Бизнес лойиҳаларни молиялаштириш хотин-қизлар ва ёшларни ташаббускорликка ундайди

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш жойларини ташкил этиш, аҳолининг кенг қатлами, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчилари ва хотин-қизларнинг банк хизматларидан фойдаланишларини янада кенгайтириш” мавзусида республикамиз ҳудудларида ўтказиб келинаётган анъанавий тадбирлар давом этмоқда.
Партиямиз Сайловолди дастурида ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларини рўёбга чиқариш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир белгиланган долзарб вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилаётган ушбу тадбирлар жараёнида аниқ амалий натижаларга эришилаётганлиги эътиборга молик. Зеро, юртимизда аҳолини, хусусан, хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг ташаббускорлиги, тадбиркорлик фаолиятларини қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари яратилган, хотин-қизлар ва ёшларнинг бу борада белгиланган ҳуқуқларини амалда қўллашларига кўмаклашиш партия ташкилотлари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири саналади.
Жорий йилнинг 19-20 май кунлари Жиззах вилоятининг Бахмал ва Зарбдор туманларида мазкур мавзуда бўлиб ўтган навбатдаги семинарлар ҳам бунинг яна бир яққол ифодаси бўлди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати, “Микрокредитбанк” АТБ, Хотин-қизлар қўмитаси, вилоят ҳокимлиги вакиллари ҳамда касб-ҳунар коллежи битирувчилари, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар, партия фаоллари, ёшлар иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, хотин-қизлар ва ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларга тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишларида кўмаклашиш мақсадида ўтказилаётган мазкур тадбир партиянинг ижтимоий шериклик асосида амалга ошираётган муҳим ишларидан бири сифатида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаши билан ҳам аҳамиятлидир.
Қизғин баҳс-мунозара ва жонли мулоқотларга бой тарзда бўлиб ўтган мазкур семинарда мутахассислар томонидан бугунги кунда жойларда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришда молиявий ресурслар беришни янада кенгайтириш, янги иш жойларини ташкил этиш орқали аҳоли, шу жумладан, касб-ҳунар коллежларини битираётган ёшларни манзилли ишга жойлаштириш, шунингдек, аҳолининг кенг қатлами банк хизматларидан фойдаланиши учун яратилган имконият, шарт-шароитлар ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумотлар, тавсиялар берилди.
Семинар давомида Бахмал туманидан 5 нафар коллеж битирувчисининг ҳар бирига 3 миллион 900 минг сўмдан, 3 нафар тадбиркор хотин-қизларга турли миқдорларда, жами 89 миллион 500 минг сўм, Зарбдор туманидан 5 нафар коллеж битирувчисининг чорвачилик йўналиши бўйича тақдим қилинган бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун уларнинг ҳар бирига 13 миллион сўм, 3 нафар тадбиркор аёлларга турли миқдорларда, жами 158 миллион 243 минг сўм миқдорида, ҳар иккала туман бўйича жами 6 нафар тадбиркор хотин-қизларга ва 10 нафар коллеж ўқувчиларига умумий қиймати 237 миллион 743 минг сўм имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар тантанали равишда топширилди.
— Билим амали билан чиройли, дейдилар. Коллежда олган билимларимизни ишга солиб, ўрганган касб-ҳунарларимизни намоён этиш фурсати келди, — дейди Зарбдор қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Жаҳонгир Қаҳрамонов. — Одамларга наф келтириш, ҳудудимиз янада обод, фаровон бўлиши эндиликда биз, ёшларнинг саъй-ҳаракати, ташаббускорлигига боғлиқ. Чорвачилик йўналиши бўйича тақдим қилган бизнес лойиҳам молиялаштирилиши учун сертификат олишга муяссар бўлдим. Бизга билдирилган ишонч, бебаҳо имконларни қадрлаб, амалий ишларимиз билан жавоб беришимиз, астойдил ишлашимиз, бор қобилият ва куч-ғайратимизни сафарбар этишимиз шарт.
Шуни қайд этиш жоизки, ҳар томонлама пухта ишланган бизнес лойиҳаларни молиялаштириш тадбиркорликка бўлган интилишларни кучайтириб, хотин-қизлар ва ёшларни янада ташаббускорликка ундайди.
Жиззах вилоят кенгаши матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Шофиркон туман кенгаши ташаббуси билан “Оила мустаҳкамлигини таъминлаш: аёл, оила ва жамият” мавзус...
01 янв 1970
Шу кунларда турли ижтимоий тармоқларда ва айрим оммавий ахборот воситаларида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори жорий йилнин...
01 янв 1970
Мамлакатимизда аҳоли бандлигига алоҳида эътибор қаратилиб, айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасида амалий ишлар қилинмоқда....
01 янв 1970
Бешариқ туман ҳокимлиги томонидан халқ билан янада яқинроқ ва тўлақонли мулоқот қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда. ...