Давлат дастури ижроси фаоллик ва ташаббускорликни талаб этади

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашда партия депутатлик корпуси олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров 2018 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси илк маротаба кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида халқимизнинг фикри, таклифлари билан такомиллаштирилгани ҳамда унда давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган тарихий Мурожаатномасида илгари сурилган долзарб муаммоларни ҳал этишнинг аниқ йўллари ва механизмлари белгилаб берилгани билан аҳамиятли эканлигини таъкидлади.
— Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган вақт ичида фуқаролардан 4,4 мингдан ортиқ таклиф ва шарҳлар келиб тушгани унинг халқимизда нақадар катта қизиқиш уйғотганидан далолат беради, — деди фракция раҳбари. — Албатта, ушбу жараёнда фракциямиз аъзолари ҳам фаол иштирок этиб, ўз таклифларини ишчи гуруҳга тақдим этдилар. Уларнинг бир қисми инобатга олиниб, Давлат дастурида ўз ифодасини топгани биз учун қувонарлидир.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш, Электр энергиясини ишлаб чиқаришда монополияни тугатиш, рақобат муҳитини шакллантириш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш, Энергия тежовчи технологиялар ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш каби таклифлар шулар жумласидан.
Бундан ташқари, 13-20 январь кунлари парламент аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан сайловчилар билан ўтказилган учрашувлар давомида ҳам Давлат дастури лойиҳасининг жамоатчилик, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессияларида муҳокамалари ташкиллаштирилди. Ушбу муҳокамаларда билдирилган фикрлардан Давлат дастурини такомиллаштиришда фойдаланилди.
Фракциямиз ушбу дастурий ҳужжатни тўла қўллаб-қувватлайди. Чунончи, Давлат дастурининг ҳар бир банди ва йўналиши ижросини таъминлашда парламент ва сиёсий партиялар зиммасига катта масъулият юкланади. Айниқса, мазкур Давлат дастури доирасида ишлаб чиқилиши белгиланган 37 та қонун лойиҳаси, жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди мақсадларига мос равишда “Инновацион фаолият тўғрисида”, “Фан тўғрисида”, “Давлат хизмати тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда партия фракцияси аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаол иштирок этиши зарур. Ушбу жараёнда аҳолининг кенг қатлами, мутахассислар, экспертлар ва фуқаролик жамияти институтлари иштирокида муҳокамалар ўтказиб, уларнинг таклифлари асосида қонун лойиҳаларини такомиллаштиришимиз лозим.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Давлат дастури 2017 йилда мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланиш жараёнларининг мантиқий давоми бўлиб, у давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган ишларни танқидий таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган. Қолаверса, ўтган йил давомида фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси орқали йўллаган кўпминг сонли мурожаатларида кўтарилган муаммолар, билдирилган фикрлар ҳам Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда асос бўлиб хизмат қилди.
Давлат дастурида биринчи марта “истеъмол саватчаси” тушунчаси киритилган бўлиб, бу борадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш назарда тутилмоқда. Дастурда айнан “истеъмол саватчаси”дан келиб чиққан ҳолда иш ҳақи, пенсия ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдорини белгилаш тизимига босқичма-босқич ўтиш таклиф этилаётганлиги инсон манфаатларини таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам ҳисобланади. Қолаверса, бу ижтимоий адолат тамойилини қарор топтиришга хизмат қилиши билан партиямиз дастурий ғояларига тўла мос келади.
Давлат дастурида яна бир муҳим масала — фуқароларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишга бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришнинг янги механизми сифатида электрон жамоавий мурожаат, яъни петициялар тизимини жорий қилиш кўзда тутилган. Ушбу механизм фуқароларга давлат органларига у ёки бу долзарб масалалар юзасидан жамоавий тарзда мурожаат қилиш имконини беради. Энди бизда ҳам, худди ривожланган давлатлардаги каби, муайян миқдорда фуқаролар биргалашиб мурожаат қилган тақдирда тегишли органлар ушбу мурожаат (яъни петиция) юзасидан тегишли чора кўришга мажбур бўлади.
Албатта, Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг самарали ижроси етарли миқдорда молиявий ресурсларни талаб этади. Шу нуқтаи назардан, йил давомида дастур бандлари ижросини таъминлаш мақсадида 11,3 триллион сўм ва 1,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш кўзта тутилган.
Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, фуқароларнинг турмуш даражасини оширишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Давлат дастурида асосий эътибор тиббиёт соҳасини жадал ривожлантиришга, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишга ва соғлиғини сақлашни кучайтиришга, аҳолини арзон ҳамда сифатли дори воситалари билан таъминлашга, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилди. Айтиш мумкинки, бу борада ҳудудларда айрим камчиликлар кузатилаётганди. Бунга жорий йилнинг 13-20 январь кунлари жойларда бўлиб, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотларимиз чоғида амин бўлдик. Шу каби муаммолар ечими ушбу дастуриламал ҳужжатга киритилгани диққатга сазовор.
Улардан бири — давлат томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тақдим этиладиган протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари турларини кўпайтириш ҳамда уларнинг тегишли стандартларини жорий қилиш масаласи ҳисобланади. Бу ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эҳтиёжини қондиришда муҳим ўрин тутади. “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилгани ногиронликни аниқлаш ҳамда олдини олиш, уларнинг таълим олиши ва ишга жойлашишига кўмаклашиш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг замонавий шакл ҳамда механизмларини белгилашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, скрининг марказларини жиҳозлаш, дори-дармон ва тиббиёт учун зарур бўлган воситалар билан таъминлаш, шу жумладан, ҳар бир туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларига скрининг текширувларини ўтказиш учун 200 та юқори технологияли УЗД сканер аппаратларини етказиш назарда тутилди. Бу ҳомиладор аёлларда ҳомиланинг эрта ногиронлигини аниқлаш чораларини кўришда долзарб аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш ва тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ишларни изчил давом эттириш, соғлиқни сақлаш соҳасига “ақлли тиббиёт” тизими, инновацион технологияларни жорий қилиш, аҳолини арзон нархлардаги сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона ташкил этиш кўзда тутилаётгани партиямиз дастурий мақсадлари рўёбига хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, биз депутатларнинг ушбу йўналишдаги устувор вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши устидан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатишда фаолликни талаб этади.
Абдуғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Сайловолди дастуримизда партия ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган умумдавлат иқтисодий дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, уларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши тарафдори эканлиги белгиланган.
Шунга кўра партия 2018 йилга мўлжалланган Давлат дастурида иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида белгиланган барча лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди.
Хусусан, дастур билан мамлакатда фаол тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ҳуқуқий, ташкилий шароитлар яратиш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига имтиёзлар тақдим қилган ҳолда индивидуал имтиёзлар беришдан воз кечишга қаратилган бир қатор лойиҳалар белгиланмоқда.
Жумладан, 2023 йилнинг 1 январига қадар венчур фондлар, юқори технологик стартап-лойиҳалар, илмий-тадқиқот муассасалари, инновация марказлари ва лойиҳа-конструкторлик бюроларига ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотиш (фойдаланиш учун тақдим этиш)дан тушган даромадлари бўйича солиқ имтиёзлари тақдим этиш ҳамда иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш соҳасида илғор ғоялар, “смарт” технологиялар ва ноу-хауларга асосланган инновацион тараққиётнинг янги моделига босқичма-босқич ўтиш, шунингдек, иқтисодиётга инновациялар ва янги технологиялар жорий этишни рағбатлантирувчи механизмларни ишлаб чиқиш кўзда тутилаётгани бир неча йилдан буён инновацион иқтисодиётга ўтиш ғоясини илгари суриб келаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий мақсадлари ҳаётийлигини яққол кўрсатади.
Йиғилишда депутатлар ҳар ойда сайлов округларида ўтказиладиган учрашувларда Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатлами орасида тарғиб қилиш ҳамда унда белгиланган устувор вазифаларнинг жойларда самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарурлигини таъкидладилар.
Йиғилиш якунида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси олдида турган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаёт камтарин, эл-юртга садоқатли, том маънодаги фидойи инсонларни сийлайди, обрў-эътибор чўққисига олиб чиқади. Ажойиб тақдир эгаси бўлган Дўс...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекис­тон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнин...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги қонун ижодкорлиги жараёнлари ҳар қачонгиданда жадал кечмоқда....