Матбуот котибларининг малакаси оширилди

/
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга мос равишда миллий ахборот майдонида рўй бераётган янгиланишлар оммавий ахборот воситалари вакилларидан ижодий изланиш ва юксак маҳоратни талаб этмоқда. Шу маънода 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам жамиятда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, журналистларнинг касб фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилгани ҳам бежиз эмас.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида ташкил этилган “Адолат” СДП тизимида матбуот хизмати фаолияти самарадорлигини янада ошириш масалалари” мавзусидаги ўқув-семинарда шу ҳақда батафсил сўз юритилди. “Медиа олам: тенденциялар ва истиқболлар” лойиҳаси доирасида ўтказилган ушбу тадбирдан кўзланган мақсад партия тизимида матбуот хизмати фаолияти самарадорлигини кучайтириш, янги иш услубларини ўрганиш, соҳа ходимларининг касбий профессионаллиги ва малакасини ошириш, сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, уларга мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий, демократик жараёнлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар мазмун-моҳиятини чуқур тушунтириш ҳамда оммавий ахборот воситалари билан конструктив мулоқот ўрнатишига кўмаклашишга қаратилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Тараққиёт стратегияси марказининг ижрочи директори А.Бурхановнинг “Ҳаракатлар стратегияси — жамиятда очиқлик ва ошкораликни таъминлашнинг кафолати”, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси катта илмий ходими Н.Шодиевнинг “Матбуот хизмати ходимларининг фуқаровий фаоллигини ошириш масалалари”, Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети доценти Т.Эшбековнинг “Мулоқот майдонида матбуот хизматларининг ўрни” каби мавзулардаги маърузалари тингланди.
Тадбирда таъкидланганидек, сиёсий партиялар нашрлари ва расмий веб-сайтларида ёритилаётган материаллар фуқаролар, партия аъзолари, электорат, қизиқувчилар, маҳаллий ва хорижий ОАВлар учун фаолиятимиз билан танишиш, унга баҳо беришда асосий восита ҳисобланади.
— Матбуот жамиятнинг, мамлакатимизда кечаётган демократик ислоҳотларнинг кўзгуси эканини инобатга олсак, партиямиз ҳам ўз нашри – “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси ва adolat.uz расмий веб-сайтида мамлакатимизнинг муҳим сиёсий, ижтимоий, иқтисодий янгиликлари, дунёда юз бераётган жараёнлар ҳақида тезкор ахборот, таҳлилий мақолалар чоп этилиши, холис фикр-мулоҳазалар берилишидан манфаатдор, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Раҳмонов. — Айниқса, Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий соҳани ислоҳ этишга қаратилган дастурий ғояларимиз амалиётда ўз ифодасини топиб бораётган бир шароитда партиянинг дастурий мақсад-вазифалари, янги лойиҳа ва ташаббусларини ОАВ орқали кенг ёритиш долзарб аҳамиятга эга саналади. Хусусан, ҳудудий партия ташкилотлари фаоллари ва депутатлар ҳар ҳафтанинг чоршанба куни жойларда аҳоли билан ўтказаётган мулоқотлар, партиянинг кўнгилли лекторлари томонидан ҳар сешанба куни маҳаллаларда ташкил этилаётган сиёсий-ҳуқуқий ўқувларнинг аҳамиятини, амалга оширилаётган ишларни аниқ мисоллар асосида ОАВнинг барча турлари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритишда матбуот хизмати ходимларидан янгича ёндашув, ижодкорлик талаб этилади.
Шуҳратжон ҲАСАНОВ,
Сирдарё вилоят партия кенгаши матбуот котиби:

