Мурожаатлар ижроси аниқ ёндашувни талаб этади

/
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли билан очиқ мулоқотнинг самарали усул ва механизмлари жорий этилиб, бу борадаги долзарб вазифалар белгилаб берилди. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи ҳам ушбу вазифаларни бажаришда фуқаролар билан доимий мулоқот олиб бориб, ҳаёт билан ҳамнафас ишлаб келмоқда.
Депутатлик гуруҳи аъзолари фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, қонунлар ва ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш юзасидан жорий йилнинг ўтган даврида мутасадди ташкилот ва муассасаларга 80 дан ортиқ депутатлик сўровлари киритишди. Муҳими, депутатлик гуруҳи аъзолари партиянинг дастурий мақсад ва ғоялари фуқаролар манфаатларига хизмат қилишини амалда кўрсатишга астойдил интилиб, амалий натижаларга эришмоқда.
Хусусан, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига 19-Файзобод сайлов округидан сайланган депутат Тошпўлат Матибаев сайловчилар билан доимий равишда юзма-юз мулоқот олиб бориб, аҳоли манфаатларини рўёбга чиқариш, уларни ўйлантираётган масасаларга ечим топишга астойдил интилмоқда.
Жумладан, сайловчилардан келиб тушган мурожаатлар асосида, депутат ташаббуси билан Миробод туманида жойлашган 154-умумтаълим мактабида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Масъул ташкилотлар раҳбарларига депутатлик сўрови киритилиши натижасида Республика ўсмирлар спорт маҳорати олий мактабининг ҳамда “Сарикўл” МФЙда жойлашган Темирйўлчилар оилавий ётоқхонасининг футбол, волейбол, баскетбол майдончалари таъмирланиб, бу ерга зарур спорт жиҳозлари ва ўриндиқлар ўрнатилди.
Тегишли дастурда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан депутатлик назорати ўрнатилиши тажрибада ўз ижобий самарасини кўрсатиб келмоқда. Шу маънода Т.Матибаевнинг депутатлик назорати ижобий самара бериб, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Марказий клиник шифохонасида “Она ва бола эмоционал психологик реабилитация хонаси” ташкил этилди, ушбу хона мебель жиҳозлари, маиший техника воситаси ва спорт анжомлари билан жиҳозланди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли болалар шифохонаси капитал таъмирдан чиқарилди, шифохона ҳудуди ободонлаштирилди, болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши мақсадида ўйингоҳ барпо қилинди, спорт тўгараклари ташкил этилди.
— Тиббиёт масканимизнинг таъмирланиб, кўркига кўрк қўшилгани беморлар қатори бизни ҳам қувонтирди, — дейди бош шифокор ўринбосари Гулноз Абдураҳмонова. — Сабаби, бу ерда яратилган қулай шарт-шароитлар, гўзал, кайфиятни кўтарувчи муҳит дардига шифо излаб келганларнинг тезроқ соғайишига ижобий таъсир кўрсатади. Фарзандининг саломатлиги тикланиб бораётганидан мамнун оналарнинг юзидаги табассумни кўриб, шифокор бўлганимдан беҳад фахрланаман.
Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Жамоатчилик назорати — қонун устуворлиги гарови” лойиҳаси доирасида ҳам депутатлик гуруҳи томонидан бир қатор амалий ишлар қилинди.
“Нукус” кўчасидаги сув ўтадиган қувур авария холатига келгани туфайли туман “Сувсоз” корхонаси томонидан ер ости қувурини таъмирлаш ишлари олиб борилган эди. Бироқ таъмирлаш ишлари якунланганидан сўнг Республика тери-таносил диспансери, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ соғлиқни сақлаш хизмати, Марказий санитария эпидемиология бинолари ёнидан ўтувчи автомобиль йўли қайта асфальтланмаган. Бу ҳолат йўловчилар ва автомашиналар учун ноқулайликлар туғдирди. Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасига депутатлик сўрови чиқарилиши туфайли бу муаммо бартараф этилди.
Депутат Фарҳод Абдуллаевнинг фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлари давомида соғлиқни сақлаш соҳасига оид кўпгина мурожаатлар келиб тушди.
