Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш – муҳим вазифамиз

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда жамиятимизнинг турли соҳаларини ислоҳ қилишга доир бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Фракция аъзолари дастлаб, депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда тақдим этилаётган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Қонун лойиҳаси билан ижро этувчи ва қонун чиқарувчи ҳокимиятларнинг яқиндан ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакилининг ҳуқуқий мақомини қонун даражасида мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.
“Адолат” СДП фракцияси аъзолари мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида фаол иштирок этиб, уни такомиллаштириш юзасидан масъул қўмитага бир қатор таклифлар берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 июлдаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда вакилнинг ваколати ва вазифаларига аниқликлар киритилди. Унга кўра вакилнинг энг асосий вазифаси сифатида Олий Мажлис палаталари билан Вазирлар Маҳкамасининг қонун ижодкорлиги ва қонунларнинг ижросида парламент назоратини ташкил этиш бўйича ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда бу жараёнларда Вазирлар Маҳкамаси таркибига кирувчи вазирлик ва қўмиталар билан ишларни мувофиқлаштириш каби масалаларига ойдинлик киритиш каби таклифлари қонун лойиҳасида ўз аксини топди. Ушбу ўзгаришлар билан масъул қўмитага қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисига киритиш тавсия этилди.
Шунингдек, фракция йиғилишида депутатлар биринчи ўқишда тақдим этилаётган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам қизғин муҳокама қилдилар. Қонун лойиҳаси экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасида экстремизмдан шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, конституциявий тузум ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга доир асосий вазифалар белгиланмоқда.
Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари томонидан мазкур қонун лойиҳасининг концепцияси маъқулланди. Шу билан бирга, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида лойиҳанинг тузилмасини, нормаларнинг кетма-кетлигини қайта кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланди. Жумладан, лойиҳада тегишли давлат органларининг ваколатини белгилашга етарли эътибор қаратилгани қайд этилиб, лойиҳанинг номланишидан келиб чиққан ҳолда унда асосан экстремизмга қарши курашишнинг энг асосий йўналишлари, яъни профилактика масаласига муҳим эътибор қаратилиши лозимлиги ҳақида таклифлар билдирилди.
Биринчи ўқишда депутатлар муҳокамасига ҳавола этилаётган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасида фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига тегишли штат бирликларини туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари тузилмасига ўтказган ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш белгиланган.
Депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича масъул мутахассис фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилишига хизмат қилишини таъкидладилар.
Фракция аъзолари қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш партиянинг дастурий вазифаси билан ҳамоҳанг эканлигини эътироф этган ҳолда таклиф этилаётган қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватладилар.
Йиғилиш якунида муҳокама этилган қонун лойиҳаларини маромига етказиш юзасидан депутатларнинг партия позициясидан келиб чиқадиган таклиф, мулоҳазалари тингланди ва фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.
Бахром БУРХАНИТДИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Фракция аъзолари муҳокама жараёнида социал-демократик ғояларга таянган ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...