Аҳолини ўйлантираётган масалалар ва муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда

/
Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳар ойда ҳудудларда аҳоли билан ўтказаётган мулоқотлари жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, фуқароларнинг давлат идораларига ишончини мустаҳкамлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда амалий аҳамиятга эга бўлмоқда.
Айни кунларда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда аҳоли билан учрашиб, жонли мулоқотлар ўтказмоқда. Маҳаллаларда, корхона ва муассасаларда фуқаролар, ишчи-ходимлар билан суҳбатлашиш асносида уларни ўйлантираётган масалалар аниқланиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

ҚАШҚАДАРЁ. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров ва фракция аъзолари Абдуғани Умиров, Жамшид Пирматов партия фаоллари билан биргаликда Деҳқонобод туманидаги тиббиёт муассасалари, маҳаллалардаги шарт-шароитлар билан танишиб, фуқаролар билан мулоқот қилишди.
Н.Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳи туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида бўлиб, бу ерда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш аҳволи билан яқиндан танишди. Очиқ, дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашувларда фуқаролар туманда тиббий хизмат кўрсатиш кундан-кунга яхшиланиб бораётганини айтиш билан биргаликда айрим муаммолар хусусида ҳам ўз фикрларини билдирдилар.
— Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати бизни қаноатлантиради, — дейди учрашувда кўп тармоқли марказий поликлиникага келган беморлардан бири Гулжамол Пиримова. — Бироқ тиббиёт муассасаларини замон талаби асосида асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, замонавий тиббий ускуналардан унумли фойдалана оладиган малакали кадрлар етишмаслиги муаммо бўлаётир.
— Анча йиллардан буён шу поликлиникада катта ҳамшира бўлиб ишлаб келаяпман, — деди Феруза Соатова. — Кейинги йилларда тиббиёт муассасалари моддий таъминотини яхшилашга давлатимиз томонидан катта эътибор берилаяпти. Шунга асосан дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан тиббиёт муассасаларига асбоб-ускуналар келтирилаяпти. Бу бир томондан аҳоли ва тиббиёт ходимлари учун айни муддаодир. Бироқ ушбу асбоб-ускуналарни ишлатиш учун малакали кадрлар масаласи муаммолигича қолаётир. Айниқса, баъзи хасталикларни эрта аниқлаш қийин кечмоқда.
Наримон Умаров, Абдуғани Умиров, Жамшид Пирматовнинг туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам жамоаси билан бўлиб ўтган мулоқотлари ҳам фойдали бўлди. Мулоқот чоғида мазкур тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Абдумалик Эгамшукуров шифохонада жарроҳлик, ички касалликлар, ҳомиладор аёллар патологияси, болалар бўлими намунали фаолият олиб бораётганлиги, тез ёрдам машиналари билан таъминланганини айтиб ўтди.
— Тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашда сезиларли натижаларга эришаяпмиз, — деди Абдумалик Эгамшукуров. — Тиббий кўриклар яхши ташкил этилди. Аммо қишлоқ оилавий поликлиникаларини замонавий тиббий буюмлар билан таъминлашда бирмунча камчиликлар бор.
Депутатлар тумандаги “Қум” қишлоқ врачлик пунктида ҳам бўлиб, тиббиёт маскани жамоасининг фикр-мулоҳазалари, таклифлари билан қизиқди. Мулоқотлар давомида Н.Умаров уларнинг кўплаб саволларига жавоб қайтарди, ўртага қўйилган масалаларга муносабат билдирди.
Очиқ ва қизғин мулоқотлар тиббиёт муассасалари ходимларини бефарқ қолдирмади. Парламент аъзолари фуқароларнинг ўй-ташвишлари, муаммолари билан яқиндан танишиш орқали муайян хулосалар чиқариш имкониятига ҳам эга бўлдилар.
