишди.
— Сурхондарё вилоятида 13 мингдан зиёд сафдошларимиз бор, шундан 51 фоиздан кўпроғини хотин-қизлар ташкил этади, — дейди вилоят партия кенгашининг “Аёллар қаноти” етакчиси Дилрабо Нормуродова. — Шуниси эътиборга моликки, маънавияти бой, ёшларни илм-маърифатли, комил инсон қилиб тарбиялашга, одамларнинг маънавиятини юксатириш, миллий қадриятларимизни турмуш тарзимизга чуқур сингдиришга умрини бағишлаб келаётган аёллар сафдошларимиз орасида талайгина. Иштирокчи аёлларнинг чиқишларини кузатиш асносида уларнинг ҳар бири энг фаол адолатчи аёл номига муносиб эканлигига гувоҳ бўлдик. Иштирокчилар таништирув, сиёсий билимдонлик, иштирокчи фаолиятини кўрсатувчи ижодий ишлар, эркин мавзу шартлари бўйича қизиқарли тарзда беллашдилар.
Танлов натижаларига кўра, Сариосиё тумани “Буйрапуш” маҳалласи раиси Азиза Аҳмедова I даражали дипломни қўлга киритиб, кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Денов туманидаги 2-сонли ихтисослашган мактаб-интернати “Камолот” ЁИҲ етакчиси Матлуба Оқбоева, Жарқўрғон туманидаги 21-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Шаҳноза Эшмуродова 2-, 3-ўринларга сазовор бўлишди.
ўолиблар ва барча иштирокчиларга вилоят партия кенгашининг диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Санъаткорлар ижро этган куй-қўшиқлар барчага кўтаринки руҳ, завқ бағишлади.
Шарипа ТОРЕШОВА,
Мақсуд ТЎРАЕВ,
Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиблари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мустақиллик йилларида юртимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги мавқеини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли иш...
01 янв 1970
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, уларнинг жамиятда тутган ўрнини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келин...
01 янв 1970
Жалақудуқлик партиядошимиз Малоҳатхон Сотволдиева Андижонда энг тажрибали чеварлардан бири саналади....
01 янв 1970
Мустақиллик йилларида юртимизда хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини оширишга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилди....