Аҳолини ўйлантираётган масалаларни Сенат аъзолари ва депутатлар ҳудудларда ўрганишмоқда

/
Энг олий қадрият сифатида улуғланган инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлашдек устувор мақсадимиз, аввало, халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билишни тақозо этади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан сенаторлар ва депутатлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, аҳолини ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганиши, таҳлил қилиши ҳамда тегишли хулосалар чиқариши зарурлиги ҳақидаги таклифларни илгари сурган эди. Ушбу муҳим вазифалардан келиб чиқиб, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, фуқароларнинг турмуш шароитларини ўрганиш, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва кечиктирмасдан ҳал этиш, бу борада парламент назоратини самарали тарзда амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб ҳудудларда ва хонадонларда бўлиб, фуқаролар билан жонли мулоқотлар ўтказишга киришди.

Навоий. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Зафар Султонов ҳамда Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулчеҳра Сатторованинг Хатирчи тумани аҳолиси билан учрашувлари қизғин мулоқотларга бой ҳолда самарали кечмоқда. Уларда фуқаролар билдирган фикр ва таклифлар, мавжуд муаммолар атрофлича ўрганилмоқда, ижро ҳокимияти, прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг ижроси, фуқаролар манфаатларининг рўёбга чиқарилиши билан яқиндан танишиб чиқилмоқда.
Қонунчилик палатаси депутати ва сенатор маҳаллалар, аҳоли хонадонларида бўлиб, деҳқону тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш жараёнида уларни тезкор ҳал этиш юзасидан яратилган имконият ва қулайликлар тўғрисида атрофлича тушунтириш ишлари ҳам олиб боришаяпти.
Жумладан, “Қўшчинор” маҳалласида яшовчи Искандар Шодиев билан мулоқотда унинг чорвачилик фаолиятини ривожлантириш учун банк кредити олишда муаммоларга дуч келганлиги маълум бўлди. Унинг қўшниси Мамаёқуб Тошев ҳам ўзининг 10 сотих майдондаги иссиқхона хўжалигини кенгайтириш мақсадида имтиёзли банк кредити олишда қийналаётганини билдирди. Уларга бу борада барча шарт-шароитлар яратилганлиги ва муаммо тез орада ҳал этилиши тушунтирилди.
“Тинчлик” маҳалласида яшовчи Феруза Бўриева хонадонидаги суҳбат давомида у эр-хотиннинг иш билан банд эмаслиги, маҳалла фуқаролари йиғини томонидан моддий ёрдам берилмаётгани, газ таъминоти корхонаси томонидан суюлтирилган газ билан таъминланмаётганлиги ва тижорат банклари таклиф қилаётган имтиёзли кредитлардан бехабар эканини билдирди. Унга тижорат банклари томонидан таклиф этилаётган имтиёзли кредитлар ҳақида маҳалла ҳудудидаги банк муассасаси вакилларига учрашиши ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш тўғрисида тушунтиришлар берилди. Туман газ таъминоти корхонасидан суюлтирилган газ баллони олиб келиниши ва ўрнатилиши таъминланди.
— Ўн кун давомидаги ўрганиш натижалари халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида муҳокама этилади, — дейди Зафар Султонов. — Унда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда бошқа масъул ташкилотлар раҳбарларининг ахбороти ва ҳисоботи эшитилиб, уларнинг масъулиятини оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилади. Шунингдек, сессияда фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга оид ишларнинг ҳолатига, ўрганилган давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти самарадорлигига баҳо берилади.
САМАРҚАНД. Жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнини кузатиш мақсадида халқ билан мулоқот қилиш, бевосита аҳоли яшаётган хонадонларда бўлиб, уларни қийнаётган турмуш муаммоларини аниқлаб, ҳокимлик ҳамда тегишли бошқарув, ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборини камчиликларни жойида ҳал этишга қаратиш ва бу борада парламент назоратини амалга ошириш учун Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари 1 февраль куни Иштихон туманига ташриф буюришди. Шу куни халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси ўтказилиб, парламент аъзоларига ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш кўрсаткичлари бўйича зарур ахборот ва маълумотлар тақдим этилди. Сўнгра депутатлар аҳоли хонадонларини, мактабларни, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда бошқа ижтимоий хизмат кўрсатиш масканларини кўздан кечириш мақсадида маҳаллаларга йўл олишди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Полвоновнинг тумандаги “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги мулоқоти долзарб ижтимоий муаммоларга бу ерга таклиф этилган тегишли соҳа вакиллари иштирокида ечим топиб, амалий чоралар белгиланганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Мазкур МФЙ ҳудудидаги 4 та қишлоқда 5020 нафар киши истиқомат қилмоқда. Шуларнинг 2888 нафарини мактаб ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ташкил этади. Шу боис депутатнинг аҳоли билан мулоқоти чоғида ёшларни ишга жойлаштириш ва янги иш жойларини яратишда талайгина муаммолар борлиги рўйирост айтилди.
