Бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш коррупциянинг олдини олади

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Қуйи палата депутатлари, бир қатор мутасадди вазирликлар, идора ва ташкилотларнинг масъул раҳбар ходимлари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2016 йил ҳамда 2017 йил I чорак якунлари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, иқтисодиётни ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва модернизация қилишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самараси ўлароқ 2016 йил якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулоти(ЯИМ)нинг ўсиш суръати 7,8 фоизни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 фоизни ташкил этди. Қурилиш ишлари ҳажми 12,5 фоизга ҳамда хизматлар кўрсатиш ҳажми 12,5 фоизга кўпайди.
Давлат бюджети ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Бу эса макроиқтисодий барқарорликнинг асосий кўрсаткичларидан бири бўлган инфляция даражасининг прогноз кўрсаткичларидан паст бўлишини таъминлади.
Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулокот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тадбирларининг фаол амалга оширилиши натижасида республикамизда 2017 йилнинг I чорагида ҳам иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланди.
Ушбу даврда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,3 фоизга, саноат ҳажми 7,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги ҳажми 6,6 фоизга, хизматлар ҳажми 11,3 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми 12,4 фоизга ўсди. Давлат бюджети ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади ва 2,9 фоизни ташкил этди.
Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ҳисобот давридаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижросини муҳокама қилишда социал-демократик ғояларга таянган ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратдик.
Ҳисоботда келтирилишича, ўтган йилда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар Давлат бюджети харажатларининг 58,9 фоизини ташкил этди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 12,1 фоиздан иборат бўлди.
Хусусан, 2016 йилда ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисмини ёки 57,4 фоизини ташкил этган таълим муассасалари таъминоти ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 13 831,7 миллиард сўм маблағ ажратилди. Мос равишда 2017 йилнинг I чорагида ҳам ушбу мақсадлар учун Давлат бюджетидан 3 520,2 миллиард сўм ёки ижтимоий харажатларнинг 61,7 фоизи миқдорида маблағ йўналтирилди.
Шунингдек, ҳисобот даврида Ўзбекистон «Адолат» СДП Сайловолди дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам изчил, тизимли асосда давом эттирилганлигини кузатиш мумкин.
Жумладан, 2016 йилда ушбу соҳани ривожлантиришга Давлат бюджетидан 5 811,6 миллиард сўм ёки ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 24,1 фоизи йўналтирилди.
Шунга қарамай, ижтимоий соҳага ажратилган бюджет маблағларининг самарали ижро этилишида ҳанузгача камчиликларга йўл қўйилаётгани барчамизни ташвишга солади.
Бунга мисол сифатида 2016 йилда янги объектларни жиҳозлаш ишларининг умумтаълим мактаблари бўйича 75,6 фоизга, касб-ҳунар коллежлари бўйича 28,2 фоизга, Болалар мусиқа ва санъат мактабларини мусиқа чолғу асбоблари билан жиҳозлаш 70,6 фоизга бажарилгани ҳамда тиббиёт муассасалари бўйича 33,0 миллиард сўмдан бирор сўмлик харажат қилинмагани натижасида белгиланган режа бажарилмай қолганини келтириш мумкин. Шунингдек, объектларни реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларига йўналтирилган йиллик маблағлар умумтаълим мактаблари бўйича 97,1 ва 97,6 фоизга, касб-ҳунар коллежлари бўйича 97,7 ва 97,2 фоизга ва тиббиёт муассасалари бўйича 91,2 ва 86,3 фоизга ҳамда олий уқув юртларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари 95,6 фоизга ўзлаштирилганлигини ҳам қониқарли баҳолаб бўлмайди.
Шуҳрат ПОЛВОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ўтган йилларда Давлат бюджети маблағларидан мақсадли фойдаланиш, соҳада қонунийликни таъминлаш мақсадида ғазначилик тизими ва Ҳисоб палатаси жорий этилди. Шунга қарамай, айниқса, халқ таълими, ўрта махсус касб-ҳунар таълими ҳамда соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилган маблағлар ижросида ҳамон камчиликлар, ўзлаштириш ва қонунбузилиши ҳолатлари учраб турибди. Шу боис ҳар бир вазирлик ва идоралар тизимида аудит текшируви тизимини йўлга қўйиш зарур, деб ўйлаймиз.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида йўлга қўйилган янги тизимга мувофиқ ҳар ойнинг биринчи ўн кунлигида Олий Мажлис Сенати аъзолари билан биргаликда ҳудудлардаги мавжуд ҳақиқий ҳолатни ўрганиш жараёнида биз, айниқса, таълим муассасаларида тиббий хизмат хоналарининг керакли тиббий воситалар ва бирламчи дори-дармонлар, малакали мутахассислар билан таъминланиши, болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун йўналтираладиган маблағларнинг мақсадли ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратаяпмиз. Афсуски, ушбу жараёнда кўплаб камчиликларга дуч келмоқдамиз.
Биргина Иштихон туманидаги айрим мактабгача таълим муассасаларини ўрганганимизда болаларнинг кунлик овқатланиш рационидан ўрин олган маҳсулотлардан умуман ёки етарли миқдорда ишлатилмаслигига гувоҳ бўлдик. Ваҳоланки, мазкур ҳолат юзасидан туман молия бўлими ва халқ таълими бўлими мутасаддиларига мурожаат қилганимизда мактабгача таълим муассасаларининг таъминоти учун Давлат бюджетидан керакли маблағ ажратилганлигини маълум қилишди. Демак, энг қуйи тизимда яъни истеъмолчиларга етказишда маблағларни мақсадли ишлатиш устидан назорат етарли эмас. Хулоса қилиш мумкинки, қуйи тизимда Давлат бюджети маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, соҳада коррупциянинг олдини олиш учун жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш, шу билан бирга, жойлардаги маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини янада ошириш бугунги кун талабидир.
Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДП нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
Йиғилиш якунида фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 22 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегиясининг лойиҳаси муҳокамасига бағишлан...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Тошкент шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий риво...