Ошкоралик ва муқобиллик асосида

/
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови юксак уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиясидан олинган маълумотларга кўра, дастлабки ҳафтадаёқ 200 га яқин фуқаролар йиғинида сайловлар юқори савияда ўтказилди. Сайловчилар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 1800 дан ортиқ маслаҳатчиси учун муқобиллик асосида овоз беришди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, сайловлар жараёнида мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида маҳалланинг жамият ҳаётидаги нуфузи тобора ошиб бораётгани кўзга ташланмоқда. Ушбу муҳим сиёсий кампанияда Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари ҳам фаол иштирок этаётганликлари диққатга сазовордир. Масалан, Тўрақўрғон туманида халқ депутатлари туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Эркин Эргашев фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси раиси ҳисобланади. Партиямиздан халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган бошқа етти нафар депутат ҳам сайлов юқори савияда ўтказилиши учун халқ депутатлари туман Кенгашининг вакиллари сифатида иш олиб бормоқда.
— Энг аввало, шуни айтиш керакки, сайловларга барча фуқаролар йиғинларида пухта тайёргарлик кўрилди, — дейди Эркин Эргашев. — Сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳлари аъзолари ўз вазифаларига масъулият билан ёндашиб, раис ва унинг маслаҳатчилари лавозимига энг муносиб номзодларни танлашга ҳаракат қилдилар. Айни пайтда барча жараёнларни демократия талаблари асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Буни сайловларда қатнашаётган аҳоли вакилларининг фаоллиги ҳам тасдиқлаб турибди. Улар ўзлари сайлаган раис ва унинг маслаҳатчилари маҳаллани бундан-да обод, кўркам ва саранжом-саришта масканга айлантириш, турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга ҳисса қўшадилар, деб қатъий ишонадилар.
Мазкур тумандаги “Шовон” маҳалласида ўтказилган сайлов ҳам муқобиллик асосида ва ошкоралик тамойилларига мувофиқ ўтди. Маҳалла раиси ва унинг маслаҳатчиларини сайлаш учун 68 нафар вакил йиғилди. Улар раисликка тавсия этилаётган уч нафар номзоднинг дастурини диққат билан тинглаб, ўз муносабатини билдирдилар. Айниқса, Ғайбулла Мамадалиевнинг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари, уларни амалга ошириш учун қандай омилларга таянишни кўзда тутаётганлиги кўпчиликнинг эътиборини тортди. Хусусан, аҳоли ўртасида олиб бориладиган маънавий-маърифий ишлар изчиллигини таъминлаш, тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш, бандлик даражасини юксалтиришга қаратилган режалари маъқул тушди. Бу эса ўз-ўзидан сайлов якунларида ҳам акс этди. ўайбулла Мамадалиев мутлақ кўпчилик овоз олиб, маҳалла раиси лавозимига сайланди. Унинг маслаҳатчилари ҳам муқобиллик асосида сайландилар.
Уйчи туманидаги Алишер Навоий номли маҳаллада ўтказилган сайловда 104 нафар вакил қатнашди. Ишчи гуруҳи томонидан тавсия этилган номзодлар — Розия Абдуллаева ҳамда Дилбархон Умрзоқова йиғилганлар ҳузурида ўзларининг келгуси фаолият дастурларини баён қилдилар. Улар режаларида ҳудудни ободонлаштириш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш сингари масалаларга алоҳида эътибор берганликлари маълум бўлди. Овоз бериш натижалари умумлаштирилганда, вакилларнинг 85 фоизи Дилбархон Умрзоқова учун овоз бергани маълум бўлди.
— Бугунги кунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари олдида турган вазифалар ниҳоятда масъулиятли ва кенг кўламли, — дейди Д.Умрзоқова. — Нафақат мен, балки маслаҳатчилар, бошқа фаоллар ҳам буни яхши тушуниб турибмиз. Шунинг учун маҳалладошлар ишончини оқлаш йўлида бор билим ва куч-ғайратимизни сафарбар қиламиз.
Н.АБДУЛЛАЕВ,
Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 9 ойида республика иқтисодиётида ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,8 фоизга ўсди....
01 янв 1970
“Адолат” социал-демократик партиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтадиган 4 декабрга тайёргарлик ишлари қизғин па...
01 янв 1970
“Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш – оилалар мустаҳкамлиги ва жамият тараққиёти гарови” мавзусида давра суҳбати ...
01 янв 1970
Сайловчиларнинг ишончи оқланаяптими? Электорат манфаати қандай ҳимоя қилинмоқда?...