Хусусан, маҳалланинг “Гулзор” кўчасидаги 3-уйда яшовчи Дўстмамат Ҳасанов ва унинг рафиқаси Маҳбуба Ҳасанова ўн нафар фарзанди борлиги, лекин уларнинг ҳаммасини ҳам ишга жойлаштира олмаётганликларини куюниб гапиришди. Дўстмамат Ҳасанов оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун тегирмон қуриб, анчагина маблағ сарфлаганини, бироқ электр таъминотидаги доимий узилишлар сабабли ишни бошлай олмаётганини депутатга маълум қилди.
Шу кўчадаги 1-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Ёрқул Тўраев эса пластик карточкалардан фойдаланиш учун савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида терминаллар етишмаслиги, бу эса нақд пул муаммосини келтириб чиқараётгани, оила сарф-харажатларида қийинчилик пайдо қилаётганлигини ўз хонадонига ташриф буюрган депутатга баён қилди. Депутат Ш.Полвонов бу муаммони тегишли бошқарув, банк ва назорат идоралари иштирокида шу ернинг ўзида ҳал этиш имконияти яратилишини мурожаат эгасига тушунтирди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Махматмуродовнинг тумандаги “Зарбанд” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли “Бешбола” маҳалласида аҳоли билан мулоқоти ҳам илк кунданоқ самарали кечди. Маҳалла ҳудудидаги 24-умумтаълим мактабидаги аҳвол билан танишган депутатга бу ердаги иситиш тизими ишдан чиққанлиги, ўқув масканида инглиз тили ўқитувчиси етишмаслиги, парта ва стуллар ҳам талаб этилганидан камлиги маълум бўлди.
Фуқаро Санжар Мамадиёров депутат эътиборини “Бешбола” маҳалласида ҚВП йўқлиги, аҳоли 8 километр узоқликдаги қишлоқ врачлик пунктига қатнашга мажбур бўлаётганлиги, у ерда ҳам телефон алоқаси ва электр таъминоти муаммога айланганига қаратди.
Фуқаро Маҳмуд Тайлоқов эса маҳаллада аҳоли хонадонларини суюлтирилган газ билан таъминлаш узоқ вақтдан буён ҳал этилмаётганлиги, шу ерда яшовчи Бахтиёр Бойпулатов маҳаллада бирорта маиший хизмат шохобчаси очилмаганлиги, Бакир ўайбуллаев эса аҳоли тоза ичимлик суви етишмаслигидан қийналаётгани хусусида сўз юритишди.
Депутат А.Махматмуродов фуқароларнинг юқорида қайд этилган барча эътирозлари тегишли ижро ҳокимияти органи даражасида ўрганиб чиқилиши ва кечиктирмай ҳал этилиши учун чоралар кўрилишини билдирди.
Ҳар иккала депутат ташрифининг биринчи куниёқ ўндан ортиқ хонадонлардаги турмуш шароитларини ўрганиб чиқдилар. Маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ҳар бир фуқаронинг мурожаатини қонуний асосларда ҳал этиш имкониятларини яратиш хусусида келишиб олинди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сенаторлар ва депутатларнинг аҳоли билан юзма-юз мулоқотлари давом этмоқда.
Олим ХЎЖАЕВ,
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбирлари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қариганда айрим кишилар кексалик гаштини сураман деб ўзларидан ортмай, уйдаги икир-чикирлардан бўшамай қолади....
01 янв 1970
Жамиятимизнинг барча жабҳалари қаторида сиёсий партиялар фаолиятини ҳам оммавий ахборот воситаларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши томонидан халқ депутатлари Бухоро вилоят, Бухоро шаҳар ҳамда Жондор туман Кенгаши деп...
01 янв 1970
Партия депутатлик гуруҳи аъзоси Янгибой Бўронов ҳам фаоллиги ва амалий ишлари билан сайловчилар меҳрини қозонмоқда. ...