Муҳим сиёсий тадбирга партиянинг ҳудудий ташкилотларида пухта ҳозирлик кўрилмоқда

/
Хабарингиз бор, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги Пленумида партиямизнинг 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки билан боғлиқ масалалар муҳокама этилиб, жорий йилнинг 15 октябрида партиянинг навбатдаги Қурултойини чақириш белгилаб олинди. Шундан келиб чиқиб, 20-23 сентябрь кунлари ўтказилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар партия кенгашларининг пленумларида ушбу муҳим сиёсий тадбирда муносиб қатнашиш учун ҳудудий ташкилотлар олдида турган долзарб вазифалар атрофлича кўриб чиқилди. Партия ҳудудий кенгашларининг мазкур пленумларида барча иштирокчилар мустақиллигимиз асосчиси, мамлакатимиз тараққиётининг раҳнамоси, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтиришди.
Тошкент шаҳар партия кенгашининг навбатдаги пленумида юртимизда сиёсий партиялар эркин фаолият юритиши учун яратиб берилган кенг ҳуқуқ ва имкониятлардан самарали фойдаланиб, партиянинг дастурий мақсад ва ғоялари ҳамда унинг электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг муносиб иштирокини таъминлаш, бу борада шаҳар партия ташкилотининг галдаги долзарб вазифалари юзасидан атрофлича фикр юритилди.
Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Одилжон Аманов, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Ойдин Абдуллаева, Мирзо Улуғбек туман партия кенгаши раиси А.Яхъяева ва бошқалар ўз сўзида Президент сайлови демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятининг муҳим белгиси, халқнинг хоҳиш-иродаси эркин ифодаланиши, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар иштирокининг асосий шакли эканлигини қайд этишди.
— Сайловга тайёргарлик ишларини уюшқоқлик билан ташкил этишда партия тузилмалари етакчилари ва фаолларининг сиёсий билим ва маҳоратлари таъсирчан аҳамиятга эга эканини назарда тутиш жоиз, — деди Мирзо Улуғбек туман партия кенгаши раиси Адолат Яхъяева. — Ташкил этилган сайлов штабларига энг тажрибали партиядошларимизни жалб этиш, керакли адабиётлар ва тарқатма материаллар билан таъминлаш зарур. Кенг жамоатчиликка сайлов қонунчилигининг моҳияти, амалдаги қонунларимизда кўзда тутилган талабларни етказиш, айниқса, маҳаллий ОАВлар билан ҳамкорликни ҳар қачонгидан кўра мустаҳкамлаш, тарғибот тадбирларини юксак савияда ташкил этиш талаб этилади.
Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш, шаҳар партия кенгашининг VII Конференциясини ўтказиш, партия Низомига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар бериш, жойларда сайловга тайёргарлик кўриш бўйича барча ишларни тизимли равишда ташкил қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Қорақалпоғистон. Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон ҳудудий кенгаши пленумида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Е.Кунназаров мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясида барча маҳаллий ва қуйи тузилмаларининг муносиб иштирок этиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.
— Мамлакатимизда истиқлол йилларида эркин фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қурилиши йўлида кўппартиявийлик тизимига асос солинди, — деди Е.Кунназаров. — Бу, ўз навбатида, юртимиз фуқароларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқини, хусусан, сиёсий партиялар орқали амалга ошириш имкониятини кафолатлайди. Юртимизда соғлом сиёсий рақобат муҳитида изчил фаолият юритаётган сиёсий партиялар мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий жиҳатдан тобора юксалишида ҳал қилувчи кучга айланиб, сиёсий партияларнинг нуфузи, таъсири кун сайин ортиб бормоқда. Қорақалпоғистонда ҳам партиямиз мафкуравий ва ташкилий жиҳатдан мустаҳкамланиб, бугунги кунда сафдошларимиз сони 8 мингдан ошди.
