Олий таълим тизимидаги янгиланишлар дастурий ғояларимизга мос

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда “Олий таълим соҳасини ривожлантиришнинг истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази мутасаддилари, бир қатор олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талабалар, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Президентимиз томонидан 2017 йил 20 апрелда қабул қилинган “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 апрелдаги “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қарорини жамоатчиликка етказиш, шу билан бирга, масофадан туриб таълим беришнинг замонавий шаклларини ривожлантириш каби масалаларни мутахассислар иштирокида кенг муҳокама қилишга қаратилди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров таъкидлаганидек, бугун барча соҳаларда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида, айниқса, таълим тизимини, илм-фан соҳасини босқичма-босқич ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
— Биз ХХI асрда яшаяпмиз, бугун интеллектуал меҳнат бирламчи аҳамият касб этиб, жаҳон бозорида рақобат курашининг кескинлиги тобора ортиб бормоқда, — деди партия раҳбари. — Ана шундай шароитда мамлакатимизда бошқа соҳалар қатори таълим соҳасини ҳам янада такомиллаштириб боришни даврнинг ўзи тақозо қилаяпти.
Президентимизнинг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва олий ўқув юртларига 2017/2018 йилги қабулга доир қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг хорижий олий таълим муассасалари дипломларини нострификациялаш тартибига ўзгартириш ва қўшимча киритилишига доир қарори бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлди.
Ушбу ҳужжатлар асосида олий таълим тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар Сайловолди дастуримизда илгари сурилган бир қатор ғояларимизни амалда рўёбга чиқарганлиги билан биз учун аҳамиятлидир. Айниқса, олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини, ўқув-лабораториялари ва инновацион инфратузилмасини мустаҳкамлаш, илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтиришга доир қўшимча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш, олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун белгиланган квоталарни қайта кўриб чиқиш, хориждаги нуфузли олийгоҳларни тамомлаган кадрларнинг дипломини нострификациядан ўтказишда енгилликлар яратиш каби устувор вазифаларимиз амалиётга татбиқ этилганлиги сайловчиларга берган ваъдаларимизнинг устидан чиқишимизда муҳим омил бўлди.
Давра суҳбатида илмий тадқиқот ишлари, мутахассисларни тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш, олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва тармоқлардаги мавжуд эҳтиёжни инобатга олган ҳолда мутахассислар тайёрлаш, олий ўқув юртларининг инновацион инфратузилмасини, илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтиришга доир қўшимча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг энг муҳим дастурий мақсадларидан эканлиги партия фракцияси аъзолари томонидан алоҳида таъкидланди. Президентимизнинг қарори эса мазкур соҳадаги вазифалар ижросида айни муддао бўлганлиги эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбарининг “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарори ва унга мувофиқ жорий этилаётган янгиликлар ҳам тадбир иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.
Барно РАЖАБОВ,
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасаларини методик таъминлаш Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

— Албатта, жорий йилги қабул квоталарига киритилган ўзгаришлар бугун кўпчилик ёшлар ва ота-оналарни қизиқтирмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, 2017/2018 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул бўйича умумий квоталар белгиланди.
Шу билан бирга, мазкур қарордаги муҳим янгиликлардан яна бири – жорий йилдан бошлаб махсус сиртқи бўлим негизида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда билим олишни таъминлаш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимида 100 нафар, Навоий давлат кончилик институтида тўлов-контракт асосида 90 нафар ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтида тўлов-контракт асосида 80 нафар бакалаврни тайёрлаш назарда тутилмоқда.
Умуман, сўнгги йилларда олий таълим олишга талабгорлар сонининг ошиб бораётганини инобатга олган ҳолда янги ўқув йилида қабул кўрсаткичлари ўтган ўқув йилига нисбатан жами 10659 нафарга, яъни 17,5 фоизга, шу жумладан, бакалавриатнинг кундузги бўлимлари бўйича 15,2 фоизга, магистратурага 52,4 фоизга оширилганлигини кузатишимиз мумкин.
Шу билан бирга, жорий ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари буюртмаларига биноан юқори малакали тиббиёт кадрларига эҳтиёж катта бўлган ҳудудлар учун Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт олий таълим муассасаларига давлат грантлари асосида бакалавриат йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлашнинг мақсадли қабул квоталари тасдиқлангани ҳам муҳим янгиликлардан саналади.
Бугун кўпчиликни қизиқтираётган яна бир янгилик 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига тўлов-контракт суммасининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ўтиш баллини тўплай олмаган абитуриентларга тўплаган баллига мувофиқ (68 баллдан кам бўлмаган) кетма-кетлик тартиби қатъий сақланган ҳолда, уларнинг оширилган контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилиши белгиланганидир. Бу, албатта, олий таълим муассасасининг қанчагача талабани қўшимча қабул қила олиш имкониятларига ҳам боғлиқ бўлади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси Давлат комиссиясининг алоҳида қарори билан белгиланади ва яқин кунларда эълон қилинади.
Шунингдек, жорий йилдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқаролар учун олдинги йиллардагидан фарқли равишда имтиҳонда тўплаган баллининг 50 фоизи миқдорида имтиёз белгиланган. Бу ҳарбий хизматдан имтиёзли тавсияномага эга бўлган абитуриентларни ҳам бошқалар қатори имтиҳонга яхшироқ тайёргарлик кўриб, кўпроқ балл тўплашга ундайди.
Абдуғаффар ОРТИҚОВ,
Тошкент давлат аграр университети қошидаги “Инновация маркази” директори, партия эксперти:

