Партия ғоялари амалда:

/
УЗОҚ КУТИЛГАН ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, партия экспертлари ва фаоллари, тегишли вазирлик, идоралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган йиғилишда жамиятимизнинг турли соҳаларини ислоҳ этишга қаратилган қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилган вазифалар асосида ишлаб чиқилиб, депутатлар эътиборига биринчи ўқишда ҳавола этилаётган “Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳасининг асосий мақсади — инсон аъзолари ва тўқималари трансплантациясининг шартлари ва тартибини тиббиёт фани назарияси ва амалиётининг замонавий ютуқлари асосида белгилаб беришдир.
Ушбу қонун лойиҳасида трансплантацияни амалга оширишнинг мақсад ва шартлари, трансплантация ва консервация объектлари, донорлар доираси (тирик ва ўлганлар), донор ва реципиентнинг ҳуқуқлари, тирик ва ўлган донорлардан аъзо ва тўқималарни олиш шартлари белгилаб берилган.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимиз аҳолиси ва соҳа мутахассислари томонидан узоқ кутилган мазкур қонун лойиҳаси сайловчиларга берган ваъдаларимизнинг ижросини таъминлашда биз учун амалий аҳамиятга эга.
Бугунги кунда мамлакатимизда болалар ва катта ёшдаги ўн минглаб беморлар органлар ва тўқималар трансплантациясига муҳтож. Мисол учун, бугунги кунда 3 минг нафаргача буйрак трансплантациясига, 2 минг нафаргача жигар трансплантациясига, 1 минг нафаргача юрак трансплантациясига, 500 нафаргача ўпка трансплантациясига муҳтож беморлар борлиги маълум. Айнан шу ҳолатларда инсон аъзо ва тўқималарини трансплантация қилиш бундай беморларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона имконияти ҳисобланади.
Юртимизда шу кунга қадар тана аъзолари трансплантацияси ҳақида қонунчилик асосларининг мавжуд эмаслиги трансплантологиянинг клиник фан сифатида тўхтатилишига ва кўплаб беморлар ҳаётини сақлаб қолишнинг мазкур имконияти йўқолишига олиб келди.
Ҳозирда моддий имконияти бор беморлар чет давлатларга бориб 15 мингдан 250 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда трансплантацияни амалга ошириб келмоқда. Лекин бундай имконият ҳамма беморларда ҳам мавжуд эмас.
Аксарияти 30 ёшгача бўлган даврда вафот этаётган, буйраклар терминал етишмовчилиги хасталиги бўлган беморлар борлиги, гемодиализ хизматининг кучсиз таъминланганлиги, унинг қимматлиги (бир гемодиализ сеансининг нархи 600 минг сўм, бемор бутун ҳаёти давомида ҳар ҳафтада 3 маротабадан олиши зарур) мамлакатимизда буйраклар трансплантацияси амалиётини тўлақонли бажарилишини тақозо қилади. Бу буйрак етишмовчилигининг терминал босқичи бўлган беморлар сонининг ошиб бораётганлиги билан боғлиқ муаммони ечишнинг ягона йўлидир.
Бугунги кунда трансплантология бўйича қонунлар дунёнинг деярли барча мамлакатларида, шу жумладан, ислом давлатларида ҳам қабул қилинган. Ушбу мамлакатларда инсон органларини трансплантация қилиш кенг ривожланган. Ислом тиббиёти одоби кодексига кўра, инсон органлари трансплантациясига, агар у донорга зарар етказмаса ҳамда реципиентнинг шифо топишига сабаб бўлса, рухсат берилади. Шунингдек, ислом ҳуқуқшуносларининг фикрига кўра, агар шахснинг ўлими қайд этилсагина (мия ўлими), органлар трасплантацияси жарроҳлигига рухсат берилади.
Мазкур қонун лойиҳасини тайёрлашда хорижий тажриба ўрганилди ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг инсон тўқималари, ҳужайралари ва органларини трансплантация қилиш бўйича устувор тамойилларига таянилди.
Бугунги кунда дунё бўйича, шу жумладан, АҚШ, Канада, Европа давлатлари, Япония, Россия, Эрон, Қувайт ва бошқа давлатларда бир йилда 40 мингга яқин трансплантация амалиёти амалга оширилади.
Янги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда ҳам инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайралари трансплантацияси амалиётлари сонини оширади. Яъни ҳар йили 100 тагача буйрак, 50 тагача жигар, 20 тагача юрак, 15 тагача юрак-ўпка комплекси, 10 тагача ошқозон ости бези трансплантациясини амалга ошириш имконияти яратилади.
Таъкидлаш лозимки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳамкорлигида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси бир йил мобайнида тиббиёт муассасаларида ва республикамиздаги тиббиётга ихтисослашган барча олий таълим муассасаларида мутахассислар, экспертлар, депутатлар ва кенг жамоатчиликнинг чуқур муҳокамасидан ўтказилди. Учрашувлар ва интернет тармоғи орқали олинган таклифлар асосида қонун лойиҳаси маромига етказилди.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши аҳолининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига қаратилган амалдаги қонунчилик асослари мустаҳкамланишига, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги янада ошишига хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан “Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш ҳақида”ги қонуннинг талабларини амалга ошириш ва унинг талабларини амалиётда таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳасида трансплантация қилишда инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини ноқонуний олиш ёки уларни олишга мажбурлаш, инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилишда ноқонуний битимлар тузиш, трансплантация қилиш тартиби ва шартларини бузиш, талаб ва (ёки) таклифлар рекламаси, шунингдек, республикадан ташқарига органларни олиб чиқиш ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Фракция аъзолари мазкур икки қонун лойиҳаси партиянинг дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқаришга хизмат қилишини эътироф этган ҳолда уларни бир овоздан қўллаб-қувватладилар.
Йиғилишда, шунингдек, депутатлар томонидан яна бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди ва партия позициясидан келиб чиқадиган таклифлари тингланди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасига, энг аввало, нормаларни қўллашда фойдаланиладиган асосий тушунчалар киритилмоқда....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Муҳокама этилган масала юзасидан фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....