Хайрли ишларда меҳр ва эътибор мужассам

/
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳудудий ва қуйи партия ташкилотларида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан маҳаллаларда фуқаролар билан жонли мулоқотлар ўтказилиб, амалий ишлар қилинмоқда. Партия депутатлари ва фаоллар хонадонларда бўлиб, одамларнинг турмуш тарзи билан танишмоқда, уларни ўйлантираётган масалалар яқиндан ўрганилаяпти.
Чоршанба куни Ғузор туман партия ташкилотида фаолият юритаётган ишчи гуруҳи аъзолари ногирон фуқаролар ҳолидан хабар олишди. Биринчи гуруҳ ногиронлари “Чақар” маҳалласидан Алижон Тошмуродов, “Ғалча” маҳалласидан Зарина Шербоева, “Шерали” маҳалласидан Феруза Раҳимова ногиронлик аравачасига эҳтиёжманд эканлиги ҳақида маълум қилишди. Ушбу мурожаатлар атрофлича ўрганилди ва ишчи гуруҳи аъзолари ҳомийларни ҳам жалб этишди. Натижада “Шўртангазкимё” мажмуаси ҳомийлигида мазкур фуқаролар ногиронлик аравачалари, эҳтиёжларига яраша моддий ёрдам ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.
— “Адолат” социал-демократик партияси фаолларининг бизга ёрдам кўрсатганидан хурсанд бўлдик, — дейди Алижон Тошмуродов. — Фаолларнинг бундай хайрли ишлар қилаётганлиги партияга ҳурмат ва ишончимизни ҳам оширди.
Ўзбекистон ногиронлар жамияти ўузор туман бўлинмаси раиси Хосият Шукурованинг таъкидлашича, туман партия ташкилоти фаоллари ҳозиргача тумандаги 27 нафар ногирон фуқароларга “Геолог”, Қамаши туманидаги “Қизилтепа” физиотерапия ва бошқа сиҳатгоҳларга йўлланмалар ажратилишида амалий ёрдам беришди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда туман партия кенгашига бирлашган 832 нафар сафдошларимиз, халқ депутатлари туман Кенгашида фаолият юритаётган партия депутатлик гуруҳи аъзолари халқ билан мулоқот қилишнинг янгича шакл ва усулларидан кенг фойдаланаяптилар. Улар жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, фуқароларга керакли ёрдам ташкил этишмоқда. Жорий йилда шундай эзгу мақсадларни дилга тугиб, иш олиб бораётган фаолларнинг саъй-ҳаракати, фидойилиги туфайли туманда партиямиз нуфузи ҳам ортиб бормоқда.
Касби туман партия кенгаши фаоллари, депутатлар, туман ҳокимлиги масъул ходимлари, турли соҳалар мутасадди вакиллари тумандаги “Нуробод”, “Хўжаки”, “Мушқоқи” маҳаллалари, “Қамаши” қишлоғида аҳолининг ҳаёт даражаси, турмуш тарзи билан яқиндан танишдилар, фуқароларни қийнаётган бир қатор масала жойида ҳал қилиниб, қишлоқларда ечимини кутаётган муаммолар атрофлича ўрганилди.
“Қамаши” қишлоқ оилавий поликлиникасида аҳоли билан бўлиб ўтган жонли мулоқотларда ички йўлларнинг аҳволи, уй-жой, бандлик масалаларида мурожаатлар келиб тушди.
“Қамаши” қишлоғида яшовчи фуқаро Раъно Махсумова хотин-қизларнинг касаначилик билан шуғулланиши масаласида ёрдам кераклигини таъкидлади. Шу куннинг ўзида партия фаоллари ва депутатлар бу муаммони тегишли мутасаддилар ҳамкорлигида ҳал қилиб, Раъно Махсумовага тикувчилик, касаначилик билан шуғулланишида керакли ёрдам кўрсатилди, Ҳаловат Эшонқулова, Нозима Каримова, Шоҳсанам Примова ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилди.
— Қишлоғимизда ички йўллар таъмирталаб бўлиб қолган, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда муаммолар бор, — деди мулоқотда Ўғилжон Чориева.
“Қамаши” қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Дилафрўз Набиеванинг таъкидлашича, электр энергияси таъминотида тез-тез узилишлар бўлиб туриши замонавий тиббий ускуналардан фойдаланишга жиддий халақит бермоқда. Бу эса касалликларни эрта аниқлаш ва ташхис қўйишда муаммоларни келтириб чиқараяпти.
Шунингдек, мулоқотлар чоғида фуқаролар кредит ажратиш, банк пластик карточкалари орқали тўловларни амалга оширишда учраётган камчиликлар, суюлтирилган газ, дорихоналардаги дори-дармонлар нархи қиммат эканлигидан шикоят қилишди.

Фуқароларнинг мурожаатлари ва билдирилган таклифлар депутатлик гуруҳи аъзолари Замира Қудратова, Рустам Аллабердиев, Садин Ашуров, Қурбон Жабборов ва мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида таҳлил этилди ҳамда зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Комил САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жойларда қонун устуворлиги таъминланиши халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг муносиб фаолият олиб бориши билан ҳам белгиланади....
01 янв 1970
Инсон дунёқарашининг шаклланиши, билимга қизиқиши болаликдан бошланади. 
01 янв 1970
9 МАЙ — ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ
01 янв 1970
Халқаро матбуот маркази Сирдарё вилоят бўлимида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши вакиллари учун брифинг ташкил этилди....