Юрт фидойилари хотираси қалбларда барҳаёт

/
Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида фидойилик кўрсатган, бугунги кунда эл ардоғида умргузаронлик қилаётган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш халқимизга хос азалий қадриятга айланган. Айниқса, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган фахрийларимизга юксак эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш давлатимизнинг ҳамиша эътибор марказида бўлиб келмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ва “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ана шундай эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодаси бўлди.
Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида айни кунларда барча давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий ташкилотлари томонидан ҳам жойларда кексалар ҳолидан хабар олиниб, улар иштирокида учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Партиянинг “Ўзбекистон — инсон қадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасида ўтказилган “Юрт фидойилари хотираси қалбларда барҳаёт” мавзусидаги мазкур маънавий-маърифий тадбирда бир гуруҳ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари учун байрам дастурхони ёзилди.
Партия фахрийлари ва фаоллари, депутатлар ҳамда “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари иштирок этган мазкур уч авлод учрашувида уруш қатнашчилари ва фронт ортида хизмат қилган фахрийлар йиғилганларга дунё халқлари бошига мусибат солган машъум уруш, ўша оғир кунларни матонат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси, чексиз матонати ҳақида сўзлаб бердилар.
Она юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида фидойилик, матонат кўрсатган инсонларнинг Ватан олдидаги хизматлари ҳеч қачон унутилмайди. Бу йил 92 баҳорни қаршилаган Узоқбой ота Ахраев ҳам умрининг энг гуллаган даврида, 18 ёшида жанггоҳга кириб, фашизм устидан ғалаба қозонишга ҳисса қўшган юртдошларимиздан бири.
— Миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган машъум уруш хотиралари ҳанузгача кўз ўнгимдан кетмайди, — дейди Узоқбой ота. — Урушдан кейин ҳам халқимиз кўп қийинчиликларни бошидан кечирди. Яратганга беҳисоб шукрки, бугун мустақил юртимизда тинчлик-осудалик ҳукмрон. Ёшлар билан суҳбатларда доим инсон учун тинчлик ва тотувликдан кўра қадрлироқ неъмат йўқлигини таъкидлайман. Илоҳим фаровон турмушимизга кўз тегмасин, истиқлолимиз абадий бўлсин.
Тадбирда сўз олган партия Сиёсий Кенгаши аъзолари ва депутатлар давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ҳужжатлар Иккинчи жаҳон уруши даврида халқимизнинг тинчлиги учун курашган азиз инсонларни эъзозлаш, биз билан бирга умргузаронлик қилаётган қаҳрамонларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш мақсадида қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги чора-тадбирларни янада кучайтиришга хизмат қилаётганини қайд этдилар.
Хусусан, “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” ҳамда “Аждодларни хотирлаш — муқаддас қадрият” шиорлари остида ташкил этилаётган бу йилги байрам муносабати билан 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг оила аъзоларига моддий, маънавий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари тураржойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда ўз уй-жойига эга бўлмаганларига тураржой ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларнинг бугунги нурафшон кунларга етишимизда қўшган ҳиссаси, матонати, мардлик ва жасоратининг аҳамиятини кенг аҳоли қатлами, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ этиш борасида олиб борилаётган тадбирлар ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбир давомида таниқли шоир ва хонандаларнинг тинчликни, Ватанни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлари нуронийларга кўтаринки кайфият бахш этди.
Маънавий-маърифий тадбир доирасида, партия фаоллари ва “Ёш адолатчилар” қаноти аъзоларидан иборат ташаббускор гуруҳ Чилонзор туманидаги “2-Чарх Камолон” маҳалласида истиқомат қилувчи бир қатор уруш ва меҳнат фахрийларининг хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олишди. Улар билан дилдан суҳбат қуриб, байрам билан муборакбод этишди.
Ана шундай дийдорлашувлардан бирида уруш йилларида фронт ортида меҳнат қилиб, ўша оғир даврларда турмуш қуриб, 67 йилдирки бир-бирига суянч бўлиб яшаб келаётган Владимир Семушкин ва Зоя Семушкина тинчликнинг, бугунги осойишта ва фаровон кунларнинг қадрига етиш ҳақида тўлқинланиб гапирди.
Шу кунларда 92 ёшни қаршилаган Ҳалима ая Носированинг хонадони ҳам қўшалоқ байрам муносабати билан гавжум. Яқинлари, оила аъзолари бир дастурхон атрофида йиғилган.
— Уруш бевосита юртимиз остонасигача кириб келмаган бўлса-да, у уқубат солмаган бирорта хонадон қолмаган эди, — дея хотирлайди Ҳалима ая. — Ўша даврда қўлига қурол ушлашга ярайдиган барча эркаклар урушга отланган, барча соҳалардаги иш ва оила юмушлари деярли аёллар елкасида қолган эди.
Ўша даврда мен ҳам икки ойлик курсда ўқиб, мактабда ўқитувчилик қилганман. Оилалардаги етишмовчилик туфайли, уст-бош йўқлиги ёки қорни тўйиб овқатланолмаслиги сабабли кўплаб болалар мактабга боролмас эди. Ҳозирги фаровон ҳаёт ўша оғир кунларда биз учун фақатгина орзу бўлган. Шукрки, мана шундай дориломон кунларга етдик. Биз кўрган кунларни ёшларимиз кўрмасин.
— Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги оғир ва машаққатли давр ҳақида нуронийларимиз бошидан кечирган ҳаётий мисолларни эшитиб, яна бир бор бугунги тинч-осойишта кунларга осонликча эришилмагани, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз лозимлигини чуқур англаб етдик, — дейди Тошкент солиқ коллежи ўқувчиси, “Ёш адолатчилар” қаноти аъзоси Муродил Зоҳидов. — Юртимизда яратилган шароит ва имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда чуқур билим олиб, яхши касб эгаси бўлиш ва Ватанимиз тараққиёти учун ҳисса қўшиш муқаддас бурчимиз эканлигини англадик.
Дарҳақиқат, 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган бу каби эътибор ва ғамхўрлик, ёшларнинг ҳурмат ва эҳтироми мамлакатимизда инсон манфаати, унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун эканини яна бир карра намоён этмоқда.
Муҳаммаджон ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бўлим мудири 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсат...
01 янв 1970
14 февраль куни Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 536 йиллигига бағишлаб, “Бори элға яхшилиғ қилғилки...” мавзусида маънавий-маър...
01 янв 1970
Бугунги кунда ёшлар бандлигини таъминлаш, ҳудудлардаги уюшмаган ёшлар билан мунтазам равишда ишлашга Ўзбекистон “Адолат” социал-демокра...
01 янв 1970
Сессиялар ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок эт...