Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолиятимизнинг муҳим йўналишига айланган

/
Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги депутатлик корпуслари ҳудудларда қонун устуворлигини таъминлаш, бошқарув идоралари, корхона ва ташкилотлар фаолияти устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини самарали олиб боришда муҳим ўрин тутади.
Халқ депуталари Фарғона вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам ана шундай масъулиятли вазифани амалга ошириш, электорат ишончини оқлашга астойдил интилмоқда. Партия депутатлари, аввало, меҳнат жамоалари, аҳоли билан яқин алоқа ўрнатган ҳолда жойлардаги масалаларни ўрганмоқда, сайловчилар, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолиятнинг асосий йўналишига айланган.
— Депутатлик гуруҳи аъзолари ўтган йил давомида фуқароларнинг учрашувларда ёки бевосита қилган мурожаатлари, депутатлик қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларда келтирилган масалалар асосида мутасадди идоралар раҳабарларига 73 та депутатлик сўрови киритишди, шундан 47 таси амалий жиҳатдан ижобий ҳал этилди, — дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Манзура Салимова. — Айрим умумтаълим мактабларини қайта таъмирлаш, кам таъминланган оила аъзоларига тиббий ёрдам кўрсатиш, маҳаллалардаги ички йўлларни асфальтлаштириш, пластик карточкадан фойдаланишда юзага келган муаммоларни бартараф этиш борасида бир қатор амалий ишлар қилинди.
Хусусан, Бувайда туманидаги 10-умумтаълим мактаби, Қува туманидаги 60-, 38-, Қувасой шаҳридаги 23-, 26-умумтаълим мактабларида партия депутатлари ташаббуси билан таъмирлаш ишлари олиб борилди ва ушбу таълим даргоҳларида замонавий шарт-шароитлар яратилди. Шунингдек, Бағдод туманининг “Шўрокер” қишлоғида 11 километрлик, Риштон туманида 27 километрлик масофада ички йўллар асфальтланди, Қўштепа, Фарғона туманларидаги бир қатор савдо шохобчаларида харидорларнинг банк пластик карталаридан фойдаланишида юзага келган муаммолар ҳал этилди.
Шунингдек, доимий комиссиялар таркибида депутатларимиз билан бир неча йўналишларда ўрганишлар олиб бордик. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 январдаги “Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сотишни тартибга солиш тўғрисида”ги 19-сонли ва 2000 йил 5 августдаги “Ички бозорни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларининг Фарғона, Марғилон, Қувасой шаҳарларидаги ижроси, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник таъминоти, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг тиббий хизмати сифати каби масалалар чуқур ўрганилди. Хусусан, аҳолини дори-дармон воситалари билан таъминлашга доир ўрганиш натижалари халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Депутатлик гуруҳи аъзолари мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юбориш, жойларда ўрганишлар олиб бориши орқали ҳудудда муайян камчиликлар бартараф этилди. Шунга қарамай, йил давомида халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиялари, домий комиссия йиғилишларига масала ёки таклифлар киритиш, мансабдор шахсларнинг эшитувларини ташкил этиш, депутатлар фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиб боришда мавжуд имкониятлардан тўлалигича фойдаландик, деб айта олмаймиз.
— Ўтган йил сарҳисобидан келиб чиқиб, фаолиятимизга танқидий ёндашган ҳолда жорий йилда амалий натижаларни кўпайтиришга ҳаракат қилмоқдамиз, — дейди депутатлик гуруҳи аъзоси Абдураҳмон Қамбаров. — Бинобарин электорат ишончини оқлашга астойдил интилган депутат, албатта, натижага эришади.
Жумладан, Бувайда туманининг “Узумзор” маҳалласида сайловчилар билан ўтказилган учрашувда маҳалла фаолларидан Тошқўзи Юсупов маҳалла аҳли гўшт ва гўшт маҳсулотлари харид қилиш учун 35 километр узоқликдаги шаҳар марказига ёки бошқа қишлоқларга боришига тўғри келаётганлиги, бу зарурат, айниқса, кексалар ва аёлларга қийинчилик туғдираётгани, маҳаллада гўшт дўкони очиш зарурлигини баён қилди. Ушбу мурожаат асосида туман давлат солиқ инспекцияси раҳбари ҳамда “Ягона дарча” туман маркази депутатлик сўрови юборилди. Ҳозирги кунда “Узумзор”да янги, аҳоли талабларига мос гўшт дўкони ишлаб турибди.
