Электорат ва аъзолар билан ишлашнинг янги тизими

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан ишлаб чиқилган партия аъзолари ҳисобини юритиш бўйича махсус электрон дастурнинг тақдимоти ва уни амалиётга жорий этиш бўйича “Партия аъзоларининг электрон рўйхатини юритишнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар ташкил этилди.
Партия Марказий аппаратида бўлиб ўтган мазкур тадбирда Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси аъзолари, партия Марказий аппарати ва ҳудудий кенгашлари масъул ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов таъкидлаганидек, мамлакатимизда ахборот-коммуникацияларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугун ҳаётимизнинг барча жабҳасида ўз самарасини бермоқда. Айниқса, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳаларда олиб борилаётган изчил ислоҳотларда муҳим аҳамият касб этаётир. Чунки мазкур қонун меъёрлари воситасида ҳукумат ва аҳоли ўртасида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари орқали алоқалар янада осонлашди. Бу эса, ўз навбатида, жамият ҳаётини демократлаштириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётир.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар жараёнида сиёсий партияларнинг ўрни ва роли тобора ошиб бораётган ҳозирги шароитда электорат билан яқинроқ иш олиб бориш, аъзолар ҳисобини юритиш, уларнинг ижтимоий таркибини аниқ таснифлаб боришда янада замонавий, инновацион усулларини излаб топиш, илғор ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш тақозо этилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиздаги сиёсий партиялар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўз фаолиятида ахборот технологияларини фаол ўзлаштириш ва кенг жорий этишга аҳамият қаратмоқда.
Хусусан, бугунги кунда “Ўзбекистон” Адолат СДП сафларида 4 033 та бошланғич партия ташкилотларига бирлашган 157 222 нафар аъзолар бўлиб, уларнинг ҳисобини юритишдаги камчиликларни бартараф этиш ва бу борадаги фаолиятни такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш муҳим вазифалардан биридир.
Шу сабабли партия аъзолари рўйхатини электрон тарзда юритадиган ҳамда тартибга соладиган марказлашган махсус электрон дастур яратишга зарурат сезилиб, Марказий аппарат масъул ходимлари томонидан электрон дастур яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди ҳамда партия аъзолари ҳисоби ва ҳисоботини юритишда самарали натижа берадиган махсус дастур жорий қилинди.
— Яратилган дастурий тизим партия аъзолари ва бошланғич партия ташкилотларини тезкор ва сифатли кўринишда рўйхатга олиш, яратилган маълумотларни ягона базада сақлаш имконини беради, — дейди махсус электрон дастур муаллифи, партия фаоли Толмас Алахонов. — Ушбу электрон дастурга рўйхат орқали киритилган ҳужжатнинг ижро этилиш ҳолатини исталган вақтда раҳбар ёки ушбу дастурга масъул бўлган шахс томонидан тўлиқ назорат қилиб бориш, сақлаш, қидириш, қайта ишлаш ва мониторингини юритиш имконияти мавжуд. Қолаверса, ушбу дастурда нафақат онлайн, балки офлайн тизимида ҳам ишлаш имконияти яратилганлиги, интернет тармоғи уланмаган ҳолатда ҳам унга ахборотларни киритиш, уни қайта ишлаш ҳамда бошқа сақловчи қурилмалар воситасида маълумотларни алмашиш имконини беради.
Семинар давомида мутахассислар томонидан мазкур дастурни амалиётга жорий этиш ва ундан самарали фойдаланиш юзасидан партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий партия кенгашлари масъул ходимларига зарур тушунча ва кўрсатмалар берилди. Янги дастурий тизимнинг партия аъзолари ҳисобини юритишдаги ташкилий-техник имкониятлари қайд этилди.
— Партия тизимида махсус электрон дастурнинг жорий этилиши энг қуйи тузилмаларимиздан тортиб, марказий органларгача ўзаро маълумот алмашиш самарадорлигини оширишга ҳамда аъзолар ҳисобини юритишдаги айрим муаммоларни бартараф этишга ёрдам беради, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари Ажинияз Пахратдинов. — Биз шу вақтгача бошланғич партия ташкилотлари ҳамда уларга бирлашган аъзолар ҳақида Сиёсий Кенгаш Марказий аппаратига 18 та иловадан иборат чораклик ва йиллик ҳисоботларни жамлаш ва тақдим этишда қийинчиликларга дуч келар эдик. Эндиликда, айниқса, марказдан олисда жойлашган туман ёки шаҳар кенгашларимиз ўзларидаги маълумотларни ушбу электрон дастурга киритиб бориш орқали ортиқча вақт, қоғоз сарфланиши ва оворагарчиликларнинг олди олинади. Ушбу дастур партия ташкилотлари томонидан аъзолар ҳисобини юритишда тезкорлик ва сифатни ошириш, ахборот ресурсларидан кенг кўламда, шу жумладан, ҳудудларда фойдаланишни таъминлаш, партия тизимида маълумот алмашиш самарадорлигини оширишда замонавий механизм сифатида хизмат қилади.
Семинарда биз махсус электрон дастурни ишлатишнинг техник ва ташкилий жиҳатларини чуқур ўрганиб, ўзимизни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдик. Энди ҳар биримиз ўз ҳудудимизда бу ерда олган билимларимиз асосида барча туман ва шаҳар партия ташкилотларида мазкур электрон дастурда ишлайдиган масъуллар учун семинар ўтказиб, жойларда махсус тизимнинг амалиётга тўла жорий этилишини таъминлаймиз.
Тадбир давомида махсус электрон дастурни янада такомиллаштириш бўйича таклиф-тавсиялар ҳам ишлаб чиқилди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, жорий йилнинг декабрь ойида мамлакатимизда Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтад...
01 янв 1970
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб маънавият масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. ...
01 янв 1970
Инновацияларни жорий этиш корхоналар рақобатдошлигини ошириш, уларнинг иқтисодий мустақиллиги ва бозордаги мавқеини мустаҳкамлашнинг асосий омиллар...
01 янв 1970
Ёш авлод соғлиғини асраб-авайлаш болалар ўртасида келиб чиқиши эҳтимоли бўлган турли касалликларнинг олдини олишга ҳам боғлиқ. ...