— Мамлакатимизда барча соҳалар қатори оммавий ахборот воситаларига берилаётган катта эътибор, имконият ва имтиёзлар, энг асосийси, эркин ижод қилиш завқи, ўз навбатида, журналистлар олдига бир қатор вазифаларни қўймоқда. Агар гап партия матбуот хизматида фаолият юритадиган ижодкорлар ҳақида кетадиган бўлса, бу масъулият янада ошиши муқаррар. Газета ва веб-сайтимизни маълумот ва ахборот билан таъминлаётган қалам аҳли зиммасидаги масъулият бугун ҳар доимгидан ҳам ошганини яхши ҳис қилиб турибмиз.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида жамиятимизда кечаётган ислоҳотлар кўлами ва шиддати ҳам йил номига монанд кечаётир. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, партиямиз томонидан ўтказилаётган тадбирларни, амалий ишларни партия матбуот органлари, телевидение, радио, газеталар ва интернет орқали тарғиб қилишда биздан янада фаоллик талаб этилмоқда.
Бу ўринда партиямиз тизимида фаолият юритаётган жонкуяр аъзоларимиз, бошқаларга ўрнак бўла оладиган бошланғич ташкилотлар, маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган депутатларимиз, уларнинг сайловчилар ишончини оқлаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари, айрим ҳудудларда эътибордан четда қолиб, ўз ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этишда партиядошларимизнинг ҳиссаси ҳақида бугун тўлақонли ахборот бера оляпмизми, деган савол бизни ҳар кун безовта қилмоғи зарур. Зеро, бизнинг зиммамизга партиямиз ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишда барча имкониятлардан кенг фойдаланиш, хусусан, маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш, доимий изланиш, ташаббускор, фаол, ҳозиржавоб ва объектив нуқтаи назарга эга бўлиш талаб этилмоқда. Айни шу жиҳатдан партия тизимидаги матбуот хизмати ходимлари учун ўтказилган ўқув-семинари бизга ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, устозлар ва мутахассислар тақдим этаётган маҳорат мактабини қабул қилиш имконини берди.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Наманган вилоят партия кенгаши матбуот котиби:

— Вақт ниҳоятда тезкор ва шиддаткор. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимиз ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар кўлами ниҳоятда кенг, дунё саҳнасидаги янгиликлар ва турли воқеалар ҳам кишиларни асло бефарқ қолдирмайди. Бу, ўз навбатида, биз оммавий ахборот воситалари ходимларидан янада фаол, ҳозиржавоб, ташаббускор бўлишни, кечаётган жараёнларни чуқур таҳлил асосида ёритишни тақозо этмоқда. Бунинг учун эса ҳар биримиз ўқиш-ўрганиш асосида ўзимизнинг ижодий салоҳиятимизни, касб маҳоратимизни тинмай ошириб боришимиз зарур.
Мазкур йўналишда кейинги пайтда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ҳам қатор ишлар қилинаётганлиги диққатга сазовордир. Хусусан, партиямизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари матбуот котиблари учун ўтказилган ўқув-семинари фикримиз далилидир. Анжуманда малакали мутахассисларнинг долзарб мавзулардаги маърузалари ҳаммада катта қизиқиш уйғотди. Шундан кейинги ўзаро мулоқотларда эса ижодий жараёнларда фаолликни ошириш, ташаббусларни кенг тарғиб қилиш, ўз устида ишлаш, изланиш, мавзуларга ижодий ва эркин ёндашиш сингари масалалар юзасидан фикр ва тажриба алмашилгани ҳам мақсадга мувофиқ бўлди. Қисқаси, “Адолат” СДП тизимида матбуот хизмати фаолиятини янада яхшилаш, ОАВда партия фаолиятини янада кенг ва самарали ёритиш, айниқса, партиявий лойиҳалар ва Сайловолди дастурининг бажарилиши ҳақида аҳолига батафсил маълумот бериш юзасидан барча имкониятларни ишга солишга келишиб олинди.
Умуман, мазкур тадбир фаолиятимизни яна бир бор чуқур таҳлил қилиш, янги ва замонавий усул, воситалардан фойдаланиш, партия ташкилотлари фаолиятини ёритишда тезкорлик, аниқлик ва холисликка эришишимизда асос бўлиб хизмат қилади.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда мактабгача таълим сифатини ошириш, болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда....
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида дастурий вазифаларимизнинг халқчил аҳамияти янада яққолроқ намоён бўлмоқда....
01 янв 1970
Янги таҳрирда қабул қилинган қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳоли, шу жумладан, ёшлар ўртасида тарғиб қилиш мақсадида жойларда тарғибот ишлари олиб бор...
01 янв 1970
13 сентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг Сайловолди дастури лойиҳаси муҳ...