Тиббиёт муассасаларида ўтказилган ўрганишлар соҳа фаоллари ва тумандаги мутасадди идора, ташкилот, корхоналар раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда атрофлича таҳлил қилинди. Унда ўрганишлар юзасидан ишчи гуруҳ аъзоларининг фикр-мулоҳазалари тингланди ва муҳокама этилди. Йиғилишда тиббиёт соҳасида кечаётган ислоҳотларнинг ҳудудда муассасалар фаолиятига қай даражада татбиқ этилаётгани, бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров сўз юритди.
НАВОИЙ. Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳи жорий йил июнь ойининг дастлабки кунларида Конимех туманида аҳоли билан мулоқотлар қилиб, ҳудудда ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишини парламент назорати тартибида ўрганмоқда.
Туманда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилишининг бугунги ҳолати, маҳаллий давлат ҳокимияти бошқаруви идоралари, мутасадди корхона, ташкилот ва муассасаларда ҳудудни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш масалаларига нечоғли масъулият билан ёндашилаётганлиги, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қонунчиликнинг сўзсиз таъминланишига қай даражада эътибор берилаётганлиги ишчи гуруҳи аъзоларининг диққат марказида бўлмоқда. Ўрганишларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳам бевосита қатнашаётганлиги бу борада муаммоларни ечишда тезкорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўрганишлар мамлакатимизда ислоҳотларнинг янги босқичида амалга оширилаётган кенг кўламли амалий ишлар ва чора-тадбирлар ижобий самара бераётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, очиқ мулоқотлар Конимех туманида ҳам ечимини кутаётган муаммолар борлигини кўрсатди.
Қизилқум кенгликларидаги “Саржал” маҳалласининг “Териқудуқ” овулида доимий ичимлик суви таъминоти йўлга қўйилмагани боис одамлар анча узоқ манзилдан сув ташиб келтиришига тўғри келмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қолдибек Одиловнинг таъкидлашича, бу масалада мутасадди идораларга мурожаат қилишган, вилоятдаги масъул ташкилот томонидан берилган жавоб хатида овулни тоза ичимлик суви билан таъминлаш вазифаси 2019 йилги манзилли дастурга киритилган. Овул аҳли ана шу муддатгача мақбул услубларда сув таъминотининг амалий чоралари кўрилишини сўрашди.
Шу маҳаллада яшовчи Олтинбек Маекеев аҳоли бандлиги бўйича жиддий муаммолар борлиги, маҳалла ҳудудида Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли корхоналардан бири фаолият кўрсатаётганига қарамасдан, маҳалла аҳолиси иш билан таъминланмаганини қайд этди.
Фуқаролардан А.Таимуротова, М.Раҳметова, Н.Жунисова, З.Бектабаева, Д.Жумаева, А.Амонова ҳамда А.Минтаев ишчи гуруҳи аъзолари билан мулоқотда чорвачилик йўналишида банк кредити олиш масаласида қийналаётганликларини баён этишди.
Ишчи гуруҳи маҳалла ҳудудида жойлашган 38-умумтаълим мактабида ҳам ўрганишлар олиб борди. Ушбу мактабнинг 1985 йилдан буён фойдаланиб келинаётган асосий биноси ҳамда 2009 йилда ишга туширилган спорт зали таъмирталаб аҳволга келганлиги, мактаб ичимлик суви ҳамда газ билан таъминланмагани маълум бўлди. Мавжуд эски русумдаги компьютерларнинг 60 фоизи ишлатишга яроқсиз ҳолатда.
Сенатор ва депутатлар юқорида қайд этилган барча масалалар вилоят ва тумандаги мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ҳал этилиши ва назоратга олинишини таъкидладилар.
