Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашнинг янги босқичи

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда партия ва унинг депутатлик корпуси олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Н.Умаров мазкур тарихий Мурожаатнома тараққиётимизнинг янги босқичида олдимизда турган долзарб вазифаларни белгилаб берганлигини эътироф этди.
Муҳокамалар жараёнида депутатлар мазкур Мурожаатномани қўллаб-қувватлаган ҳолда унда белгиланган бир қатор устувор вазифалар Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий мақсадларига муштарак эканлиги унинг ижросини таъминлашда партия депутатлик корпусининг масъулиятини янада оширишини таъкидладилар.
Шуҳрат ПОЛВОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Президентимиз томонидан белгиланган вазифаларнинг сўзсиз ижро этилиши учун парламент назорати институтининг барча турларидан, жумладан, парламент сўрови ва депутат сўровидан унумли фойдаланишимиз лозим. Ушбу механизмдан самарали фойдаланиб, ижро ҳокимияти олдига мавжуд муаммоларни қатъий қўя билсак, жойлардаги мансабдор шахсларнинг ҳам масъулияти янада ортади. Зеро, Юртбошимиз халқимиз ислоҳотларимиз самарасини эрта ёки индинга эмас, бугун кўришни хоҳлаётганини такрор-такрор айтаётгани бежиз эмас.
Шу билан бирга, қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятни тубдан кучайтириш, ҳар бир қонуннинг асл муаллифи айнан халқнинг ўзи бўлишига эришиш, қонунларни ишлаб чиқишда энг қуйидан, яъни оддий аҳолидан фикр, таклифлар олиш, бу борада замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш, партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларини ушбу жараёнга фаол жалб этиш ҳам олдимизда турган энг муҳим вазифалардан саналади.
Халқ вакили сифатида сайловчилар билан, оддий фуқаролар билан мулоқотни изчил давом эттиришимиз керак. Қолаверса, фаолиятимиздаги эскича услублардан, “мен сенга тегмайман, сен менга тегма” қабилида иш юритишдан, қуруқ ва самарасиз мажлислардан воз кечиш, халқ ишончини оқлаш учун журъатни кучайтириш вақти келди. Эндиликда жойларда аниқланаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича ижро ҳокимияти олдига масалани қатъий қўйиб, унинг ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга эътиборни кутайтирмоғимиз даркор.
Ёрмамат ХОЛИЁРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— 2018 йилнинг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилинганидан келиб чиқиб, адвокатлар томонидан юридик хизматлар кўрсатиш борасидаги фаолиятни кенгайтириш, жумладан, тадбиркорларга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашиш, давлат органларида вакиллик қилиш, низоларни судгача ҳал этиш, меҳнат ҳуқуқи бўйича юридик хизматлар кўрсатиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш каби йўналишларда бундай хизматларни кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Шундан келиб чиққан ҳолда фракциямиз ташаббуси билан Адвокатларнинг консалтинг хизмати, яъни маслаҳат бериш ва тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятини кенгайтиришга қаратилган “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишимиз керак.
Шунингдек, партиямиз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, бу борада, айниқса, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш, мактабгача таълим, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимда аттестация ва аккредитация қилиш жараёнларида енгилликлар яратиш, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш масалалари 2018 йилга мўлжалланган чора-тадбиримиздан ўрин олиши мақсадга мувофиқдир. Бу борада олиб борилаётган ишлар юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Давлат тест марказига парламент сўрови юбориб, уларнинг ахборотини эшитишга эришмоғимиз ҳам айни муддаодир.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Президентимизнинг ушбу тарихий Мурожаатномаси жамиятимизнинг барча жабҳаларини қамраб олганлиги, тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган камчиликларга танқидий кўз билан қараб, 2018 йилда Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий, маданий, илмий-техникавий, ҳарбий ва бошқа соҳаларни ривожлантиришнинг муаммо ва ечимлари батафсил кўрсатиб ўтилгани билан дастурий аҳамиятга эга.
Жумладан, мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида юз берган муҳим воқеаларни ҳам мухтасар таҳлил қилиб, келгуси йилда ушбу соҳада олдимизда турган стратегик мақсад ва вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Президентимиз бу борада аниқ таҳлилларга асосланган маълумотларни келтирар экан, 2017 йилда мамлакатимиз ташқи сиёсати учун анча сермаҳсул йил бўлганлигини қайд этди.
Дарҳақиқат, 2017 йил ташқи сиёсатимиз учун анча самарали йил сифатида Ўзбекистон тарихи зарварақларидан муҳим ўрин эгаллаши шубҳасиздир. Йил давомида жами бўлиб мамлакатимизга ва хорижий мамлакатларга 21 та олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди; мамлакатимиз раҳбари хорижий мамлакатларнинг 60 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан учрашув ва мулоқотлар ўтказди. Ушбу олий даражадаги ташрифлар, учрашув ва мулоқотлар давомида умумий қиймати 60 миллиард долларга тенг бўлган 400 дан ортиқ катта-кичик шартнома ва битимлар имзоланди ҳамда ушбу аҳдлашувларни амалга ошириш учун ҳукуматимиз томонидан 40 та “йўл харитаси” қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
Президентимиз Мурожаатномада тўғри таъкидлаб ўтганидек, ўтиб бораётган 2017 йилда қатор нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатлар билан, энг аввало, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан алоқаларимиз анча мустаҳкамланди ва янги босқичга кўтарилди.
Умуман, ўтган қисқа давр ичида Ўзбекистон ўзининг тинчликсевар, прогрессив ташқи сиёсатини дунё ҳамжамиятига намойиш қилиш билан бирга, у билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёр эканлигини кўрсатди.
Партиямиз ҳам яқин қўшни давлатлар билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат юритаётган давлат сиёсатини маъқуллайди. Шу боис фракциямиз ташқи сиёсатимизга доир дастурларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фаол иштирок этишга тайёр.
Биз, халқ вакиллари олдида турган энг биринчи вазифа ушбу Мурожаатномада белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳиятини ўзимиз чуқур англаб олган ҳолда, жойларда аҳолининг кенг қатлами орасида тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширишдан иборатдир.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича фракциянинг чора-тадбирлар режаси тасдиқланди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Тошкент шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий риво...