Ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳудудларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда

/
Фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, уларнинг ҳуқуқий маданияти, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари самарали иш олиб боришмоқда.
Партия депутатлари фуқароларнинг мурожаатларини мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этишда амалий тажрибаларга эга, уларнинг ҳар бири бу муҳим масалага катта масъулият билан қарамоқда.
Сайловолди дастуримизда белгиланганидек, биз бозор иқтисодиёти ва хусусий тадбиркорлик ташаббуслари социал-демократиянинг асосий ғояларини амалга оширишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз. Шундан келиб чиқиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида ташаббус билан чиқаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш депутатлик гуруҳи фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.
Жумладан, шаҳарнинг “Иқбол” маҳалласида истиқомат қилаётган Барно Жўраевага оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиши учун жорий йилда “Микрокредитбанк”нинг Чирчиқ шаҳар бўлимидан 5 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилди ва тадбиркор ўз хонадонида қандолатчилик цехини ташкил этди. Партия депутатлик гуруҳи ва банк ходимлари кўмагида амалга оширилган бу хайрли иш туфайли тадбиркор Б.Жўраева ўз оиласи фаровонлигини таъминлаш билан бирга, эл дастурхони учун турли хил қандолат маҳсулотлари етказиб бермоқда, бугунги кунда бу ерда тайёрланган бир-биридан тотли маҳсулотлар бозор расталарида харидоргир бўлаётгани қувонарлидир.
“Дўстлик” маҳалласида яшовчи фуқаро Шаҳноза Турдиеванинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида депутат А.Юлдашевга қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал этилди. Депутат ва банк мутахассисларининг амалий ёрдами билан Ш.Турдиевага “Ўзсаноатқурилишбанк” Чирчиқ филиали томонидан 65 миллион сўмлик кредит ажратилиб, мазкур маҳаллада “PARVOZ BARAKA” MЧЖ озиқ-овқат дўкони ишга туширилди. Ҳозирда янги дўконда аҳолига намунали хизмат кўрсатилмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш партия депутатлари диққат марказидаги масала ҳисобланади. Жумладан, депутатлик гуруҳининг саъй-ҳаракати билан Саноат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Миркомил Мансуров “Нефтгаз ва кимё машинасозлик заводи” акциядорлик жамиятига, Техника касб-ҳунар коллежи битирувчиси Алишер Йўлдошев Чирчиқ қишлоқ хўжалик техникалари заводига ишга жойлаштирилди.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Абулқосим Давлетов шаҳардаги “Умид”, “Мурувват” маҳаллаларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг мурожаатлари асосида ушбу маҳаллаларнинг ободлиги, аҳоли фаровонлиги учун зарур бўлган қулайликлар яратилишида ташаббус кўрсатди. Депутат А.Давлетовнинг шаҳар ҳокимлигига киритган депутатлик сўрови ўрганиб чиқилди ва “Умид” маҳалласининг “Бўзсув”, “Чехов” кўчалари, “Мурувват” маҳалласининг “Рамазон” кўчасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу хайрли ишларда ҳомийлар амалий ёрдам кўрсатишди. Чирчиқ шаҳар ободонлаштириш бўлими ва шаҳар электр энергияси корхонаси раҳбарларига киритилган депутатлик сўрови натижасида эса “Умид”, “Мурувват” маҳаллаларининг бир қатор кўчаларига тунги чироқлар ўрнатилиб, электр энергияси таъминотидаги узилишлар бартараф этилди.
Партия депутатлик гуруҳининг фаол аъзоси — Адҳам Юлдашевнинг ташаббуси билан “Ҳаёт гули” ва “Дўстлик” маҳаллаларидаги ички йўлларнинг 2 километр узунликдаги қисми таъмирланиб, атрофи обод этилди. Депутатлик сўрови асосида мазкур маҳаллаларда жойлашган 4-,6-умумтаълим мактаблари атрофидаги кўчаларга жами 50 та тунги чироқлар ўрнатилгани, шунингдек, “Дўстлик” маҳалласида 1000 метр узунликдаги иссиқ сув қувурлари шаҳар “Сувоқава” бўлими ва “Maxsam Chirchiq” АЖ билан ҳамкорликда таъмирлангани ҳам маҳаллалар аҳли учун, айниқса, қиш мавсумида зарур қулайликлар яратилгани билан барчани мамнун этди.
Эркин Жўраев фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда етарли тажрибага эга депутатларимиздан саналади. Унинг жонкуярлиги билан “Иқбол” маҳалласида бир қатор ибратли ишлар амалга оширилди. Хусусан, фуқароларнинг мурожаатига кўра, шаҳар “Сувоқава” бўлими билан ҳамкорликда мазкур маҳалланинг “Чайковкий” кўчасида ичимлик суви тармоғи учун янги қувурлар ўтказилди. Депутат Э.Жўраевнинг ташаббуси билан “Автосалон” МЧЖ ва “Махсудов” хусусий корхонаси ҳомийлигида 7 миллион сўмлик ҳажмда “А.Қодирий” кўчасидаги 2,6,7,12-кўп қаватли уйлар таъмирланиб, уларнинг атрофи ва кўчалар ободонлаштирилди.
Шу билан бирга, партиямизнинг ёшлар сиёсатини, дастурий мақсад ва ғояларимизни ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида, йил давомида Маънавият тарғибот маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар бўлимлари билан ҳамкорликда кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди, шаҳар аҳолисининг манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилган бир қатор амалий ишлар қилинди. Депутатлик гуруҳи аъзолари “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да бу каби ижтимоий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва самарали давом эттиришни режалаштирган.
Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,
Тошкент вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши ташаббуси билан Каттақўрғон шаҳар драма театрида партиянинг 25 йиллиги муносабати ...
01 янв 1970
Сессиялар ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок эт...
01 янв 1970
Маълумки, азалдан ота-боболаримиз ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келган. ...