Халқ манфаатлари йўлида

/
Юртимизда халқ билан мулоқотнинг очиқ ва самарали механизмларини ҳаётга татбиқ этишда давлат ва нодавлат ташкилотлари билан бир қаторда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий кенгашлари, қуйи ташкилотлари томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Халқ билан юзма-юз мулоқотлардан кўзланган асосий мақсад аҳолининг кенг қатлами, хусусан, электорат ичига кириш, уларнинг муаммоларини тинглаш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдир. Бу каби эзгу ва хайрли ишларни амалга ошириш учун, аввало, одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак.
Шу муносабат билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларидаги партия фаоллари, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлаш борасидаги долзарб масалаларни ўрганиш тизимли равишда йўлга қўйилди. Натижада жойлардаги мавжуд ҳолат ва юртдошларимизни ўйлантираётган муаммолар чуқур ўрганилиб, уларнинг ечимига кенг йўл очилмоқда.
Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, партиянинг барча туман ва шаҳар кенгашларида ташкил этилган ишчи гуруҳлари томонидан жорий йилнинг февраль-март ойлари давомида жами 1122 та маҳалла фуқаролар йиғини, 29856 та хонадон, 1159 та хўжалик юритувчи субъектлар ва ижтимоий объектлар ҳолати атрофлича ўрганилди. Ўрганишлар мобайнида сайловчилар ва аҳоли томонидан ишчи гуруҳига 3218 та мурожаат келиб тушди. Уларда келтирилган масалаларни ижобий ҳал этиш мақсадида тегишли ташкилотларга партия депутатлари томонидан 927 та депутатлик сўровлари юборилди. Аҳоли томонидан кўтарилган масалалардан 369 таси амалий жиҳатдан ҳал этилди.
Ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан ўтказилаётган юзма-юз мулоқотлар жараёнида кўтарилаётган муаммоларни бартараф этишда бир қатор вилоят партия ташкилотлари фаоллик кўрсатаётганини алоҳида айтиб ўтиш жоиз.
Жумладан, Жиззах вилояти партия ташкилоти томонидан жорий йилнинг февраль-март ойлари давомида 85 та маҳалладаги 1687 хонадонда яшовчи фуқаролар билан юзма-юз учрашувлар ташкил этилган бўлиб, мулоқотлар вақтида фуқаролар томонидан 204 та мурожаатлар қайд этилди. Мавжуд муаммоларни бартараф этишни сўраб тегишли мутасадди идоралар раҳбарларига халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлари томонидан 47 та депутатлик сўровлари йўлланди ва шунга асосан 43 та масаланинг ижобий ҳал этилишига эришилди.
Шунингдек, ижобий кўрсаткичларни Наманган вилояти партия ташкилоти ишчи гуруҳи фаолиятида ҳам кузатишимиз мумкин. Хусусан, жорий йилнинг февраль ойи давомида вилоят ҳудудидаги 24 та маҳалла ўрганилган бўлиб, аҳоли томонидан билдирилган 63 та мурожаат асосида ҳудудлардаги мутасадди ташкилотлар раҳбарларига 19 та депутатлик сўровлари чиқарилди, 13 та муаммога амалий ечим топишга эришилди. Март ойида фуқаролардан тушган 169 та мурожаат ўрганилиб, улар асосида 27 та депутатлик сўровлари чиқарилди. Натижада 40 дан ортиқ муаммоли ҳолатларнинг қисқа фурсатда бартараф этилиши таъминланди.
Ҳудудларда аҳоли томонидан қилинаётган мурожаатларнинг аксарият қисми табиий газ босимининг пастлиги ёки умуман йўқлиги, электр энергияси таъминотидаги узилишлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатишнинг ҳолати, савдо дўконларида банк терминаллари билан савдо қилиш тизимини такомиллаштириш, қишлоқ жойларида янги иш ўринларини яратиш билан боғлиқ масалалардир. Ушбу масалаларнинг аксарияти маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, тегишли муассаса ва ташкилотларни жалб қилган ҳолда туман ёки шаҳар миқёсида ҳал қилинмоқда. Зарур ҳолларда муаммоли масалаларни вилоят ёки республика даражасида ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.
Партиянинг Навоий вилояти кенгаши томонидан шакллантирилган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан шу кунга қадар 53 та маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 1500 дан ортиқ оилалар шароити ўрганилди. Ушбу жараёнда уй-жой, коммунал соҳа, иш билан бандлик, тиббиёт тизимига оид муаммоларни бартараф этишни сўраб 269 та мурожаат тушди. Партия депутатлари чиқарган 89 та сўров асосида аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларнинг 47 таси тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва туман ҳокимлиги ёрдамида қисқа вақтда ҳал этилди. Масалан, Навоий шаҳридаги “Турон” маҳалласи, “Меъморлар” кўчаси, 21-хонадонда яшовчи С.Баҳодирова Навоий кончилик коллежини тугатгани ва иш топа олмаётганини айтиб, ушбу масалада ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мазкур масала бўйича халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Шовдир Асатовнинг Навоий шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази раҳбарига депутатлик сўрови чиқариши орқали С.Баҳодирова Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Бахттекстиль” қўшма корхонасига ишга жойлаштирилди.
