Кенгашли тўй тарқамас

/
Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз аъзолари унча кўп эмас, жами тўрт кишидан иборат. Улар турли касб эгалари, шундай бўлса-да, олдимизда турган вазифаларни муваффақиятли адо этиш учун куч-ғайратларини аямасдан иш олиб бормоқдалар. Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари шакллантирилгандан бери икки йилдан зиёд вақт ўтди. Бу давр мобайнида туман маҳаллий Кенгашининг йигирма тўртта сессияси ўтказилди.
Доимий комиссиялар ҳам самарали фаолият олиб бормоқда. Ўз навбатида, депутатлик гуруҳимиз амалга ошираётган ишлар ҳам анчагина. Аъзоларимиз сессияларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишда тобора фаол иштирок этмоқдалар. Қонунлар, қабул қилинган қарорларнинг ижроси устидан назорат, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш ҳам эътибордан четда қолмаётир.
Аввал тўлақонли иш ташкил этишда қийналдик. Чунки олдинги сайловда партиямиз вакиллари Кенгашда гуруҳ тузиш у ёқда турсин, биронта депутатлик ўрнига ҳам эга бўлмаганлар. Боз устига мен ҳам, бошқалар ҳам илгари депутат бўлмаганмиз. Аммо вилоят партия кенгаши томонидан ўтказилган қатор семинар-тренинглар, сиёсий ўқувлар бизга кўп нарса берди. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси шу масалага бағишлаб ўтказган тадбирлардан ҳам анча сабоқ олдик. Натижада партия депутатлик гуруҳи аъзоларининг барчаси — Иброҳимжон Маматқулов, Тўрамирза Мирзапаров, Насибахон Мамадалиева фаол ишлаш кўникмаларига эга бўлдилар.
Фаолиятнинг муваффақиятини таъминлаш учун иш режаларини пухта, маслаҳатлашиб тузишга ҳаракат қилдик. Энг аввало, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни кўриб чиқиш, бунда сайловчиларнинг талаб-истакларини ҳисобга олишга алоҳида эътибор қаратилди. Дастлаб партия гуруҳи йиғилишида кўриб чиқилган масалалардан бирини яхши эслайман. У депутатларнинг ўз сайловчилари билан учрашувларида кўтарилган мавзу асосида юзага келганди. Ўшанда туман марказидаги кўп қаватли уйлар жойлашган “Қорасув” маҳалласидаги ободончилик ишлари ва санитария ҳолати кўриб чиқилган эди. Йиғилишга Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгаши фаоллари, фуқаролар йиғини вакиллари таклиф этилгани унинг таъсирчанлигини янада оширди. Қизғин муҳокамадан сўнг хонадон эгалари ва туман ободонлаштириш бошқармаси ҳамда ҳудуддаги уй-жой мулкдорлари ширкатларининг вазифалари аниқ белгилаб олинди. Бошланган ишларнинг самарадорлигини таъминлашда депутатлик назорати қўл келди. Шундай қилиб, аҳвол яхши томонга ўзгара бошлади.
Шу кунларда эса депутатларимиз туман партия кенгаши фаоллари билан биргаликда ўз ишларини давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида ташкил этмоқдалар. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 2017 йил февраль-март ойлари учун белгиланган тадбирлар режасига биноан жойларда сайловчилар билан ўтказилаётган мулоқотлар қизғин давом этмоқда. Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари томонидан мамлакатнинг барча ҳудудларидаги қатор туманларда ижроия ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, шунингдек, хизмат кўрсатиш ташкилотларининг ўз вазифаларини қай даражада бажараётганликларини ўрганиш бўйича қўлланилаётган амалиёт жуда қўл келмоқда.
Яқинда депутатлар ва фаоллардан иборат ишчи гуруҳимиз тумандаги йирик аҳоли пунктларидан ҳисобланган “Заркент” қишлоғидаги “Маданият” МФЙ ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахслар вакиллари билан суҳбатлар уюштиришди. Бунда асосий эътибор қонунлар ижроси ва олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини аниқлашга қаратилди. Маълум бўлишича, маҳаллада 4215 фуқаро истиқомат қилар экан. Иккита мактаб, битта касб-ҳунар коллежи, участка шифохонаси, қишлоқ врачлик пункти, мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатади.
