Камчиликлар таҳлил қилинди

/
Ёшларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, ғоявий имммунитетини мустаҳкамлаш ва уларни ватанпарварлик руҳида, буюк аждодларимизга муносиб ворислар этиб тарбиялашда китобнинг ўрни беқиёс. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ёшларнинг китобга бўлган муҳаббатини янада оширишга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 12 январидаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда замонавий кутубхона ишида фойдаланувчиларга ахборот-коммуникация технологиялари орқали сифатли хизмат кўрсатиш ҳам долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Соҳада қонун ҳужжатларининг жойлардаги ижроси ва яратилган шароитлардан фойдаланиш даражаси эса ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Айни шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан яқинда “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш юзасидан назорат-таҳлил тадбирлари ўтказилди. Унинг доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Бухоро, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларидаги ахборот-кутубхона муассасалари мисолида қонун талабларининг амалда рўёбга чиқарилиши ўрганилди.
Таҳлилларга кўра, ҳозирда ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш мақсадида мамлакатимизда 40 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича комплекс ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ушбу муҳим соҳа ривожи билан боғлиқ аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда бир қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди.
Жумладан, ўрганилган вазирликлар тизимида бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишлари пухта ўйланган тизим асосида ташкил этилмаганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, чоп этиладиган китобларни нашриётлардан ҳудудларга арзон нархларда етказиш, онлайн буюртма бериш ва манзилга етказиш тизими ҳамда аҳолига хизмат кўрсатишда электрон китоб шаклларидан кенг фойдаланиш яхши йўлга қўйилмаган. Баъзи туман ва шаҳарлардаги ахборот ресурс марказларининг моддий-техник базаси ҳам талаб даражасида эмаслиги кузатилди.
Қолаверса, ҳали ҳануз қишлоқ туманларидаги аксарият мактабларда интернет тармоғи фаолияти сифатли йўлга қўйилмагани ёки ўқувчилар учун “ZiyoNet” таълим порталидан фойдаланиш имкониятлари етарлича яратилмагани ташвишланарлидир.
Хулоса қилиб айтганда, таълим муассасалари ҳузуридаги ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларнинг ахборот-кутубхона фондини кенгайтириш, марказий ахборот-кутубхона муассасаларининг маълумотлар базасидан кенг фойдаланишини таъминлаш зарур. Зеро, таълим муассасаларида ахборот-кутубхона муҳитининг ривожланиши ёшлар орасида юртимизнинг бой тарихий мероси, унинг маданияти ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Назорат-таҳлил тадбири натижалари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан соҳага доир норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ахборот кутубхона соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишни жадаллаштириш ҳамда “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги қонун ижроси самарадорлигини ошириш бўйича қарорлар қабул қилинди. Қабул қилинган қарорлар мазкур йўналишдаги камчиликларни бартараф этишга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ватан келажаги — ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган...
01 янв 1970
Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик шодиёнаси тобора яқинлашиб келмоқда. 
01 янв 1970
Халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам юртимизда олиб борилаётган ислоҳотл...
01 янв 1970
Мактабгача таълим муассасалари фарзандларимизнинг онгу тафаккури ўсишида муҳим ўрин тутади....