Фуқароларнинг ишончини янада мустаҳкамлаш, 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиямизнинг фаол иштирок этишини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш қорақалпоғистонлик ҳар бир сафдошимиздан фидойилик ва маҳорат, шижоат кўрсатишни тақозо этмоқда. Партиядошларимизни бу муҳим жараёнга уюшқоқлик билан сафарбар этиш ҳудудий ташкилотимизнинг барча бўғиндаги тузилмалари, партия депутатлари олдида турган долзарб вазифадир.
Йиғилиш иштирокчилари “Адолат” СДПнинг дастурий мақсад ва вазифалари ўзида аҳоли манфаатларини ифода этиши ҳамда бўлажак сайлов партия ғояларини яна бир бор сайловчилар орасида кенг тарғиб қилиш, партиядан кўрсатиладиган Президентликка номзоднинг сайловолди дастури орқали электорат манфаатларини янада чуқурроқ ифодалаш имконини беришини, миллий сайлов қонунчилигида сиёсий партияларга берилган ушбу имкониятдан самарали фойдаланиш партия нуфузини юксалтиришда ҳам амалий аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг навбатдаги Қурултойига қорақалпоғистонлик маслакдошлар, электоратнинг хоҳиш-иродасини намоён этишга қодир муносиб делегатлар сайлаш муҳим ўрин тутиши алоҳида қайд этилди.
Хоразм. Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида ҳам республикамизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида сиёсий партияларнинг роли йилдан-йилга кучайиб, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилишга қаратилган стратегик вазифаларни ҳал этишда партияларнинг иштироки кенгайганлиги алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги конституциявий қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар сиёсий партияларнинг давлат ҳокимияти органларини шакллантириш ва лавозимларга сайлаш борасидаги ҳуқуқларини янада кенгайтиради.
Мамлакатимизда 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси давом этаётган шу кунларда партиялараро сиёсий рақобат кучайганлигига алоҳида эътибор қаратилди. Мажлис қатнашчилари мазкур сайлов кампаниясида вилоят партия ташкилоти тизимидаги барча тузилмалар, вилоятдаги сафдошларимизни уюшқоқлик билан бу муҳим ишга сафарбар этиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар.
— Соҳаларда эришилган ҳар бир ютуқ фаровонликка хизмат қилиши билан бирга юртдошларимизнинг эртанги кунга ишончини янада оширгани айни ҳақиқат, — деди Хонқа туман партия кенгаши раиси Зеваржон Юсупова. — Мустақилликнинг улуғ неъматлари, беқиёс имконларини ҳар бир юртдошимиз чуқур англаб етган. Партиялараро сиёсий рақобат муҳитида тараққиётимизга хизмат қилаётган кўппартиявий тизим ана шу бебаҳо имконлардан бири ва мустаҳкам ҳуқуқий асосларга эга. Юртимиз аҳолиси, шу жумладан, ёшларнинг фуқаролик позицияси шаклланиши, уларнинг Ватан тақдири, жамият ҳаётига дахлдорлик ҳисси ортганлигида ҳам сиёсий партиялар фаолиятининг самаралари акс этган. Жорий йилнинг декабрь ойида бўлажак сайловга тайёргарлик ишларига, сайлов кампаниясига ана шундай ишонч ва қатъият билан киришдик.
Наманган. Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида вилоят партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Олимжон Мақсудов партия Сиёсий Кенгашининг VI Пленуми қарорлари ижросини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясида муносиб қатнашиш учун партия фаоллари, сафдошларимиз уюшқоқлик ва фидойилик кўрсатиши лозимлигини таъкидлади.
— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш барча даражадаги партия ташкилотларимиз, қолаверса, ҳар бир аъзо зиммасига катта масъулият юклайди, — деди халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси, Наманган давлат университети ректори Абдусалом Умаров. — Сайлов кампанияси партия ташкилотларимизга сайловчилар билан янада кенгроқ миқёсда ишлаш, партия номзодининг сайловолди дастурини кенг тарғиб қилиш имкониятини беради. Айни пайтда университетимиздаги сафдош ўқитувчилар ва талабалардан иборат гуруҳлар тузиб, омма орасида иш олиб боришни режалаштирдик. Вилоят партия кенгашининг масъул ходимлари уларни тегишли йўл-йўриқлар ва адабиётлар билан таъминлашни зиммаларига олдилар.
Музокараларда сўзга чиққан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, вилоят болалар тиббиёт марказининг бўлим мудири Иброҳимжон Абдуллаев, Косонсой, Янгиқўрғон туман партия кенгашларининг раислари Муроджон Жалилов, Дилафрўз Тўхтасинова ва бошқалар Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилганини ҳамда партия электорати ва тарафдорларининг хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, навбатдаги VIII Қурултойда Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан номзод кўрсатилишини қўллаб-қувватладилар. Вилоят партия ташкилотининг бўлажак сайлов кампаниясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, сайлов жараёнида мафкуравий ва ташкилий-партиявий фаолиятни мувофиқлаштиришга қаратилган чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Қашқадарё вилоят партия кенгашининг навбатдаги пленуми ҳам ишчанлик руҳида ўтди.
— Мамлакатимизда сайловлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва сайлов тўғрисидаги қонунларга мувофиқ ҳамда халқаро демократик меъёр ва қоидаларга амал қилинган ҳолда очиқлик, ошкоралик ва сиёсий бағрикенглик шароитида ташкил этилмоқда, — деди вилоят партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Рўйиддин Раупов. — 2014 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловларда партиямизнинг дастурий ғояларини халққа тўғри ва холис тушунтирганимиз, вилоят миқёсида ўз самарасини берди, партия ташкилотларимиз томонидан кўрсатилган номзодларнинг 2 нафари Қонунчилик палатасига, 68 нафари эса маҳаллий Кенгашларга депутат этиб сайланди. Муҳими, сайловларда партиямизнинг инсонпарвар ғояларига бир неча юз минглаб сайловчилар ишонч билдирмоқда. Кейинги икки йил ичида вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида “Адолат” СДПга қизиқиш ортди, буни Қарши, Муборак, Деҳқонобод, Китоб туман партия ташкилотлари сафи кенгайгани мисолида яққол кузатиш мумкин.
Пленумда сўзга чиққанлар “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ўз номзоди билан иштирок этишини қўллаб-қувватлаб, сайловга тайёргарлик ишларини кучайтириш, вилоятдаги партия ташкилотларида тузилган сайлов штаблари ишини замон талаблари даражасида ташкил этишга эришиш хусусида таклиф ва мулоҳазаларини баён этишди.
Пленумларда муҳокама этилган масалалар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар кенгашларининг мазкур пленумларида жорий йилнинг октябрь ойида туман, шаҳар ва ҳудудий партия кенгашлари конференцияларини чақириш белгилаб олинди.

Шарипа ТОРЕШОВА, Феруз ЖЎРАЕВ,
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, Хоразм вилоят кенгашлари матбуот котиблари.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Комил САХАТОВ,
“Adolat” мухбирлари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ватанимизнинг барча гўшалари каби Тўрақўрғон туманида ҳам Мустақилликнинг 27 йиллиги кўтаринки руҳда нишонланди....
01 янв 1970
Уюшмаган ёшлар ўз муаммосини ҳал этишда “Адолат” СДПга ишонмоқда
01 янв 1970
Шаҳрисабз туманидаги Мираки шаҳарчаси маданият уйида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ўтказиб келинаётган “Адолатли қайнона&rdqu...
01 янв 1970
Шахмат — қизғин ва қизиқарли курашлар олами, ўйин жараёнида барчанинг диққатини бирдай ўзига жалб этувчи мураккаб вазиятлар, шу билан бирга, ...