Туманнинг “Қорақум”, “Пишағар” маҳаллаларидаги учрашувлар ҳам аҳоли манфаатлари учун фойдали бўлди. Сабаби, ҳудудда туман газ таъминоти бўлими томонидан тарқатиладиган суюлтирилган газ баллонлари хонадонлар эҳтиёжи учун етарли эмаслиги муаммолардан бири эди. Вилоятдаги “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси раҳбарига киритилган депутатлик сўрови орқали масала ижобий ечим топди.
Бувайда туманидаги 10-умумтаълим мактабининг қайта таъмирланиши, фуқаро Алижон Мамадалиевга ногиронлик нафақасини ўз вақтида бериш таъминланиши, “Пишағар” маҳалласидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож Ш.Маматқуловага моддий ёрдам пули ажратилиши, “Бачқир” маҳалласидаги 31-умумтаълим мактаби, 11-сонли мактабгача таълим муассасаси бинолари, маҳалланинг ички йўлларини таъмирлаш масалалари манзилли дастурга киритилиши, “Қум” қишлоғи аҳолисига тоза ичимлик суви етказиб берилиши ва шу каби бир қатор ижобий ишлар депутатлик сўровларига мутасадди ташкилотларнинг масъулият билан ёндашаётганлиги натижасида амалга оширилди.
Фарғона шаҳридаги “Совурбулоқ” маҳалласида яшовчи фуқаро Н.Абдуллаев иш билан таъминланишида кўмак сўраб депутат Маруфжон Холдаровга мурожаат қилди. Депутатнинг шу масалада шаҳар аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва бандликка кўмаклашиш бўлими раҳбарига юборган депутатлик сўрови ижобий ҳал этилиб, ҳозирда Н.Абдуллаев шаҳардаги 38-сонли мактабгача таълим муассасасида ишламоқда.
Депутат М.Холдаровнинг Бувайда туман давлат солиқ инспекциясига “Урганжи” қишлоғидаги 40 дан зиёд савдо шохобчаларига банк терминаллари ўрнатиш юзасидан киритган депутатлик сўрови натижасида ҳозирги кунда 23 та савдо дўконида терминаллар ишлаб турибди, қолган шохобчаларга банк терминаллари ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Яна шу қишлоқдаги 28-умумтаълим мактабини тоза ичимлик суви билан таъминлашга доир муаммо ҳам М.Холдаровнинг туман “Сувоқова” корхонаси раҳбари номига киритган депутатлик сўрови асосида ечим топди ва мазкур корхона томонидан муассасада 60 метрлик сув қувурлари янгиланди.
Қўштепа туманида янги ташкил этилган “Мусаффо” маҳалласининг бир гуруҳ фаоллари ушбу маҳалла фуқаролар йиғинини қонунда белгиланган тартибда молиялаштириш масаласида депутат Шукрулло Сайдалиевдан амалий ёрдам сўрашган эди. Депутат аралашуви билан мазкур масала туман молия бўлими томонидан ижобий ҳал этилди ва “Мусаффо” МФЙни молиялаштириш ишларига киришилди.
Депутатлик гуруҳининг яна бир фаол аъзоси Ҳамдам Қурбонов ташаббуси билан аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилашга доир дастурий мақсадларимиз ижроси доирасида яна бир хайрли иш амалга ошди ва Ўзбекистон туманидаги “Ўқчи”, “Қоратепа” қишлоқлари аҳли учун қулайлик яратилди. Вилоят молия бошқармаси раҳбари номига киритилган депутатлик сўрови юзасидан кўрилган аниқ чора-тадбирлар туфайли “Ўқчи” ҚВП қошида тез тиббий ёрдам гуруҳи шакллантирилди, мазкур тез тиббий ёрдам гуруҳи иккала қишлоқ аҳли учун малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, депутатларимизнинг ўз ваколатларидан унумли фойдаланиши сайловчилар ишончини мустаҳкамлаш билан бирга халқ орасида партиямиз нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Комила ИСРОИЛОВА,
Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш – оилалар мустаҳкамлиги ва жамият тараққиёти гарови” мавзусида давра суҳбати ...
01 янв 1970
Бугунги кунда ҳар бир маҳаллада Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича кўнгилли лекторлари шакллантирилиб, сиёсий ...
01 янв 1970
Маълумки, маҳаллий Кенгаш депутатининг фаолияти серқирра бўлиб, қатор йўналишларни ўз ичига олади....
01 янв 1970
Сайлов — кучли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқ хоҳиш-иродаси эркин ифодаланишининг асосий шакли ҳис...