Жумладан, фуқаро Гулбаҳор Мамадиева 2005 йилда туғилган қизи Ш.Холматова автоҳалокатга учрагани туфайли бош мия очиқ жароҳати олганлиги, унинг даволаниши учун ордер олиш ҳамда Республика нейрохирургия илмий марказида бош суяк пластик операциясини амалга ошириш мақсадида ёрдам сўраб мурожаат қилган. Депутат Ф.Абдуллаев Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасига депутатлик сўрови киритди.
Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи А.Ибодов ҳамда бошқарманинг болаларга амбулатор хизмат бўйича мутахассиси Д.Ҳидоятованинг кўмагида бемор биринчи босқичда даволаниб, ҳозирда операция ўтказиш учун тайёргарлик кўрилмоқда.
“Ватандош” маҳалласида истиқомат қилувчи Х.Исламова қизи К.Қосимова руҳий касалликка чалингани, шу сабабли унга уй шароитида врач патронаж ажратилишида, фуқаро М.Юсупова ёлғиз она эканлиги боис 2001, 2006 йилларда туғилган фарзандларининг тромбоцитопатия (оққон) касалига чалингани эҳтимоли борлиги, уни аниқлашда диагностик текширувдан ўтказишда, шунингдек, нафақадаги Х.Баҳодирова ва Ш.Исҳоқовалар ўт пуфагини даволашда операция ўтказиш учун ордер олишда ёрдам сўраб мурожаат қилишган. Депутатнинг ўз вақтида мутасадди ташкилотларга сўров чиқариши натижасида мазкур масалалар ижобий ечим топди.
Аҳоли билан мулоқотлар давомида уй-жой ширкатлари, кўча ёритгичлари носозлиги, иссиқ сув, электр тармоғи, газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳам қайд этилмоқда. Хусусан, “Авиасозлар-4” мавзесида истиқомат қилувчи фуқаро Е.Шестаева 65-ётоқхонани капитал таъмирлашда кўмак беришни, “Авиасозлар-1” мавзеси 116-уйда яшовчи фуқаро М.Мадраҳимова кўп қаватли уйда иссиқ сув ҳарорати пастлиги, “Авиасозлар-2” мавзеси 13-уйда яшовчи Н.Горнешева кўп қаватли уй оралиғида йўл ёритилмаслиги ҳамда фуқаро Г.Икрамова “Дилбоғ” маҳалласи “Яратувчи” кўчасидаги ёритгичлар ишламаслигидан шикоят қилишди. Ушбу масалалар депутат томонидан ўрганилиб, уларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилди ҳамда ижроси назоратга олинди.
Бугун биз аҳолининг ҳуқуқий маданияти, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошганини кўп бор эътироф этмоқдамиз. Хусусан, фуқаролар ўзларини ўйлантираётган ёки ўзи истиқомат қилаётган ҳудуд манфаатлари акс этган масалаларга лоқайд эмаслар. Қолаверса, депутатларнинг янада фаол ишлашида фуқароларнинг уларга қилган мурожаатлари ҳам таъсир қилмай қолмайди. Бу эса депутатларнинг у ёки бу масалада тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови билан чиқишларини тақозо этади. Мурожаатлар доимий эътиборда бўлиши ҳамда депутатлик сўровлари ижобий ҳал қилинишида депутатларнинг ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши муҳим аҳамият касб этади.
— Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессиялари ва доимий комиссиялар йиғилишлари муҳокамасига масалалар киритишда сусткашликка йўл қўяётганимизни ҳам танқидий баҳолаш жоиз, — дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Ботир Даминов. — Чунки ҳудудий дастурлар ижросидаги иштирокимиз айнан маҳаллий Кенгаш сессиясига киритган таклифларимиз ва уларнинг рўёбга чиқиши орқали ҳам белгиланади.
Бунинг учун халқ ишонч билдирган депутатлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши, жойларда ижтимоий-иқтисодий тараққиёт дастурлари ижроси таъминланишида ташаббускор ва жонкуяр бўлиши зарур, албатта.
Феруз ЖЎРАЕВ,
Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
01 янв 1970
Яқинда ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги “Шалдироқ”, “Ибн Сино” МФЙлар аҳолиси билан жонли мулоқот ўтказишди....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Қизилтепа тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари мутасадди ташкилотларга депутатлик сўр...
01 янв 1970
“Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси саҳифаларида сафдошларимизнинг Сайловолди дастурини амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, жойларда...