Электорат билан ёнма-ён

/
Айни кунларда халқ депутатлари Китоб туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳида фаолият кўрсатаётган депутатларнинг уч нафари мазкур Кенгашдаги учта доимий комиссияга раҳбарлик қилмоқда. Депутатлик гуруҳи аъзолари туман партия кенгаши билан ҳамжиҳатликда иш олиб бораётгани ижобий самара бермоқда.
Президентимиз кўрсатмалари асосида шу йилнинг ўтган ойлари ичида “Боғбон” ҚФЙга қарашли 8 та қишлоқдаги аҳоли томорқаларига баҳорги экин экиш, иссиқхоналар ташкил этиш, чорвачилик учун кредит олишда депутатларимиз амалий ёрдам бердилар. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида партия депутатлари тумандаги “Яккатут”, “Кўмиртепа”, “Сапарча”, “Бештерак”, “Шўробсой”, “Али Қушчи”, “Халқлар дўстлиги”, “Янгиобод” маҳаллаларида бўлиб, сайловчиларнинг қабулини ташкил этиб келишмоқда.
Ана шу мулоқотларда депутат Баҳриддин Эгамбердиевга “Яккатут” маҳалласида истиқомат қилаётган бир гуруҳ фуқаролар ҳудудда жойлашган 18-умумтаълим мактабидаги спорт залининг таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги, 19-умумтаълим мактабида эса спорт зали йўқлиги юзасидан шикоят қилишди. Ушбу масалалар ўрганилгач, депутат Б.Эгамбердиев туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудирига депутатлик сўрови юборди ва муаммоларни ҳал этиш бўйича зарур чоралар белгиланди.
Депутатлик гуруҳимиз аъзолари туман партия кенгаши, туман ҳокимлиги ва прокуратура ходимлари билан ҳамкорликда “Бештерак” қишлоғидаги коммунал уй-жой қурилиши касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг ихтисосликлари бўйича машғулотларга қандай иштирок этаётганликларини ўрганишганда давомат пастлиги, тўгарак ишлари яхши йўлга қўйилмаганлиги, иситиш тизимлари яхши ишламаслиги, синфхоналар етарли жиҳозланмагани аниқланди. Ушбу муаммоларга мутасадди ташкилотлар эътибори қаратилиб, улар томонидан амалий ишлар қилинди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида таълим муассасасидаги шарт-шароитларни мунтазам ўрганиб бориш юзасидан маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари ва ота-оналар билан фикрлашиб олинди.
Биз сайловчиларни ўйлантираётган долзарб масалаларни халқ депутатлари туман Кенгаши сессиялари муҳокамасига киритишга алоҳида эътибор бераяпмиз. Масалан,
“Ҳамид Олимжон” сайлов округи ҳудудидаги сайловчилар билан учрашув ўтказганимизда аҳоли томонидан табиий ва суюлтирилган газ баллонлари таъминотида муаммолар юзага келаётганлиги юзасидан шикоят қилинган эди.
Бу каби муаммолар бошқа ҳудудларда ҳам кузатилаётгани ушбу масалани алоҳида ўрганиш ва ҳал этишни тақозо қилди. Партия депутатлари ташаббуси билан ушбу масала халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида кўриб чиқилиб, газ таъминотидаги камчиликларга барҳам берилди.
Депутатлик гуруҳимизнинг фаол аъзоси Муқаддас Муродова
“Бектемир” қишлоғи аҳли билан мулоқот ўтказганида Дилфуза Рустамова, Дилнавоз Алижонова, Бахтиёр Қодиров, Раҳима Турдиева тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи эканликларини айтиб, шу мақсадда банкдан кредит маблағи олишда амалий ёрдам беришни илтимос қилишди. Муқаддас Муродова фуқароларнинг бу эзгу-истаклари рўёбга чиқишига эришди. Унинг аралашуви билан мазкур фуқароларга “Қишлоқ қурилиш банк”нинг туман филиали томонидан керакли миқдорда кредит маблағлари ажратилди.
Депутатлик гуруҳимизнинг яна бир ташаббускор аъзоси Яшин Тошев “Бўстон” маҳалласида истиқомат қилувчи Амин Камолов, Алишер Оқбўтаев, Зебо Зоҳидова, Тоҳир Юсупов, Шерзод Аминов ва бошқа ўнлаб кишиларни ўйлантириб келаётган муаммо — маҳалланинг ички йўлларини таъмирлаш масаласида ёрдам берди. Депутатнинг туман ободонлаштириш бошқармасига қилган мурожаати натижасида маҳалланинг ички йўлларини таъмирлаш вазифаси жорий йилнинг биринчи ярим йиллигига мўлжалланган манзилли дастурга киритилди.
Депутат Ҳаким Олимовнинг “Севаз” қишлоғи аҳли билан бўлган учрашувида фуқаролар юртимизда халқ манфаати йўлида амалга оширилаётган барча хайрли ишларни эътироф этган ҳолда ўзлари яшаётган ҳудудда мавжуд камчиликларни ҳам рўй-рост айтиб ўтишди. Очиқ мулоқот чоғида Мавлуда Бекназарова, Бекзод Ҳожиев, Танзила Ниёзова банк муассасасидан ўзлари мақбул кўрган йўналишларда кредит олишда қийинчиликлар юзага келаётганлигини маълум қилишган бўлса, Нилуфар Бекназарова, Қандолат Кенжаевалар эса моддий ёрдам олишда муаммоларга дуч келишаётгани ҳақида баён этишди. Депутатнинг ўз вақтида мутасадди идораларга депутатлик сўрови киритиши натижасида юқоридаги масалалар ижобий ечим топди ва фуқароларнинг манфаатлари рўёбга чиқарилди.
Шавкат РАҲМОНОВ,
халқ депутатлари Китоб туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
 “Нурмакон” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар сув қувурларининг носозлигидан шикоят қилишди....
01 янв 1970
13 сентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг Сайловолди дастури лойиҳаси муҳ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси жорий йилнинг 15 октябрида партиянинг навбатдаги Қурултойини чақириш белгилаб олинди....
01 янв 1970
Фуқаролардан 9 та ёзма ва 30 га яқин оғзаки мурожаатлар келиб тушгани ҳамда ўз ижобий ечимини топгани эътиборга молик. ...