Шунингдек, Жиззах шаҳрида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан “Халқобод” маҳалласи ҳудудида жойлашган юридик ва жисмоний шахслар билан бевосита суҳбатлар уюштирилди ҳамда амалдаги қонунлар ижроси, соҳадаги ислоҳотларнинг ўз фаолиятларига татбиқ этилиши даражаси ўрганилди.
Ушбу маҳалланинг “ўунча” кўчаси, 54-уйда яшовчи фуқаро Э.Файзуллаеванинг боқувчиси йўқлиги ва ҳеч қаерда ишламаслиги сабабли ичимлик сувидан қарздорлигини бартараф этиш ва сувҳисоблагич ўрнатиш юзасидан ёрдам кўрсатиш ҳақидаги мурожаати ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ўрганиб чиқилди. Партия депутатлари аралашуви билан маҳалла фуқаролар йиғини томонидан ёрдам кўрсатилиб, шаҳар “Сувоқава” корхонаси томонидан ҳисоблагич ўрнатиб берилди.
“Э.Худойқулов” кўчаси, 6-уйда яшовчи фуқаро Х.Қўшоқованинг икки нафар фарзандини иш билан таъминлашда ёрдам кўрсатиш ҳақидаги мурожаати ҳам атрофлича ўрганилди. Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати О.Нишонова томонидан ушбу масала юзасидан шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига юборилган депутатлик сўрови натижасида Х.Қўшоқованинг фарзандлари доимий иш ўринларига эга бўлдилар.
– Юзма-юз мулоқотлар аҳолининг давлатга ва эртанги кунга ишончини янада оширмоқда, – дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Рустам Тўйчиев. – Сабаби оддий, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг ҳуқуқ ва манфаати ётади. Давлат ва нодавлат ташкилотлари мутасаддилари халқнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларини ўз вақтида ҳал қилса, юртимиздаги тараққиёт, тинчлик ва фаровонлик янада бардавом бўлади. Жиззах вилоятида ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, кундалик ҳаётда учраётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал қилиш, аҳолига ҳар томонлама муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳам ана шу ишларимизнинг узвий давомидир.
— Туманимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш, аҳоли муаммоларини ҳал этишда бу каби мулоқотларнинг аҳамияти катта, — дейди халқ депутатлари Нурота туман Кенгаши депутати И.Исмоилов. — Нурота туманида ҳам таълим, тиббиёт, бандлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик масалаларида ечимини кутаётган масалалар учрамоқда. Ишчи гуруҳи аъзолари ва тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан уларни ижобий ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқаяпмиз. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотларнинг натижалари халқ депутатлари туман Кенгашидаги доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама қилинади.
Қолаверса, ишчи гуруҳ аъзолари аҳоли билан суҳбатларда уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, амалдаги қонунлар ва қонуности ҳужжатларида кафолатланган ҳуқуқ ва бурчларини тушунтириш бўйича тарғибот ишлари ҳам олиб бормоқдалар.
Шу ўринда, бундай юзма-юз мулоқотлар аксарият ҳудудий партия кенгашлари томонидан самарали ташкил этилаётганига қарамай, айрим ҳудудлардаги мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятсизлиги ҳамда ҳудудий партия кенгашларимиз фаоллари ва депутатларнинг ҳар бир масала ижросини охирига етказишдаги сусткашлиги туфайли олиб борилаётган ишларнинг амалий натижалари кўзга ташланмаяпти. Масалан, жорий йилнинг февраль-март ойларида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги 88 та маҳалладаги, 2287 та хонадонда турмуш шароитлари ўрганилган бўлиб, улар томонидан 263 та мурожаат келиб тушган. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилотлар раҳбарларига йўлланган 46 та депутатлик сўрови жавобсиз қолганлиги айрим мутасаддилар мамлакатимизда кечаётган бугунги ислоҳотларнинг туб моҳиятини ҳамон чуқур ҳис этмаётганини англатади. Ваҳоланки, сўнгги йилларда қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатлари кенгайтирилиб, депутат сўровига жавоб беришнинг аниқ муддатлари белгиланган.
Бу, ўз навбатида, партия тизимида аҳоли ва электорат билан олиб борилаётган мулоқотларни янги босқичга олиб чиқиш, партия ташкилотлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлари фаолиятларини жонлантиришни ҳам тақозо этмоқда. Зеро, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” шиори ҳаётимиз мазмунига айланиб бораётган экан, мамлакатимизда кечаётган демократик ислоҳотларнинг янги босқичи суръатларидан ортда қолмаслик, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида олдимизга қўйилган мақсадлар ижросини таъминлашда партиямизнинг ҳар бир фаоли ва депутати ўз зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этмоғи даркор.
Даврон МАНСУРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жойларда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларда қайд этилган масалаларга ечим топиш партия депутатлари фаолиятида алоҳида ўрин тутади....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари бир қатор ишларни амалга оширмоқда....
01 янв 1970
Самарқанд вилоят партия кенгаши сайлов штабига ҳар куни ўнлаб кишилар ташриф буюришади....
01 янв 1970
Фуқаролардан 9 та ёзма ва 30 га яқин оғзаки мурожаатлар келиб тушгани ҳамда ўз ижобий ечимини топгани эътиборга молик. ...