Ёшларга эътибор — келажакка пойдевор

/
Шу кунларда Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамини муносиб кутиб олиш мақсадида, барча юртдошларимиз қатори, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари томонидан ҳам жойларда кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти, Чиноз тумани партия кенгашлари ҳамкорлигида тумандаги хизмат кўрсатиш ва иқтисодиёт коллежида “Ватан равнақи йўлида барчамиз масъулмиз” мавзусидаги тадбир ҳам ана шу мақсадда ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, партия фаоллари, туман ички ишлар бўлими, вилоят прокуратураси вакиллари, маҳаллалар фаоллари ва ёшлар иштирок этишди. Мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, тинчликни қадрлаш, ёшларда фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш, қонунларга ҳурмат ҳиссини оширишга қаратилган ушбу учрашувда дастлаб иштирокчиларга “XXI аср фитнаси” номли видеофильм намойиш қилинди.
Тадбирда сўзга чиққан партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, жамиятда адолат тамойиллари қарор топишида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ўрни ҳақида сўз юритиб, бу борада партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти аъзоларининг ибратли ишлари ва ютуқлари хусусида алоҳида тўхталди.
— Республикамизда ёш авлодга таълим-тарбия бериш ва ўқитиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга қаратилган миллий таълим тизими мустаҳкам ҳуқуқий асосларга эга, — деди Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров. — Истиқлол йилларида юртимиз фарзандларига кўрсатилаётган эътибор ва рағбат туфайли ёшлар юрт таянчи ва суянчи бўлиб камолга етмоқда. Замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган иқтидорли, интеллектуал салоҳиятли навқирон авлод вакиллари ҳар бир соҳада ўз қобилиятини намоён қилаётганлиги, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшаётганлиги кенг кўламли саъй-ҳаракатларнинг юксак натижасидир.
Тадбир давомида коллеж ўқувчиларининг “Мустақиллик менинг тақдиримда” мавзусида билдирган фикр-мулоҳазалари барчанинг диққатини жалб этди. Истиқлол фарзандларининг ёрқин орзу-мақсадлари, билимдонлиги, мустақил фикрлаши, юртсевар ва ўзига ишонган ёшлар эканлиги уларнинг чиқишларида яққол акс этди.
— Биз дунё ҳавас қилаётган, тобора ривожланиб, йилдан-йилга обод бўлаётган мустақил Ватанимизда соғлом ва баркамол бўлиб улғаймоқдамиз. Биз, ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор, ғамхўрликларга ўз ютуқларимиз, халқимизга садоқатимиз, изланиш ва меҳнатимиз билан жавоб беришимиз, ишончни оқлашимиз шарт. Ушбу тадбир тенгдошларимизда Ватанимиз равнақи учун масъуллик ҳиссини янада оширди, — дейди хизмат кўрсатиш ва иқтисодиёт коллежи ўқувчиси, “Адолат билимдони” танлови ғолиби Муштарий Мансурова.
Учрашувда туман мусиқа мактаби ҳамда хизмат кўрсатиш ва иқтисодиёт коллежи ўқувчиларининг она юртимиз, маънавий қадриятларимизни мадҳ этувчи бадиий чиқишлари барчага байрамона кайфият улашди.
                 ***
Шунингдек, Ўртачирчиқ туманидаги болалар оромгоҳида мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Болаларга эътибор – келажакка пойдевор” мавзусидаги маданий-маърифий тадбир ҳам болажонларга бир олам қувонч улашди.
“Тошкент денгизи”нинг сўлим қирғоғида жойлашган “Меҳржон” болалар соғломлаштириш оромгоҳида вилоят, шаҳар, туман, шунингдек, Хоразм вилояти “Меҳрибонлик уйи”дан келган 250 нафардан зиёд болалар ёз мавсумини жуда соз ўтказмоқда. Болаларнинг ҳар бир куни жуда кўнгилли ва мароқли тадбирларга бой бўлмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати, Тошкент вилояти ва Ўртачирчиқ туман кенгашлари ҳамкорлигида партиянинг “Саховат — беназир қадрият” лойиҳаси доирасида ташкил этилган учрашувни Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Р.Толипов очди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, “Камолот” ЁИҲ вилоят бўлими қошидаги “Саломатлик ва экология” маркази, Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти масъул ходимлари юртимиз фарзандларига катта ғамхўрлик, меҳр ва эътибор кўрсатилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Тадбир давомида викторина ўйинлари, жонли мулоқотларда болажонлар ўзига хос қизиқишларини намоён этишди, унда фаол қатнашган ўғил-қизларга Тошкент вилоят партия кенгаши, “Камолот” ЁИҲ вилоят бўлими ва ҳомийларнинг байрам совғалари топширилди.
“Меҳржон” болалар оромгоҳида ўтказилган спорт мусобақалари, турли кўрик-танловлар ғолиблари, тарбиячи ва етакчилар фахрий ёрлиқлар ва совғалар билан рағбатлантирилдилар.
Таниқли санъаткорларнинг чиқишлари болаларнинг беғубор қалбини янада қувончу шодликка тўлдирди. Болажонларга тўкин дастурхон ёзилди. Бир сўз билан айтганда, “Меҳржон”да чинакам саховат байрами бўлди, дейиш мумкин.
Жамшид РАБИЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ўринбосари,
Анора КАРИМОВА,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фуқароларнинг у ёки бу масалада мурожаат қилиши уларнинг партия депутатларига бўлган ишончини ифодалайди. ...
01 янв 1970
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги Сайловолди дастури лойиҳасида суд-ҳуқуқ соҳасига доир вазифа...
01 янв 1970
Депутатларнинг ўз олдига қўйган мақсадлари, дастурий ғоя ва вазифаларимизни рўёбга чиқаришида сайловчилар билан доимий мулоқоти, ҳаёт билан ҳамнафа...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти, Чиноз тумани партия кенгашлари ҳамкорлигида тумандаги хизмат кўрсатиш ва иқтисодиёт коллежида ...