— Аҳоли билан мулоқотларда ўртага ташланган муаммолар ҳамда ташкилот ва муассасалар фаолиятидаги аниқланаётган камчиликларни келтириб чиқарувчи асосий сабаблар ҳам атрофлича ўрганилаяпти, — дейди Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Зафар Султонов. — Бу эса уларни ҳал этиш ва келгусида такрорланишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Мавжуд муаммолар асосан муайян муассасалар ҳамда уларнинг юқори бўғин раҳбарларида масъулиятнинг етишмаслиги билан изоҳланади. Бу ҳолат “Қарақота” маҳалласидаги ҚВП, умумтаълим мактаби ҳамда касб-ҳунар коллежида тўпланиб қолган муаммолар ва йўл қўйилган камчиликлар мисолида яққол кўзга ташланди.
Жумладан, бу ердаги ҚВПда белгиланган 26 турдаги дори-дармондан 14 турдагиси мавжуд. УАЗ русумли аллақачон эскирган тиббий хизмат машинаси номигагина бор, холос. Лаборант ва стоматолог мутахассислар етишмайди.
Туман марказидан 150 километр олисдаги “Маданият” маҳалласидаги ҚВПда ҳам аҳвол яхши эмаслиги маълум бўлди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари ҳамда вилоят “Дори-дармон” корхонаси билан биргаликда уларни етарли даражада дори-дармонлар, тиббий жиҳозлар билан таъминлаш йўлга қўйилди. Бошқа муаммоларни ҳам тезкор ҳал этиш чора-тадбирлари белгиланди.
САМАРҚАНД. Қўшработ туманида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари томонидан ўтказилган парламент назорати маҳаллий ижро ҳокимияти ва бошқарув идоралари ўз ваколатлари доирасидаги вазифаларни аниқ, бекаму кўст бажариб, ижтимоий соҳадаги муаммоларни кечиктирмай ҳал этишлари, ўқув, даволаш муассасалари, транспорт, коммунал, йўлсозлик хизматида жиддий ўзгаришлар ясашлари лозимлигини кўрсатди.
Қонунчилик палатаси депутати Алишер Маҳматмуродовнинг Қўшработ тумани “Қўролос” маҳалласидаги хонадонларда ўтказган мулоқотларида аксарият муаммоларни жойида ҳал этиш мумкинлиги, бунинг учун соҳа раҳбарларидан шахсий масъулият ва тизимли фаолият юритиш талаб этилиши намоён бўлди.
Хусусан, маҳалла фуқаролар йиғини ҳанузгача ўз биносига эга эмаслиги, бу ҳудуд орқали ўтувчи йўллар таъмирталаблиги, аҳоли тоза ичимлик суви етишмаслигидан қийналаётгани, “Қўролос” гузарида кўприк қурилмаганлиги, ушбу масканда жойлашган автошоҳбекатда йўловчилар учун зарур шароитлар йўқлигини фуқаролар ижро ҳокимиятига қайта-қайта эслатиб келаётганликларига қарамай бирор натижа бўлмаётгани депутатга маълум қилинди.
“Пичот” маҳалласида ҳам одамлар тоза ичимлик сувига муҳтож, кўпчилик шароитга қараб булоқ ва қудуқ сувларидан фойдаланишмоқда. Хонадонларга электр энергияси етказиб беришда ҳам асоссиз чекловлар ўрнатилган. “Ободсой” гузари аҳолиси электр таъминотидаги узилишлардан қутулиш мақсадида янги трансформатор ўрнатиш учун ҳатто ўз ҳисобларидан пул йиғиб ҳам муаммони ҳал этолмаганини айтишди.
Депутат эътиборига тушган яна бир ҳолат, туман марказий поликлиникасининг “Пичот” филиалида тиббий хизмат кўрсатиш даражаси аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари иштирокида кенг муҳокама этилди. Назорат тариқасидаги ўрганиш пайтида ушбу масканда муолажа хоналари талабга жавоб бермаслиги, беморлар учун лаборатория хизмати йўлга қўйилмагани аниқланди.
