Камчиликлар ўрганилди, навбат амалий ишга

/
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 1-10 март кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари мамлакатимиз ҳудудларида бўлиб, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўрганди, парламент аъзолари кўплаб хонадонларда бўлиб, фуқаролар билан суҳбатлашдилар. Ўрганишлар натижалари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг навбатдаги сессияларида қизғин муҳокама қилинди.
Халқ депутатлари Қумқўрғон туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок этди ва сўзга чиқди.
Сессия ишида Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат аъзолари томонидан туманда ўтказилган ўрганишлар, аҳоли билан очиқ мулоқотларда аниқланган масалалар ва уларни ҳал этиш чора-тадбирлари атрофлича муҳокама қилинди.
Албатта, кейинги йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини янада ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган. Шу билан бирга, ўрганишлар туманда ҳали ўз ечимини кутаётган бир қатор масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Сессияда таъкидланганидек, ўрганишлар мобайнида сенатор ва депутатлар ҳудуддаги 417 та хонадонда бўлиб, уларнинг турмуш шароитлари билан танишди. Шунингдек, 139 та тадбиркорлик субъектларида учрашувлар ўтказилди. Мулоқотлар давомида аҳоли томонидан уларни ўйлантираётган ва ечимини кутаётган 460 та масала ўртага ташланди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият масалалар уй-жой-коммунал, аҳоли бандлиги, соғлиқни сақлаш, транспорт ва йўл қурилиши, таълим, экология ва атроф-муҳит, банк-кредит, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига доир, пластик карталар орқали тўловларни амалга ошириш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олмоқда.
Шунингдек, аҳолига транспорт хизматини яхшилаш учун йўналишли автобуслар сонини кўпайтириш, бир қатор янги йўналишлар бўйича автобус қатновини йўлга қўйиш зарур.
Депутатлар ва сенаторлар томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида улардан 47 таси жойида ҳал этилди.
Масалан, “Шерозий” маҳалласида жойлашган 31-умумтаълим мактаби филиали синфхоналарига янги эшик ва ромлар ўрнатилди. “Сайхон” маҳалласи ҳудудидан ўтган 300 метрдан зиёд эскирган электр сими туман электр тармоқлари корхонаси томонидан алмаштирилди. Оилалар фаровонлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 34 нафар фуқарога жами 212 миллион сўм миқдорда кредит маблағлари ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Шу билан бирга, ўрганишлар туманда ер ажратиб бериш, ички йўлларнинг ҳолати, табиий газ ҳамда электр энергияси таъминоти, таълим муассасалари биноларини таъмирлаш, тиббий хизмат кўрсатиш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш ва бошқа ўз ечимини кутаётган бир қатор масалалар мавжудлигини кўрсатди.
Жумладан, туманда рўйхатдан ўтган 938 та (деҳқон ва фермер хўжаликларидан ташқари) корхонадан 128 таси ёки 14 фоизи бугунги кунда фаолият кўрсатмаяпти. Туманда рўйхатдан ўтган 988 та якка тартибдаги тадбиркордан 201 таси турли сабабларга кўра, ўз фаолиятини тўхтатган, 94 таси фаолиятини бутунлай тугатиб, давлат реестридан чиқарилган. 2017 йил 1 март ҳолатига кўра, туманда жами 1022 та фермер хўжаликлари рўйхатдан ўтган бўлса-да, шундан 437 таси фаолият кўрсатмаётганини изоҳлаш қийин.
Тадбиркорларнинг ер ажратиб бериш тўғрисидаги мурожаатлари узоқ муддат давомида (3 ойдан 12 ойгача) кўриб чиқилиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Масалан, 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигида туман ҳудудларидан тадбиркорларга бор-йўғи 20 та ер участкаси ажратилган.
Ҳудудда тадбиркорликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан яна бири электр энергияси таъминотидаги узилишлар саналади. Натижада янги саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари очилишида кийинчиликлар вужудга келмоқда.
Туман марказида жойлашган Қумқўрғон деҳкон бозори ва унинг филиаллари фаолияти бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти. Уларда сотувчилар ва аҳоли учун зарур шароитлар яратишга лозим даражада эътибор қаратилмаган, санитария қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари учрайди, нақд пул тушумлари механизми тўлиқ йўлга қўйилмаган.
Туманда аҳолини савдо дўконлари орқали асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан (ун, ёғ, шакар ва бошқалар) ҳамда қолипли нон билан таъминлашда белгиланган меъёрларга риоя этмаслик ҳолатлари мавжуд.
Ҳудуднинг аксарият массивларида табиий газ босими пастлиги, табиий газ таъминотидан узиб қўйилган ҳудудларга суюлтирилган газ баллонларининг ўз вақтида етказиб берилмаётганлиги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, туман газ идораси томонидан аҳолига асоссиз қарздорлик ҳисобланиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Ҳудуд аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминловчи 7 та ичимлик сув иншоотидан 4 таси таъмирталаб, 93 дона сув қудуғидан 6 таси яроқсиз ва 34 таси таъмирталаб, 78 та сув минорасидан 5 таси яроқсиз ва 27 таси таъмирталаб, 303 километрлик сув қувурларининг 17 километр узунликдаги қисми яроқсиз бўлиб қолган ҳамда 130 километр ҳажмдаги қувурлар таъмирталаб аҳволда.
Мажлисда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан мулоҳаза ва таклифлар ўртага ташланиб, масалалар чуқур таҳлил этилди. Сессияда қабул қилинган қарорга мувофиқ, жумладан, туман ҳокими ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини 10 кун муддатда ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши белгиланди. Туман прокурори, ички ишлар бўлимига туманда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Шунингдек, мутасадди ташкилотлар фаолиятини вақтинча тўхтатган тадбиркорлик субъектлари билан суҳбат ўтказиши ҳамда уларнинг фаолиятларини тиклаш юзасидан амалий ёрдам кўрсатиши, фаолият юритмаётган фермер хўжаликларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатиш ва давлат реестридан чиқариш чораларини кўриши лозимлиги таъкидланди.
Туман давлат санитария ва эпидемиология назорати марказига туман бозорлари ҳудудининг санитария-гигиена ҳолатини яхшилаш юзасидан тегишли чораларни амалга ошириши қайд этилди. “Тумангазтаъминот” филиали рахбарига тегишли муддатда туман газ идораси ва истеъмолчилар ўртасидаги қарздорлик юзасидан тафовутларни бартараф килиш, эскирган қувурларни янгилаш, аҳолига суюлтирилган газ баллонларини ўз вақтида етказиб бериш чораларини кўришга доир топшириқлар берилди.
Мазкур қарорда тумандаги 2010-2016 йилларда қурилган намунали уй-жойлар жойлашган ҳудудлардаги 5,74 километрлик ички йўлларга асфальт ётқизишни «Ягона буюртмачи» хизмати инжиниринг компанияси Сурхондарё филиали жорий йилда якунига етказиши қайд этилди.
Сессия қapopининг ижроси юзасидан туман ҳокими, туман прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи ҳамда бошқа масъул ташкилотлар, муассасалар раҳбарлари жорий йилнинг тегишли муддатларида халқ депутатлари туман Кенгашига ахборот бериши белгилаб қўйилди.
Мақсуд ТЎРАЕВ,
Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига сайловлар натижаларига бағишланган брифингда “Адолат...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида видеоко...
01 янв 1970
Юртимиз бўйлаб истиқлол шодиёналари шукуҳи кезмоқда, шу кунларда ушбу қутлуғ айём муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар бошлаб юбор...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. ...