— Президентимизнинг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълимда илм-фанни янада ривожлантириш, унинг академик илм-фан билан интеграциялашувини кучайтириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этишга доир вазифалар белгиланган.
Шунингдек, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида корхоналарнинг буюртмасига асосан амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолиятини амалга оширадиган таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари юридик шахслардан олинадиган даромад солиғидан, ягона солиқ тўловидан, мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий тўлов ва қўшимча қиймат солиғидан озод қилиниши ишлаб чиқариш ва илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда бирлашмаларининг инновацион фаолиятини рағбатлантиришга, илмий изланиш ва ишланмалар рақобатдошлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Бугунги куннинг энг муҳим талабларидан келиб чиқиб айтиш жоизки, ҳар бир олий ўқув юрти мамлакатимизда инновацион, яъни билимларга асосланган иқтисодиётнинг шаклланишига ва ривожланишига ҳисса қўшмоғи зарур.
Бугунги кунда “инновацион инсон” деган ибора ҳаётимизга кириб келмоқда. Биз қурмоқчи бўлаётган инновацион иқтисодиёт учун ана шундай интеллект эгалари зарур. Демак, инновацияларни яратиш баробарида уларни ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларига кенг жорий этиш қобилиятига эга бўлган мутахассисларни етиштириш ҳам олий таълим муассасалари олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Умуман, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида олдимизга қўйилаётган макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш, дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин эгаллаш учун, аввало, олий ўқув юртларимиз “инновациялар мактаби”га айланиши, ҳар бир университет, институт таркибида ўнлаб кичик инновацион корхоналар фаолият юритиб, миллий иқтисодиёт ривожига муносиб ҳисса қўшмоғи даркор.
Бугун инновацияларга ажратилган молиявий маблағларнинг асосий қисми хориждан янги техника, технологияларни сотиб олишга эмас, балки илмий изланишларни ўзимизда ўтказишга, янги ишланмаларни яратишга, уларни иқтисодиётнинг реал секторига жорий этишга йўналтирилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Энг муҳими, инновацион фаолиятни тартибга солувчи ва бу фаолият турини давлат томонидан рағбатлантиришга қаратилган қонунлар мажмуини ҳамда илмий ходимларга кенг имкониятлар бериш, иқтидорли ёш олимларни рағбатлантириш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиб, ҳаётга жорий этиш вақти келди, деб ўйлайман.
“Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор айни шу мақсадлар рўёбига хизмат қилади.
Давра суҳбатида, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан жорий йилдан бошлаб хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартибига киритилган янгиликлар ҳам атрофлича таҳлил этилди.
Ушбу ҳужжатга кўра, дунёнинг энг яхши 500 хорижий олий таълим муассасаларида таълим олган битирувчиларнинг дипломлари тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) нострификациялаш амалга оширилиши белгиланди.
Мазкур янгилик хорижнинг етакчи олий таълим муассасасини битирган олий малакали кадрларнинг ўз билими ва салоҳиятини Ватанимиз тараққиёти йўлида сарфлашига хизмат қилишига, мамлакатимиз меҳнат бозорида олий маълумотли кадрлар ўртасида рақобат муҳити юзага келишига хизмат қилиши иштирокчилар томонидан эътироф этилди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий ғояларидан келиб чиқиб, айниқса, олий таълим тизимида масофавий ўқитиш тизимини йўлга қўйиш ҳам бугунги замон талаби эканлиги қайд этилди ва ушбу йўналишда норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар билдирилди.
Муҳокамалар давомида олий таълим тизимини ислоҳ қилишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, соҳага доир қонун ва қонуности ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш партия депутатлик корпусининг энг муҳим вазифаларидан эканлиги айтиб ўтилди. Бу борада Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда олий ўқув юртлари, олимлар ва жамоатчиликнинг изчил ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади.
Давра суҳбати якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топишда бошланғич партия ташкилотларининг алоҳида ўрни бор. &nbs...
01 янв 1970
Ҳудудларда раҳбар ходимларнинг масъулиятини кучайтириш, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш, шу мақсадда жамоатчилик ҳамда депутатлик н...
01 янв 1970
Бугунги кунда ёшлар бандлигини таъминлаш, ҳудудлардаги уюшмаган ёшлар билан мунтазам равишда ишлашга Ўзбекистон “Адолат” социал-демокра...
01 янв 1970
“Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда “Адолат” СДП фракцияси ва депутатлик бирлашмаларининг иштироки” мавзусида ...