“Мустақиллик” маҳалласида ҳам депутат 25 та хонадонга кириб, уларнинг ижтимоий шарт-шароитлари билан танишди. Аҳолининг у ёки бу соҳадаги етишмовчиликлар хусусидаги мурожаатларидан хабар топди. Маҳалла ҳудудида 7 та кўп қаватли тураржой биносида 120 та оила яшаб келаётганлиги, лекин уйларнинг аксарияти таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги, ҳар бир хонадон учун зарур шароит ҳисобга олинмаганлиги, чиқиндилар ўз вақтида ташиб кетилмаслиги фуқаролар томонидан куюнчаклик билан тилга олинди.
Қонунчилик палатаси депутати Алишер Маҳматмуродов юқорида қайд этилган барча камчиликларни ижро ҳокимияти вакиллари иштирокида ўрганиб, жойида ҳал этиш чорасини кўришини таъкидлади.
Заркент шаҳарчасидаги “Заркент” маҳалласида партия фракцияси аъзоси Шуҳрат Полвоновнинг фуқаролар билан мулоқотлари чоғида ҳам аҳоли томонидан бошқарув идораларига нисбатан ҳақли эътирозлар билдирилди. Хусусан, маҳаллада жойлашган қишлоқ шифохонасида беморлар дори-дармонларнинг тақчиллиги, даволаш масканида ичимлик ва оқава сув тармоқлари ўрнатилмаганлиги, бино таъмирталаблиги, ташхис ускуналари етишмаслиги, болалар врачи ва умумий амалиёт шифокори муаммога айланганлигини рўйи-рост гапирди. Шифохонага келган фуқаро Пўлатхон Усмонов бу ерда керакли ташхис хизмати йўқлигидан қўшни Иштихон туманидаги даволаш муассасасига мурожаат қилганини баён этди.
Депутатнинг Заркент шаҳарчасидаги 13-МТМдаги мулоқоти ота-оналардан 200 та ариза тушганига қарамасдан, улар фарзандларини ушбу тарбия масканига жойлаштиролмаётганлиги сабабини ойдинлаштиришга қаратилди. Маълум бўлдики, МТМни қўшимча бинолар билан кенгайтириш ва янги гуруҳлар очишни молиялаштириш зарур. Ушбу муаммо тегишли соҳа раҳбарлари эътиборига ҳавола этилиб, ижроси депутат назоратига олинди.
“Бойтут” маҳалласида ҳам шунга ўхшаш муаммо, яъни 500 нафар мактаб ёшидаги ўқувчи ёшлар бўлишига қарамай, ушбу маҳалла ҳудудида умумтаълим мактаби қурилмай қолгани, натижада ўғил-қизлар қўшни қишлоқдаги мактабга 4-5 километр йўл юриб қатнаётганлиги маълум бўлди. Аниқланишича, “Бойтут” маҳалласида аҳолига қатъий белгиланган нархларда сотилиши зарур бўлган 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берадиган савдо дўконлари ишламаяпти. Заркент шаҳарчасида коммунал тўловлар учун белгиланганидан кўпроқ маблағ иш ҳақидан асоссиз равишда ушлаб қолинаётганлиги, хонадонларга суюлтирилган газ баллонлари белгиланганидан икки баробар қиммат нархларда етказиб берилаётганлиги ҳақида фуқаролар депутатга мурожаат қилишди. Депутат қайд этилган барча соҳаларда ижтимоий тартиб ва адолат ўрнатилиши, ижро юзасидан парламент назорати амал қилишини таъкидлади.
Халқ депутатлари Қўшработ тумани Кенгашининг сессиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари, ҳудудда парламент назоратини ташкил этишга масъул Наримон Умаров иштирок этди ва сўзга чиқди.
