Депутат фаолиятини электорат таҳлил этади

/
Сиёсий партия илгари сураётган ғояларга кенг жамоатчиликда хайрихоҳликни ошириш ва ҳаётга татбиқ этиш кўп жиҳатдан партиянинг қуйи ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари зиммасига катта масъулият юклайди.
Маълумки, маҳаллий Кенгаш депутатининг фаолияти серқирра бўлиб, қатор йўналишларни ўз ичига олади. У ўзи сайланган маҳаллий вакиллик органида, доимий комиссияда, партия депутатлик гуруҳида ва бевосита партия ташкилотида иш олиб боришдан ташқари сайлов округида ҳам фаол иш олиб бориши даркор. Айниқса, маълум муддатларда сайловчилар олдида ҳисоб бериш муҳим аҳамият касб этади. Мазкур жараённи халқ билан бошқарув органлари ўртасидаги кўприк, деб аташ мумкин. Чунки депутат ўзи аъзо бўлган вакиллик органининг фаолияти тўғрисида ахборот бериш билан бирга аҳолини ўйлантираётган ижтимоий-иқтисодий муаммолар тўғрисида ҳам маълумотларга эга бўлади. Шу асосда у ўзининг фаолиятини қура олади, тегишли давлат ҳокимияти органларига масалалар қўя олади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши ҳам айнан шундай мақсадни кўзлаган ҳолда маҳаллий вакиллик органларига партиядан сайланган депутатлар фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, шу йил март ойида ўтказилган ва халқ депутатлари шаҳар, туман ва вилоят Кенгашларининг депутатлари иштирок этган ўқув-семинарида ушбу мавзуда атрофлича фикр юритилган эди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки халқ ишонч билдирган номзодларимиз вакиллик органларида ўринларни эгалладиларми, энди унинг масъулиятини ҳис қилиб ишлаш, ўз вақтида сайловчиларга ҳисоб бериб туриш лозим. Қолаверса, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш муаммоларини мунтазам ўрганиб бориш ҳам талаб этилади.
“1-Тошматов” сайлов округидан халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашига сайланган депутат Олимжон Мақсудовнинг яқинда сайловчилар билан ўтказган учрашувидан кўзланган мақсад айнан шундай бўлди. Тадбирда Поп туман ҳокимлигининг масъул ходимлари, ҳудуддаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг раҳбарлари ҳамда фаоллари, корхона, ташкилот ва муассасалар меҳнат жамоаларининг, аҳолига хизмат кўрсатувчи бир қатор ташкилотларнинг вакиллари ҳам иштирок этдилар. О.Мақсудов халқ депутатлари вилоят Кенгашининг шу йил биринчи чораги мобайнида олиб борган ишлари хусусида тўхталди. Кенгаш томонидан қабул қилинган бир қатор қарорларнинг мазмун-моҳиятини шарҳлаб, улар ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилганлигини таъкидлади. Бу эса пировард натижада кўплаб ижтимоий муаммоларга ечим топишда қўл келишини айтиб ўтди.
О.Мақсудов халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи фаолияти ҳақида гапирар экан, ўтган йили маҳаллий кенгаш сессияси кун тартибига киритилган йўналишсиз такси хизмати кўрсатилишини янада такомиллаштириш тўғрисидаги масала қизғин муҳокамага сабаб бўлганлигини тилга олди. Бу бўйича қабул қилинган қарор ижросини таъминлашга қаратилган қатор тадбирлар дастлабки самараларни келтиргани қувонарлидир. Сайловчилар айни кунларда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг О.Мақсудов бошқараётган аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари доимий комиссияси фаолияти ҳақидаги маълумотлар билан ҳам қизиқиб танишдилар. Қонунларнинг ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарорларининг ижросини ташкил этиш ҳамда назорат қилишда ўзлари сайлаган депутат фаол қатнашаётгани ҳам барчани қониқтирди.
— Ҳудудда фуқароларни ўйлантираётган муаммоларнинг ечимини топишга ҳаракат қиламиз. Баъзан у ёки бу мутасадди ташкилот билан боғлиқ муаммо чиқиб қолса, кўпинча депутатимизга мурожаат қиламиз ва у бизга доим ёрдам кўрсатади, — дейди “Санг” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Юсуфжон Мирзаниёзов. — Ўтган йил мобайнида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, йўлларни таъмирлаш, қиш мавсумида хонадонларга баллонларда суюлтирилган газ етказиб бериш каби қатор масалалар ҳал этилди. Айниқса, депутатимиз аралашуви билан ҳудудимиздаги “Пиллакаш” маҳалла фуқаролар йиғини учун гузар қурилишига ер ажратилганлиги ҳаммага маъқул тушди. Бу, ҳеч шубҳасиз, мазкур фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи фаолиятини янада такомиллаштиришга кўмаклашади.
Учрашувда тумандаги аҳолига хизмат кўрсатувчи бир қатор ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этгани ҳам айни муддао бўлди. Чунки учрашув қатнашчиларидан Нуриддин Аҳмедов, Самижон Давронов, Тоҳир Пиримназаров, Абдумалик Абдураҳимов ва бошқалар мазкур ташкилотлар фаолиятига доир бир қатор масалаларни кўтардилар. Хусусан, айрим ҳудудларда ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси таъминотига доир масалалар ҳақида қайд этилди. Шуни айтиш керакки, баъзи муаммоларни тегишли мутасаддилар саноқли кунларда ҳал қилишни зиммаларига олдилар. Ечими кўпроқ вақт ва каттароқ маблағни талаб этадиган муаммолар эса назоратга олинадиган бўлди.
Худди шундай учрашув тумандаги Хўжаобод қишлоғида ҳам бўлиб ўтди. Ҳар икки мулоқот давомида кўпчиликни ўйлантираётган масалалар муҳокама қилинди, уларнинг ечими изланди. Депутат ҳам, сайловчилар ҳам тадбирлардан қониқиш ҳосил қилдилар.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сиёсий партия сафларининг жипслашганлиги унинг ҳар бир тузилмаси, фаоллари ўз олдига қўйган мақсадларини ҳамжиҳатликда рўёбга чиқаришида муҳим ўрин...
01 янв 1970
Тўрақўрғон — Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ҳар соҳада ўзига яраша мавқега эга бўлган т...
01 янв 1970
Электорат ишончини оқлашга астойдил интилаётган И.Худойбердиев ташаббуси билан маҳаллада артизиан қудуғи қазилиб, сув минораси барпо этилди....
01 янв 1970
Наманган вилоятида иш тажрибани ўрганишга ва оммалаштиришга бағишланган республика ўқув-амалий семинари иш бошлади....