Биз танишган аксарият хонадонларда тадбиркорлик билан шуғулланиш режалари тузилганлиги маълум бўлди. Масалан, фуқаро Гулчеҳра Орифбоеванинг ҳовлиси саккиз сотих. У чорвачилик йўналишида ёрдамчи хўжалик ташкил этмоқчи экан. Унга банкдан имтиёзли кредит олиш йўл-йўриқлари тушунтирилди.
Садриддин Молдабоев эса ишбилармонлик соҳасида дастлабки қадамни қўйган. Унинг икки сотих майдонни эгаллаган лимонарийси бор. Энди эса паррандачиликни йўлга қўймоқчи. Бу фуқарога ҳам зарур маслаҳатлар берилди. Депутатларимизнинг бир кунлик иши натижаси шу бўлдики, маҳаллада тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 35 та хонадон аниқланди. Уларнинг барчаси имтиёзли кредитни қандай расмийлаштириш мумкинлиги ҳақидаги тегишли ҳужжатлар билан таништирилди.
Маҳалла ҳудудида жойлашган 30-умумтаълим мактабида 812 ўқувчи таълим олади. Ўқув масканининг бинолари кўздан кечирилганда уларнинг таъмирталаб эканлиги аниқланди. Педагогик жамоа вакиллари бу ҳақда бир неча бор юқори ташкилотларга мурожаат қилганликларини, аммо ҳанузгача муаммо ўз ечимини топмаётганлигини билдирдилар. Агросервис ва транспорт касб-ҳунар коллежида ўқувчиларнинг дарсга қатнашиши тўлиқ таъминланмаётгани маълум бўлди. Бу ерда маҳалла фаоллари ва ота-оналар иштирокида ушбу масала бўйича йиғилиш ўтказиш режалаштирилди. Ташкилий ишларни МФЙ раиси ўз зиммасига олди.
Нафақат маҳаллага, балки бутун қишлоққа хос жиддий муаммо — ички йўлларнинг ҳолати талабга жавоб бермаслигидир. Айниқса, “2-Дўстлик”, “Узумзор”, “Маданият” кўчалари ўйдим-чуқур, қишда лой бўлади, ёзда чанг кўтарилади. Депутатларимиз бу масалани туман миқёсида ўрганиш ва халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси муҳокамасига киритиш тўғрисида келишиб олдилар.
Халқимизда кенгашли тўй тарқамас деган гап бор. Ҳозирги пайтда ҳал қилинаётган масалалар ҳам кенгашиб қилинаётган ишларнинг амалий натижасидир. Айни кунларда депутатларимиз аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва дори таъминотини янада яхшилаш, шунингдек, ушбу соҳада қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш ҳамда депутатлик, жамоатчилик назоратини йўлга қўйишда ҳам фаол қатнашмоқдалар. Мазкур масала бўйича халқ депутатлари туман Кенгашининг сессияси ўтказилди. Юқорида тилга олинган масалалар устидан назоратни амалга оширувчи комиссия тузилди ва таркиби тасдиқланди. Шунингдек, мазкур соҳада депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳи ҳам фаолият кўрсата бошлади. Партия гуруҳимиз аъзолари аҳоли билан мулоқот ва учрашувлар жараёнида соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий хизмат кўрсатишнинг аҳволи, дори-дармон ҳамда муолажа воситалари билан узлуксиз таъминлаш ҳолатини, фуқароларнинг бу борадаги талаб ва таклифларини ўрганишга киришдилар. Халқ депутатлари туман Кенгашининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунларнинг ижро этилишини, уларнинг ушбу соҳага оид қарорлари бажарилишини текшириш юзасидан қабул қилинган қарорларини, қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникалар раҳбарларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотлари юзасидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қарорларини таҳлил қилиб, натижасига оид маълумотларни доимий равишда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги комиссияга тақдим этиш вазифаси белгиланди.
Дилбар АСҚАРОВА,
халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимиз бўйлаб истиқлол шодиёналари шукуҳи кезмоқда, шу кунларда ушбу қутлуғ айём муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар бошлаб юбор...
01 янв 1970
Инновацияларни жорий этиш корхоналар рақобатдошлигини ошириш, уларнинг иқтисодий мустақиллиги ва бозордаги мавқеини мустаҳкамлашнинг асосий омиллар...
01 янв 1970
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгашининг фаоллар йиғилиши бўлиб ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳудудларда аҳоли билан учрашиб, очиқ мулоқотлар ўтказишди....