Н.Умаров депутатларнинг халқ билан самимий мулоқотлари жараёнида тўпланган фикр, хулосалар давлат бошқарувини янада демократлаштириш, раҳбар ходимларнинг фуқароларга муносиб турмуш шароитларини таъминлаш борасидаги масъулияти, шахсий жавобгарлигини кучайтириш, ҳудудларни ривожлантиришнинг аниқ, истиқболли дастурларини ишлаб чиқиш баробарида аҳолининг ислоҳотлар жараёнида онгли иштирок этишига хизмат қилишини алоҳида эътироф этди. Партия раҳбарининг таъкидлашича, туманда аҳоли бандлиги ва реал даромадларни ошириш мақсадида янги ташаббуслар юзага келаётгани, хусусан, боғдорчилик ривожланаётгани, янги технологиялар асосида ёнғоқзор, узумзорлар барпо этилаётгани, жаҳон бозорида юқори баҳоланадиган сифатли жун берадиган ҳисор эчкиларини боқиш кенг йўлга қўйилаётгани ва жун хомашёсини шу ернинг ўзида қайта ишлайдиган ихчам корхоналар қурилаётгани турмуш фаровонлиги сари қўйилаётган дадил қадамлардир. Эндиги вазифа бундай ташаббуслар салмоғини янада ошириш, аҳолининг давлат идораларига ишончини мустаҳкамлаш, одамларда умум ишидан манфаатдорлик муҳитини вужудга келтиришдан иборатдир.
НАМАНГАН. Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторларнинг мамлакатимизнинг бир қатор туманларида аҳоли билан бевосита мулоқотлар ўтказиб, фуқаролар фикрини, талаб ва эҳтиёжларини, уларни ўйлантираётган масалаларни, ечимини кутаётган муаммоларни ўрганиши йўлга қўйилганлиги Наманган вилоятида ҳам ижобий самара бермоқда.
— Айниқса, ушбу жараёнда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили рўёбга чиқаётганлиги яққол акс этмоқда, — дейди Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов. — Аҳоли билан учрашувларда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли жабҳаларида юзага келган ва тараққиёт йўлига ғов бўлаётган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, имтиёзли ёки мақбул даражадаги банк кредитлари ажратиш, тадбиркорлик бўйича ноқонуний текширишларга барҳам бериш, халқ таълими ва тиббиёт муассасалари ишини замонавий талаблар даражасига кўтариш, бандлик каби кўплаб масалалар кўтарилаётганлиги ҳам эътиборга молик.
Поп туманида ўтказилган очиқ мулоқотларда парламент аъзоларидан икки сенатор ва етти депутат қатнашди. Одатдагидай, уларга мазкур ҳудуддан сайланган халқ депутатлари — вилоят ва туман Кенгашининг депутатлари амалий ёрдам кўрсатди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, дастлабки кунлардаги суҳбатлар натижаси фуқароларни бандликни таъминлаш, тадбиркорликни йўлга қўйиш, тиббиёт ва таълим муассасалари, тижорат банклари фаолияти, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати, ариза ва шикоятлар билан ишлашнинг ҳолати каби қатор масалалар кўпроқ қизиқтирмоқда. Парламент аъзоларидан шакллантирилган ишчи гуруҳи аъзолари ҳар бир мурожаатни чуқур ўрганиб, атрофлича таҳлил қилди.
Масалан, тоғли “Чодак” қишлоғининг “Юқори Хонобод” маҳалласида яшовчи Икром Холдоров айни пайтда ишсизлиги, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун эса банк кредити ажратилмаётганлигини билдирди. Халқ банки туман филиали вакиллари иштирокида у билан суҳбат ўтказилиб, тегишли қонун-қоидалар тушунтирилди. Зарур ҳужжатлар тақдим этилгач, масала ҳал этиладиган бўлди. “Қандиғон” маҳалласида истиқомат қилувчи Тоҳир Мадолимов эса умумтаълим мактабига олиб борадиган йўлни таъмирлаб, маҳалладан мазкур таълим муассасасига автобус қатновини йўлга қўйиш таклифини ўртага ташлади. Ишчи гуруҳи аъзолари туман ободонлаштириш бошқармаси раҳбарларига шу хусусда аниқ масала қўйишганидан сўнг шу йилнинг учинчи чорагида талаб қондириладиган бўлди.
Ш.Якубов халқ депутатлари туман Кенгашига партиямиздан сайланган депутатлар билан биргаликда “Уч уйлик”, “Ултарма”, “Уйғур”, “Янгиер” каби бир қатор маҳаллаларда 70 дан зиёд хонадонларда бўлиб, жами 200 дан зиёд фуқаролар билан суҳбатлашди. Кўтарилган муаммоларнинг 6 таси (ногиронлик аравачаси олиб бериш, касалларга ёрдам учун ҳомийларни жалб этиш, темир йўл қурилганда кўчирилган хонадон эгаларининг эътирози, ички йўлларни таъмирлаш, электр тизимидаги носозликлар) ўз жойида ҳал этилди. Шунингдек, газ ва ичимлик суви таъминоти, фойдаланилмай, қаровсиз қолган бинодан мақсадли фойдаланиш ва 2 та МФЙга идора учун алоҳида бино ажратиш масалалари назорат остига олинди. Қирқ нафардан ортиқ фуқарога кичик бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланиш, банклардан имтиёзли кредитлар олиб, иссиқхоналар қуриш, парранда боқиш, лимон ва ёнғоқ дарахтларини экиш орқали қўшимча даромадга эга бўлиш юзасидан қўшимча тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, республика миқёсидаги масалаларни депутат ҳамда парламент назорати воситасида ҳал қилишга келишиб олинди.
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ. Оққўрғон туманидаги “Султонобод” маҳалласи аҳли билан Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Людмила Кошелапова ўтказган мулоқотда ҳам мавжуд муаммолар хусусида фикрлашиб олинди.
Ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро Зуҳра Тўлаганова оилавий шароитидаги етишмовчилик туфайли бугунги кунга қадар ўғли Т.Худойқуловга фуқаролик паспортини ололмаётганлигини билдирган бўлса, Лазокат Қоражонова ногиронлик аравачасини олишда қийналаётганини баён қилди. Шунингдек, маҳалла фаоллари билан суҳбат чоғида улар ҳудудда мактабгача таълим муассасаси йўқлигини айтишди.
— Депутатларнинг жойларда аҳоли билан учрашувлари, ижтимоий объектларда мавжуд муаммоларни ўрганишлари ўз самарасини бераяпти, — дейди “Алимкент” қўрғонида яшовчи фуқаро Ҳосил Уралов. — Масалан, озиқ-овқат дўконимизга анчадан буён тўлов терминали ўрнатолмаётган эдик. Депутат Людмила Кошелапова аралашгач, Халқ банкининг туман филиали томонидан дўконимиз 2 соат ичида терминал билан таъминланди. Депутатнинг бундай кўмагидан харидорлар бениҳоя мамнун бўлишди.
Учрашув давомида депутат Людмила Кошелапова тумандаги бир қатор маданият ва аҳоли дам олиш марказларининг фаолияти, шарт-шароитлар билан танишди. Ўрганиш жараёнида “Марказий” маданият ва аҳоли дам олиш маркази биносининг авария ҳолатига келиб қолганлиги боис уни қайтадан қуриш лозимлиги, “Султон Сегизбоев”, “Қаҳрамон” маданият марказлари мусиқа асбоблари билан етарлича таъминланмаганлиги аниқланди.
“Бирлик” маҳалласида жойлашган “Ором” истироҳат боғи Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги 322-сонли қарорига асосан 2014 йилда тўлиқ реконструкция қилиниши мўлжалланган эди. Бироқ бу масканда ҳанузгача таъмирлаш ишларига киришилмаган.
Депутат Л.Кошелапова очиқ мулоқотларда ўртага ташланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан мутасадди ташкилотлар билан келишиб олди.
БУХОРО. Қоракўл туманида ҳам мамлакатимиз парламенти аъзоларининг халқ билан мулоқотлари самарали бўлмоқда.
Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев тумандаги “Чандиробод” қишлоғидаги маҳаллалар аҳолиси билан учрашди, суҳбат чоғида қишлоқ аҳлини ўйлантираётган бир қанча масалалар тилга олинди. Депутат фуқароларнинг мурожаатларида келтирилган масалаларни ҳал этиш чораларини кўрмоқда. Хусусан, “Чандир” маҳалласида яшовчи фуқаро Юлдуз Абдиева намунавий лойиҳа асосида қурилган уйлардан бирини харид қилиш, Қорёғди Нурматов чорвачилик билан шуғулланиш мақсадида кредит олиш учун банк муассасасига мурожаат этганлиги, аммо кредит ололмаётганидан шикоят қилишди. Депутат бу борада тумандаги банк муассасалари раҳбарлари билан фикрлашгач, масала ижобий ечим топадиган бўлди. Фуқаро Сулаймон Султонов ҳудудда 20 га яқин савдо дўконлари борлиги, бироқ уларга туман марказидаги савдо дўконларига нисбатан ҳам юқорироқ солиқ тўлови белгилангани боис уларнинг аксарияти фаолият юрита олмаётгани, ушбу дўконларда тўлов терминалларининг деярли мавжуд эмаслиги, нарх-навонинг ҳам номутаносиблиги ҳолатларидан шикоят қилди. Мазкур масалалар хусусида депутат туман давлат солиқ инспекцияси билан фикрлашди ва тез кунлар ичида ушбу муаммо ечим топадиган бўлди.
Шунингдек, Хайрулла ота Юсупов, Собир Хўжагелдиев ҳудуддаги “Янги ҳаёт” қишлоқ врачлик пункти тез тиббий ёрдам шохобчасига айланиб қолаётганлиги борасида эътироз билдириб, дорихоналарнинг йўқлиги масаласида мурожаат қилишди. “Чандир 2” қишлоғидан фуқаролар Омонгул Қувватова, Жумабой Қувватов “Чандир-1” қишлоғидаги 13-умумтаълим мактабининг узоқлиги болалар учун қийинчилик туғдираётгани ҳақида баён этишди.
Қ.Жўраев 13-умумтаълим мактабидаги шароитлар билан танишди. Мазкур мактаб биноси 2006 йилда қурилган бўлса-да, ҳозирда таъмирталаб аҳволга келиб қолган. 80 нафар ходим фаолият юритаётган ушбу мактаб директори Самандар Абдиев ўқув хоналарининг камлиги, тушликдан сўнг ўқишни давом эттирадиган ўқувчилар уйларига етиб олишлари учун кечга қолишлари, мактабда йиғинлар залининг мавжуд эмаслиги борасида мурожаат қилди.
Депутат Қ.Жўраев юқорида қайд этилган барча масалаларни дахлдор муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиб чиқиш ҳамда ҳал этилиши юзасидан депутат назорати ўрнатишини маълум қилди.
К.САХАТОВ, О.ХЎЖАЕВ, Н.АБДУЛЛАЕВ, З.ТЎРАҚУЛОВ, “Adolat” мухбирлари.
М.АБДУЛЛАЕВА, З.ЧЎЛПОНОВА,
Бухоро ва Тошкент вилояти партия кенгашлари матбуот котиблари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий ва бошланғич партия ташкилотлари етакчилари ҳам муҳим роль ўйнамоқда....
01 янв 1970
Андижон вилоятида “Ҳудудий ННТлар фаолияти самарадорлигини ошириш орқали давлат дастурларида белгиланган вазифаларни бажаришда ижтимоий шерик...
01 янв 1970
Фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш, уларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш депутатлар заммасидаги муҳим вазифалардан бири санал...
01 янв 1970
Сиёсий партиялар фаолиятини, ғоя ва дастурий мақсадларини тарғиб қилишда оммавий ахборот воситалари билан доимий ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга....